Мендан 10-16 ёшгача бўлган ёшларга тавсияларингизни берсангиз деб сўрашганди. Тўғриси, ёш чегараси ўйлантириб қўйди. Чунки айнан 10-16 ёш инсоннинг шаклланиш босқичи ҳисобланади. Танлаш жуда қийин кечди.
Мен маслаҳат берадиган китоб
1. Даниэл Дефо. Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ажойиб саргузаштлари
Инсон матонати ҳақида ажойиб қисса. Асарнинг одамхўрлар ҳақидаги бобларини ташлаб кетиб, болаларга ҳам бемалол ўқиб бериш мумкин.
Бу – Европа адабиётидан ўзбекчага таржима қилинган илк романлардан бири. XX аср бошида Фозилбек Отабек ўғли асарнинг қисқартирилган нусхасини она тилимизга ўгириб, нашр эттирган.
2. Иван Тургенев. Муму
Насл-насаби туркий қавмдан бўлган Иван Тургенев нафақат Россия, жаҳон миқёсида ҳам эътибору эътироф қозонган.
“Муму”ни ёшлигимдан севиб мутолаа қиламан. Ҳар гал қайта ўқиганимда ўзгача завқ туяман. Соқов хизматкор Герасимнинг самимияти, Муму лақабли кучукка меҳри, бойвучча ва оқсочлар муносабати, беканинг буйруғи билан итини сувга чўктирган қаҳрамоннинг виждон азоби жуда таъсирчан тасвирланган.
3. Чингиз Айтматов. Асрга татигулик кун
Романда гўё 100 йилга чўзилган бир кун ҳодисалари қаламга олинган. Ёзувчининг маҳорати шундаки, асрга татигулик воқеаларни бир кунга сиғдира олган, сингдира билган.
Асарни яна қайта ўқишимга сабаб бўлган воқеа – манқурт Жўломон ҳикоясидир. Сариўзакни босиб олган жунжанглар машъум усулни қўллайди: асир тушган навжувон йигитларнинг сочи қириб ташланиб, тақир бошларига янги сўйилган туянинг энг қалин бўйин териси тортилади ва улар жазирама қуёш тиғида қолдириш йўли билан даҳшатли қийноққа солинади. Шу тариқа асирлар ўзлигидан, инсонийлигидан мосуво этилади. Ўз хотираси, тили, маданияти, тарихини унутган манқурт хўжайини нима деса ўшанигина бажарадиган ҳайвондан баттар махлуққа айланади. Айни шундай қийноққа мустаҳиқ этилиб, манқуртга айлантирилган Жўломон ҳам соҳибининг буйруғига кўра ўз онасини камондан ўқ отиб ўлдиради.
Мен маслаҳат берадиган фильм
Nature’s Great Events (Табиатнинг буюк ҳодисалари)
BBC томонидан ишланган, 6 қисмдан иборат ушбу фильм табиатнинг энг гўзал ҳодисалари тўғрисида. Уни кўраркан, табиатдаги ҳар бир ҳодиса бекорга юз бермаслигини, жонзотларнинг ҳаёт системаси нақадар санъаткорлик билан тизиб қўйилганига гувоҳ бўласиз.
Мен маслаҳат берадиган машғулот
Ёшларга кундалик тутишни малаҳат бераман. Унга сана ва вақтни битинг-да нимадир ёзиб қўйинг. У кун бўйи нима қилганингиз, ўзингизга ёққан ибора, иқтибос, хабар бўлиши мумкин. Муҳими, бу ишни тарк этманг.
Бундан топадиган фойдаларингиз:
1. Интернетга ҳар доим ҳам кира олмаслигингиз мумкин. Кундалик доим ёнингизда бўлади. Уни йўлда ҳам ўқишингиз мумкин.
2. Қўл орқали ёзиш билан кўп нарса эсда қолади. Ўша воқеани эслаганингизда уни қай ҳолатда ёзганингизни ҳам эслайсиз.
3. Инсон унутувчи. Ҳаётда кўп нарсалар инсонлик юзасидан унутилади. Шундай пайтда кундаликни варақласангиз, шу заҳоти хотирлайсиз. “Э-ҳа, эсимдан чиқибди-я” дея таажжубланасиз.
4. Эски кундаликларни ўқиш инсон руҳиятига катта фойда беради. Тушкунликка тушганингизда дафтарни очиб, ўз ёзганларингизни ўқисангиз, кайфиятингиз кўтарилади.
5. Ёзиш орқали сизнинг сўз бойлигингиз ортади, ёзма нутқингиз шаклланади.
6. Яна бир жуда яхши таклиф: Мен мактабни битиргандаям, бакалавр, магистратурани тугаллагандаям дўстларимдан ўқиш ҳақида, ўртоқлигимиз, мен ҳақимда хотираларингизни ёзиб беринг, дея кундалигимни берганман. Улар эса шундай гўзал нарсаларни ёзишганки, ҳар гал уларни ўқирканман, энг беғубор дамларим эсга тушади. Сиз ҳам шундай қилинг. Иложи бўлса, дўстларингиздан битта эсдалик суратни олиб, ўша саҳифага ёпиштириб қўйинг.
7. Кунига бир қатор бўлса-да, бирон нарса қоралаб қўйинг.
8. Кўрган тушингизни ҳам уйқудан туриб, юзингизни ювишингиз билан ёзиб қўйинг, акс ҳолда эсдан чиқиб қолади. Туш билан боғлиқ бўлган ажиб ҳақиқатларни шунда англайсиз.
9. Кундалигингизни фақатгина яқин дўстингизга ишонинг. Баъзилар ўқиб ҳатто кулишлари ҳам мумкин. (Тушунмагандан кейин кулади-да!)
10. Кундалигингизда ғаройиб фактлар, рецептлар, умуман керакли информацияга ҳам жой ажратишингиз мумкин. Лекин улар ўзингизнинг кундалик мулоҳазаларингиз ҳажмидан ошиб кетмасин.
Кундалик тутинг. Кўп фойдаларга эришасиз. Интернетдаги кундалик ҳеч қачон ўз қўлингиз билан тўлдирган умр дафтарининг ўрнини босолмайди.