Аллоҳга ҳамд бўлсин, бу йилги Рамазон ойи юртимизга жуда баракали келди:
– 3 та катта жомеъ масжиди очилди (Тошкентда “Сузук ота” ва “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, Термизда “Термизий”).
– Яқин Шарқдаги уруш нуқталарида 156 нафар ватандошларимиз олиб келинди.
– Диний айблар билан қамалган бир қанча юртдошларимиз озод этилди.
– Юртимиздаги барча масжидларда таровеҳ хатми Қуръон билан адо этилди. Андижондаги баъзи масжидларда 10 нафар қори икки ракаатдан ўқиб беришганини айтишди.
– 30 нафар қоримиз Россияда, 6 нафари АҚШда, яна Индонезия, Украина, Малайзия, Туркияда ҳам ўзбек қориларимиз хатмонага ўтишгани айтилди.
– Таровеҳ намозларида жамоат аввалги йиллардан 2 бараваргача кўп бўлди.
– Тошкент шаҳрида кундузги намозларда ҳам, ҳатто кичик масжидларда ҳам жамоат кўпайиб, сиғмай қолганига гувоҳ бўлдим. Бошқа вилоятларда ҳам масжидлар гавжумлашганини айтишмоқда.
– Рамазон ойида 6000 нафардан ортиқ зиёратчилар Умра сафарига юборилди.
– Масжидларда ифторлик, кафе-ресторанларда сахарликлар бемалол бўлди.
– Биз билган-билмаган яна қанча неъматлар берилди.
Яқинда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр жаноблари бир гуруҳ журналистлар қатори мени ҳам ифторга таклиф қилганди. Ундан “Ўзбекистонда Туркиядан фарқли ўлароқ, Рамазонда қандай ўзгача жиҳатни кўрдингиз?” деб савол бердим. Элчи жаноблари ҳайратини яшира олмади: “Менга энг ёққан жиҳат сизлардаги барча масжидларда таровеҳ хатми Қуръон билан адо этилиши бўлди. Туркияда ундай эмас. Катта шаҳарлардаги саноқли масжидлардагина хатмона бўлади. Таровеҳга йиғилаётганларни кўриб ҳам хурсанд бўлдик. Туркия ижтимоий тармоқларида шу кунларда энг кўп тарқатилган расмлар Тошкент масжидларидаги хатмона суратлари бўлди”.
Рамазондан кейин ҳам бу барака давом этса, деган умидим бор.
Кириб келаётган ҳайит байрами барчамизга муборак бўлсин! Хайрли ишлар бардавом бўлсин!