Коронаваҳима

Бугун шомдан кейин велосипедимни миниб Юнусобод тарафларга бордим. Йўл бўйи озиқ-овқат дўконлари, Юнусобод деҳқон бозоридаги тирбандликни кўриб, худо сақласин, уруш бошланиб қолдими, деб ўйлайсиз. Бозор атрофи машинага тўлиб кетган. Одамлар қоплаб маҳсулотлар олишяпти.

Мен кўрган йўловчиларнинг 15 фоизи ниқоб таққан. Йўл-йўлакай 20 тадан ортиқ дорихонага кириб чиқдим. Биронтасида ҳам ниқоб йўқ. Охири қўлдан олдим: 3500 сўм. Орада ишимни битириб чиқиб яна сўрасам 4000 га чиқибди. Одамлар 10-20 талаб оляпти.

Аксар дорихоналарда исириқ ҳам тугаган. Қўл учун антисептика воситаси ҳам дефицит. Бошқа пайт ҳеч ким олмайдиган бир боғ исириқни бозор атрофида 5000 сотишяпти.

Ишимни битиргач, атай Юнусобод бозорига кирдим. Кеч бўлса-да озиқ-овқат бозори ишламоқда. Нархлари билан қизиқдим. Ун, гуруч, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошмаган.

Бозорда саримсоқ қолмабди. Килосини 50000 дан сотишибди. Лимон ҳам кам қолибди. Катталарини доналаб 3500-4500 дан сотишяпти. Мен бозор ичидан кичикроқларини 10000 дан олдим (килосини).

Барча давлатларда бўлганидек, бизда ҳам ваҳима ва ажиотаж бўлиши табиий эди. Бу ҳолат узоғи бир ҳафтада ўз йўлига тушиб кетади, деб ўйлайман.

Ваҳима қилмаслик учун эса бир қанча сабаблар бор:

1. Ўзбекистонда ҳали фавқулодда ҳолат жорий қилинмади. Кўчага чиқишга тақиқ қўйилгани йўқ. Ниқобни тақиб бемалол кўчага чиқиш мумкин.

2. Бошқа давлатлар тажрибасидан маълумки, эпидемия энг чўққисига чиққан маҳалларда ҳам озиқ-овқат ва тозалик моллари дўконлари, дорихоналар ёпилмайди. Бундай пайтда давлат дефицитнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриши шарт.

3. Коронавирус 100 фоиз давосиз касаллик эмас. у 80 фоиз ҳолларда енгил кечади. Вирусни юқтириб олганингизни билмаслигингиз, у танангизда ўлиб, йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Уни юқтирганлар орасида ўлим асосан 70 ёшдан ошганлар орасидадир. 50 ёшгача бўлганлар орасидаги ўлим фоизи ярим фоиз ҳам эмас.

Асосийси, ўзингизга ва оилангизга эҳтиёт бўлинг. Шифокорлар тавсия этган амалларни бажаринг. Шундагина бу синовдан эсон-омон ўтиб оламиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *