“Дўзахнинг эшиги очилмоқда”
Дунёни титратган Беслан фожиасига 15 йил тўлган санада, 2 сентябрь куни россиялик блогер Юрий Дудь ўзининг “Беслан. Ёдда сақла” фильмини Ютубда эълон қилди. Блогернинг “Колима”дан кейинги иккинчи катта сиёсий фильмини тармоқда 14 000 000 киши томоша қилди.
3 соатлик фильмда Юрий Дудь Беслан фожиаси жабрдийдалари билан учрашади, уларнинг ҳозирги ҳаёти ҳақида қизиқади. Шунингдек, қутқарув операциясида иштирок этган амалдорлар, ҳодисани ёритган ва тадқиқ этган журналистлар билан суҳбатлашади.
Блогер фильмда Беслан мисолида давлатнинг айби туфайли ҳалокат юз бердими, энди давлат барча жабрдийдаларни охиригача ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши керак деган фикрни илгари суради.
Юрий Дудь мактабдаги отишмалар бошланишига Россия махсус кучларининг қўшни уй томидан гранатамет орқали спортзални нишонга олгани сабаб бўлган деган версияни ҳам беради. Шунингдек, “давлат террористлар билан музокара олиб бормайди” принципи ҳар доим ҳам фойда бермаслигини таъкидлайди.
Табиийки, Дуднинг фильми кремлпараст журналистларга ёқмади. Уни мухолифатчи, дегенерат, хорижий душманлардан пул олган, Бесланни умуман билмайдиган мишиқига чиқаришди. Баъзи амалдорлар уни қамаш кераклигини айтишди. Ашаддий кремпараст журналист Соловьев “У нўноқ бир спорт журналисти эди, энди бошқа нарсаларга бурнини суқяпти. Бу мараз нимани тарғиб қиляпти? Унга ким пул беряпти? Ўша либераллар уни кўтар-кўтар қиляпти. Бу билан улар Дўзахнинг эшигини очишмоқда” дея бақирда радиодаги интервьюсида.
15 йил олдин Бесланда нима бўлган эди?
2004 йил 1 сентябрь куни Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида жойлашган 1-мактаб биносига қуролланган жангарилар бостириб киради ва бу ерга йиғилган мингга яқин ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналарни гаровга олишади.
Гаровга олинган бегуноҳ ва маъсум гўдакларни мактаб спорт залига қамаган террорчилар ўқув юрти ҳудудига қўлбола бомба ва детанаторларни ўрнатиб чиқишади. Қаршилик қилган баъзи асирларни отиб ташлашади.
Террорчилар билан музокаралар деярли натижа бермайди. Фақатгина 2 сентябрь куни Ингушетия президенти Руслан Аушев бир ўзи мактаб ҳудудига кириб террорчилар билан юзма-юз музокара олиб боради. Аушев жангарилар билан келишиб, 24 кишини (чақалоқлар ва уларнинг оналари) қамалдан олиб чиқиб кетишга эришади.
Аушев орқали террорчилар Россия ҳукумати олдига иккита талабни қўяди: Ингушетия маъмурий марказига қарши уюштирилган ҳужумларда асир тушган террорчиларни озод қилиш ва Чеченистондан Федерация қўшинларини олиб чиқиб кетиш.
Қамалнинг учинчи куни овқат ва сувсиз қолган болаларнинг кўпи қийин аҳқолда қолган эди. Соат 13:05 да спортзал тарафда икки марта портлаш юз беради. Шундан сўнг отишмалар бошланади. Федерал хавфсизлик кучлари бинони ҳалқа шаклида ўраб олиб, мактаб ичкарисига кириб боради.
Гаровдагиларни озод қилиш операциясида 34 террорчининг 33 таси ўлдирилади, биттаси қўлга олинади. Бироқ икки ўртадаги тўқнашув пайтида юзлаб мактаб ўқувчилари, ота-оналар, муаллимлар, хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам қурбон бўлади.
Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, жангарилар 1128 бола, ота-оналар ва ўқитувчиларни асирга олган. Теракт оқибатида 333 киши ҳаётдан кўз юмган. Улардан 186 нафари болалар, 111 нафари ота-оналар ва меҳмонлар, 17 нафари ўқитувчилар, 10 нафари ФСБ хизматчилари, 6 нафари қутқарувчи фуқаролар, 2 нафари МЧС хизматчилари ва 1 нафари милиция ходими эди.
Беслан ва мен
2004 йили Беслан фожиаси ҳақида илк хабарни кечқурун BBC радиосидан эшитдим. Ўшанда университетда 3-курсда ўқир ва “Маърифат” газетасида ишлардим. Тушдан сўнг ишхонага бориб, интернетда бу фожианинг янги тафсилотларидан хабардор бўлдим. Россия телеканалларидаги лавҳаларни кўрдим. Таълимга ихтисослашган газета бўлгани учун “Маърифат”дагилар ҳам бу фожиа тафсилотларини кузатиб борар, лекин уни нашримизда ёритиш бироз қалтис эди. У пайтларда террор ҳақида ёзиш учун юқорининг бир қанча чиғириқларидан ўтишга тўғри келарди.
Шундай бўлса-да, муҳарриримиз Ҳалим Саидов теракт ҳақида хабар берамиз, деди. 5 сентябрь куни Беслан фожиаси ҳақида хабар, 7 сентябрь куни Шерзод Аҳматов муаллифлигида шарҳ-мақола эълон қилинди. 9 сентябрь куни журналист дўстим Собиржон Ёқубов “Ҳуррият” мустақил газетасида каттагина шарҳ берди. Мен одатда муҳим мақолаларни газеталардан олиб, ўша куниёқ ziyouz.com сайтига жойлардим.
Мен Беслан воқеаларини ҳаяжон билан кузатардим. Чунки 2002 йилдаги худди шунга ўхшаш “Норд-Ост” воқеасини кузатган ва ўрганган эдим. Москванинг Дубровкасида 2002 йил 23-26 октябрь кунлари 41 жангари “Норд-Ост” мюзиклига келган томошабинлар ва актёрлардан иборат 916 кишини асирга олишади. Улар Чеченистондан Россия қўшинлари чиқиб кетишини талаб қилишади. Қутқарув операциясида театр ичига газ юборилади. Террорчилар билан тўқнашув ва газ таъсирида расман 130 киши, жумладан 10 бола (“Норд-Ост” жамоат ташкилотига кўра, 174 киши) ҳалок бўлади.
Ичимда ишқилиб, бу сафар хато қилинмасин-да, болалар ўлмасин-да деб Худодан сўрар эдим. Россия телеканалларида дастлаб гаровдагилар сонини 354 киши деб айтишганди. Ортиқча ваҳима кўтармаслик учун шундай қилинганми, билмадим, кейинчалик асирлар 1128 киши бўлгани расман очиқланди.
Қуршовнинг 1-2-кунлари ҳам ҳалок бўлганлар ҳақида хабарлар берилар, кузатувчиларнинг хавотири ортиб борар эди. 3-куни террорчилардан бири спортзалдаги детанаторни портлатиб юборгани, ёнғин бўлгани, сўнг ҳужум бошлангани ҳақида хабарлар берилди. Ундан уёғи маълум: ўлган болалар, йиғлаган ота-оналар, карахт бўлган ўқувчилар, қутқарилганлар…
Йўқ, бу сафар ҳам мен ўйлагандек бўлмадим. Қурбонлар жуда кўп. Норасида, гуноҳсиз болалар қурбон бўлди.
Мен фожианинг асл сабаблари, нима учун Россия ҳукумати терактнинг олдини олмагани, террорчилар билан охиригача музокара олиб бормагани, Басаев ва Масхадов билан бевосита мулоқот қила оладиган Анна Политковская ва Андрей Бабицкийларнинг Бесланга бориш олдидан сунъий равишда йўлдан олиб қолингани ҳақида батафсил сўзламоқчи эмасман. Узун мавзу, оғир мавзу.
Менимча, бу фожиа Россияда тарихидаги энг катта хатолардан бири. Ҳар қандай чора, ҳар қандай ресурсни ишга солиб, болаларни асраб қолиш мумкин эди. Имкон бор эди. Аммо…
Илойим, бу фожиа ҳеч қачон такрорланмасин! Ҳеч кимнинг боласи бевақт ўлмасин!