“Сардоба тошқини халқни бирлаштирди, қаерлик бўлишидан, кимлигидан қатъи назар миллат бир-бирига ёрдамга шошилди. Олдин ҳеч бундай бўлмаган эди. Аввалги президент бўлганда ҳалокат ҳудудига ҳатто бориб ўтирмасди” деган изоҳлар ўқиб қоляпман.
Лекин ундай эмас. Аввал ҳам шунга ўхшаш воқеалар кўп бўлган. Ўшанда ҳам халқимиз мусибат пайти ҳеч қачон бир-бирини ёлғиз ташлаб қўймаслигини намойиш этган. Бугун ўша воқеалардан бири хаёлимда худди кино тасмасидек ўтди.
1998 йил, 8 июль. Фарғона водийсининг сўлим дам олиш маскани, Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги анклави Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғида куннинг тезкор исиши натижасида тоғдаги музли тўғоннинг ёрилиши оқибатида сел-тошқин юз берди. Фожиа оқибатида расмий маълумотга кўра, 100 дан ортиқ дам олувчилар ва маҳаллий аҳоли вакили қурбон бўлган, сел 100 дан ортиқ турар-жойлар ювиб кетган.
Менинг она тарафдан бобом шоҳимардонлик. У ерда кўп қариндошларимиз бор. 8 июль тонгини яхши эслайман. Сахар сўрида чой ичиб ўтирсак, тоғам кириб келдилар. Юзлари оқариб кетган. Аччиққина кўк чой бериб, ҳол-аҳвол сўрадик.
— Ҳозиргина Шоҳимардондаги қариндошлар қўнғироқ қилишди. Кечаси тоғдан сел келибди. Пастдагилар уйини ювиб кетибди. Кўп одам ўлибди. Сел тингач, одамлар нима қилишни билмасдан пиёда Фарғона томон йўлга тушганмиш. Жойларни тайёрлаб қўйинглар. Қариндошларни кутиб оламиз.
У пайтларда интернет йўқ, миллий телеканалларда анча-мунча нарсани кўрсатмасди. Имкони бор айрим одамлар радио ва хорижий телеканаллар орқали алтернатив информацияни оларди.
Фожиа ҳақида биринчи бўлиб Россия оммавий ахборот воситалари маълум қилишди. Улардан ярим кун ўтганидан кейин эса Ўзбекистон телевидениеси хабар берди. Шунинг учун ҳам халқ орасида миш-мишлар ва дезинформация тарқади. Ҳатто, баъзи хориж оммавий ахборот воситалари қурбонлар сони 5000 га етгани ҳақида ҳам айтди.
Ҳукумат томонидан махсус комиссия тузилиб, фавқулодда ҳолат ҳудуди ўрганилгандан, Президент Ислом Каримов вертолётда Шоҳимардонга учиб келиб, вазият билан танишгандан кейингина маҳаллий оммавий ахборот воситаларида таҳлилий материаллар кўрина бошлади. Унгача бўлган ахборий бўшлиқ Россия, Қирғизистон ва бошқа хориж оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар билан тўлдирилди.
Ўша пайтлар Шоҳимардон Фарғона вилояти аҳолисининг, айниқса, марғилонликларнинг ёзнинг иссиғидан “қочиб”, дам оладиган жойи эди. Шу боис шаҳарда миш-миш ва ваҳима кучли бўлди. Қурбонлар орасида ҳам марғилонликлар кўп эди. Ўша куни шаҳардаги Хонақоҳ масжидида бир хонадондан ҳалок бўлган 6 нафар оила аъзоларининг жанозасини ўқидик. Кейинги кунлар ҳам жанозалар кўп бўлди.
Масжидда домлалар саросимага тушмасликка, имкон бўлса, Шоҳимардондан келганларга жой бериб, уларга ёрдам беришга чақиришди. Ваҳимадан карахт бўлган халқ уйғониб, хайрия ишларига киришиб кетди. Қирғизлар ҳам қараб туришмади. Катта ёрдам қилишди.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, юқоридан келган селнинг баландлиги 10 метрга етган. Бунинг изларини фожиадан сўнг борганимизда кўрдик. У йўлидаги нимаики бор — хаммасини оқизиб кетган. Қизиқ жиҳати эса, Шоҳимардон маркази — селнинг эпицентрида жойлашган масжидга келганда оқим иккига бўлиниб, масжидни айланиб ўтиб кетган. Йўлдаги 10 тонналик харсантошларни ҳам оқизиб кетган тошқиндан масжидга зарар етмаган.
Фожиа қишлоқ аҳолисига қимматга тушди. Бир неча дам олиш масканлари, пансионатлар, болалар лагерлари ва дала ҳовлилар барбод бўлди. Бунинг устига ҳукумат фожианинг такрорланишидан чўчиб, анча пайтгача ҳудудга киришни тақиқлаб қўйди. 1999 йилда Боткендаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли вазият яна оғирлашди. 2007 йилдан кейингина икки давлат орасидаги вазият юмшаб, бегоналарнинг анклавга боришига рухсат берилди.
Бундай табиий офатларни бошдан кечириш осон эмас. Шоҳимардон жабрдийдаларининг ҳикоялари тугамасди… Кўпчилик ҳукумат берган 100 дан ошиқ қурбонлар сонига ишонмас, бедарак йўқолганлар, сувда шишиб кетганидан кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган марҳумлар ҳақида баҳс қиларди. Тошқиннинг техник, табиий ва маънавий сабаблари ҳам одамлар тилида анча пайт муҳокама бўлди.
…Аллоҳга шукрки, Сардобада қурбон берилмади. Одамлар вақтида эвакуация қилинди. Аллоҳ халқимизни балолардан асрасин!
PS. Суратни Ёрдон қишлоғида 2009 йили туширгандим. Айтишларича, шу харсантошларни ҳам сел оқизиб келган.