2015 йили АҚШнинг Орегон штатида 5000 киши яшайдиган кичкина шаҳарда бўлдик. Маҳаллий радиостанцияга таклиф қилишди. Шу шаҳар ва унинг атрофидаги шаҳарчалар аҳолисига хизмат қилувчи чоғроққина радиостанция бўлса, нима қиламиз у ерда, деган фикр ўтди.
Радиога боргандан сўнг тасаввурларим бутунлай ўзгарди. Икки қаватли замонавий бино, боғчаси ҳам бор. Ичкаридаги ускуналар барчаси янги, дид билан дизайн қилинган. Фонотекаси ҳам жуда катта: гарчи барча ёзувлар рақамлаштирилган бўлса-да, эски пластинкалардан тортиб, оригинал кассета ва дискларгача сақланади (тингловчи талабига кўра, рақамлаштирилган вариант эмас, айнан оригинал патефон, магнитофон ва диск плеердан қўйиб бериларкан). Бу ерда 20 тача ижодкор доимий ишлайди.
Радио муҳаррири билан суҳбатда у қизиқ воқеани сўзлаб берди: “Биласиз, интернет, янги ахборот технологиялари чиқиб, оммавий ахборот воситалари, айниқса, улардаги реклама бозори синди. Бу буҳрон бизга ҳам таъсир қилди. Беш йил олдин деярли банкрот даражасига етдик. Станция фаолиятини давом эттириш учун ҳеч қандай ресурс қолмаганди. Бир кун ходимлар билан маслаҳат қилиб, радиони ёпишга ва бу ҳақда тингловчиларимизга маълум қилишга қарор қилдик.
Эртанги эфирда тингловчиларга мурожаат қилдик: “Ҳурматли ватандош тингловчилар. Сизнинг радионгиз 80 йилдан бери хонадонингиз аъзосига айланди. Яхши-ёмон кунларда сиз билан бирга бўлди. Бугун иқтисодий сабаблар туфайли сизни тарк этишга мажбур бўлмоқдамиз. 1 ойдан сўнг эфирларимиз тўлқиндан узилади. Сиз билан бирга бўлганимиздан фахр туямиз!”
Ушбу мурожаат шаҳримиз ва бизни атрофда эшитадиган 10000 аҳолига қаттиқ таъсир кўрсатди. Шаҳар аҳли кампания уюштириб, радиони сақлаб қолиш учун пул йиға бошлади ва радио номига фонд очилди. Шу даражада кўп пул йиғилдики, биз радио биносини янгидан қурдик, ускуналарни замонавийлаштирдик. Фонддаги маблағ яна беш йил фаолиятимизга етади. Унга пул тушуми ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Бизни ўз оила аъзоси деб билан ҳамшаҳарлардан миннатдормиз!”
Мен ўшанда Тинч уммони яқинидаги ушбу кичкина шаҳар аҳолисининг ҳамжиҳатлиги, дахлдорлик ҳиссига тан бергандим.
Бугун ўзбекнинг энг танти ношири Санжар Назарнинг “Жажжи академик” журнали ёпилаётгани ҳақидаги хабарини ўқиб, шулар хаёлимдан ўтди. Мен “келинглар, биз ҳам фонд очайлик, “Жажжи академик”ни сақлаб қолайлик” деб айтолмайман, афсус. Журнал жон сақлашига етгулик маблағ йиғилишига, лоақал давлат ёки катта меценатлар бирон бир ёрдам беришига, афсуски, ишониш қийин. Зеро, бу ҳақда Санжар ака аввал ҳам огоҳлантирган эди. Ака 7 йил давомида катта иш қилди. Маърифат учун ўз маблағини тикди-тикди, умид қилди. Натижа сен кутгандай бўлмаса, оқибат шундай бўлиши табиий.
“Жажжи академик” ўзбек болалар дунёсида замонавий янги саҳифа очди. Миллат болаларининг чин камолоти учун хизмат қилди.
Миллат яна бир ниҳолидан айрилди…
Ўрнини хайрлиси билан тўлдирсин!