«Қўйлар тўдаси» ким?

Бир ой олдин машҳур рус телебошловчиси Андрей Малахов «Россия» телеканалидаги «Прямой эфир» кўрсатуви юзасидан биродар қирғиз халқидан рус ва қирғиз тилларида кечирим сўраганди.

Журналист «Прямой эфир» кўрсатувида миллиардер Александр Маруговнинг ўғли ҳалок бўлган аварияни Қирғизистон Республикаси фуқароси Исломбек Акбаров атай уюштирган бўлиши мумкин деганди.

Бу эфир Қирғизистон жамоатчилигининг кечкин норозилигига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда Малахов жазолансин, энг камида кечирим сўрасин, деган чақириқлар янгради. Рус элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Охир оқибат машҳур тележурналист бошини эгиб, «Кечирип коюнуздар!» деб қирғиз халқидан узр сўради.

Уч кун олдин “Озодлик” радиоси Қашқадарё вилоятида жойлашган “Жарқудуқ“ мажмуасида “Лукойл” амалдорининг ўз ходимларини ҳақорат қилгани, ишчиларни “қўйлар подаси” деб атагани видеосини тарқатди.

Видео ижтимоий тармоқдаги миллий сегментда шов-шувларга сабаб бўлди. “Лукойл” Ўзбекистон халқи олдида расман кечирим сўраши шарт” деган чақириқлар янгради.

Бир кун ўтиб, жамоатчиликнинг фаоллигидан илҳомланган партиялар ҳам жонланиб қолди. Авваллари бор-йўғи ҳам билинмаган, сайловга яқин уйғониб қолган ва очко ишлаш учун анча ҳарис бўлиб қолган партиялардан ҳам овоз чиқди.

“Абдуллоҳ қаерда?” деб, 14 кундан бери унинг қаерда эканлиги ҳақида хабар бермаган шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган “Адолат” партияси (лекин Абдуллоҳ Тоҳиров иши бўйича тегишли органлар томонидан ҳамон ҳуқуқий баҳо берилмади) биринчи бўлиб, “Лукойл” амалдорининг ҳаракатлари қонунчилик меъёрларига зид эканини таъкидлаб, жамият раҳбарияти ҳамда тегишли давлат органларидан бу масалага ойдинлик киритиб, қонун устуворлигини таъминлашни сўраб қолади, деб баёнот берди.

Сўнг “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати муносабат билдирди. Улар бу ҳолатда қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чораларини кўриш энг тўғри йўл эканини таъкидлаб, Ўзбекистонда тарихан миллатлараро тотувлик, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатлари жуда яхши ривожланганини, бағрикенглик ўзбек халқининг юксак фазилати ҳисобланишини ҳам эслатишди.

Сўнг OʻzLiDeP ва ХДП ҳам “Лукойл” амалдорининг ҳаракатлари юзасидан тушунтириш талаб қилишди.

Кеча ЎзА мухбири билан гаплашган “LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY” МЧЖ вакили “Видеолавҳада ҳаммаси аниқ, равшан бўлса-да, ходимимиз уни қай ҳолатда айтганини аниқлашимиз керак бўлади. Балки, бу атайин уюштирилган бўлиши мумкин” деди.

Ниҳоят “Лукойл” “Жарқудуқ“ мажмуасида рўй берган воқеа юзасидан интернетда тарқалган видеолавҳа юзасидан баёнот берди. Унда бош энергетик И.А.Шилов маҳаллий жамоа вакилларига нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатгани тан олинди. “ЛУКОЙЛ” МЧЖ (Москва) томонидан касбий этика бўйича мажлисга чақирилгани, текширувлар натижасига кўра, воқеа ҳодиса айбдорларига тегишли чоралар кўрилиши айтилди.

Баёнотда “Инсонлар ЛУКОЙЛнинг бебаҳо қадриятидир“ дейилган бўлса-да, улар “айбдор” ходимидан ҳам, ўзбек халқидан ҳам бир оғиз кечирим сўрамади.

Юқорида бежиз Малахов билан боғлиқ воқеани эсламагандим. Ваҳоланки, у қирғиз халқини ёки “гумонланувчи”ни “стадо баранов” деб атамаганди. Агар шундай деганда борми?..

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *