«Терминал» деган фильмни кўпчилик маза қилиб томоша қилган-а? Кракожия деган давлат тугатилиб, унинг фуқароси Нью-Йорк аэропорти терминалида қолиб кетади ва ажойиб саргузаштларни бошидан ўтказади.
Кеча менда ҳам шундай бўлди. Келинг, бир бошдан ҳикоя қилиб берай.
Türk Hava Yolları орқали Тошкентдан учиб, Истанбул янги аэропортига қўндик. Карантин бўлишига қарамай, учоқда ҳамма ўринлар тўла келди. Туркияга келувчи кўплигидандир, балки.
Паспорт назоратидаги ҳижобли чегара хизматчиси янги қизил паспортимни узоқроқ текширди. Икки марта қаёққадир телефон қилди. Кейин «кутиб туринг», деди.
Бир полис келди, паспортимни олиб, «мен билан юринг», деди. Ундан муаммо нимадалигини сўрадим. У: «сизга Туркияга кириш учун тақиқ қўйилган», деди. Нега деган саволимга буни билмаслигини, полиция идорасида тушунтиришларини айтди.
Полиция идорасидаги ходим компютердан нималарнидир текшириб, қоғозларни чоп этди. Кейин мени Ички ишлар вазирлиги Миграция бўлимига (İçişleri Bakanlığı Göç İdaresi) олиб борди.
У ердагилар ҳам кириш тақиқи учун бирон сабабни билмасликларини, тақиқ ҳукумат тарафидан қўйилганини, бу ҳолатда бирон нарса қилиш имконсизлигини, мени кечки рейс билан Тошкент учоғига миндиришлари лозимлигини айтишди.
Тортишувлар иш бермади. Уларга журналист эканимни, аввал 5 марта келган бўлсам ҳеч қачон муаммо бўлмаганини айтдим. Улар мени тинглаб, тизимда тақиқ борлигини, бу ҳолатда қандай тартиб жорий қилинган бўлса, шуни бажариш мажбуриятида эканликларини айтишди. Балки бирон ҳарфда хато кетганмикин, десам, яна текширишди. Исм, фамилия, туғилган сана ва бошқа маълумотлар ҳаммаси мос тушяпти.
Қўлимга Туркияга киришим тақиқлангани учун кейинги рейсгача вақтинча сақлаш хонасида қолишим, тақиқ тугагунча эса консулликдан фақатгина махсус виза орқалигина Туркияга кира олишим, бу ҳақда судга даъво очишим мумкинлиги ҳақида қоғоз беришди. Сўнг ичкарига кузатиб қўйишди.
Ичкари кирганда димоққа урилган илк ҳид бурқсиган сигарет иси бўлди. Кўринишидан ироқлик ва эронлик бўлган «брат»лар ошхона қаршисидаги туалетда роса тортишмоқда.
Салом бериб, аста ўтирдим. Ҳеч ким кимсан, нима бўлди деб сўрамади ҳам. Телефонимни титиб ўтиравердим.
Дарвоқе, бу ерга киришдан аввал фотоаппаратимни сақлаш камерасига олиб қўйдилар. Лаптоп ва телефоним ўзимда қолди.
Миграция идорасида мен билан бирга ироқлик 18 яшарлик бир йигитни ҳам олиб келишганди. Бечора на инглизча, на туркча, на арабча тушунаркан. Ироқ курдларининг қурманжи лаҳжасида гапираркан. Мендан роса ёрдам сўрайди. Гапни тушунмайди, менам унинг тилига тушунмайман. Ҳар қалай бир қанча ўртоқ форсий калималар бор экан. Амаллаб, тушунтиришга ҳаракат қилдим. Йигит ичкарида ўз тил қардошларини кўриб, севиниб кетди.
20 дақиқача ўтирганимдан сўнг ётоқ камераларига бир-бир мўралаб, бўш жой қидирдим. Ҳаммага буйруқ бераётган бақувват эронлик «анув хонага кир», деди. Хона 12 кишилик. Сассиқ пайпоқ ҳиди анқиб турибди. 3 та қоратанли, бир хитойлик, бир испан, қолганлари, эрони ва ироқликлар. Ноилож жойлашиб, телефонимни қувватлаб тургандим, қўриқчи чақириб қолди.
Нонушта олиб келибди: каттагина бутерброд ва икки стакан шарбат. Таомланиб, атрофдан мулоқот учун кўзга яқин одамлардан қидирдим. Биттаси бошқасига ўрисча гапириб қолди. Айни муддао бўлди. Таниша бошладим. Бири чечен, яна бири кабардин экан.
Бирдан ичкаридан тожик муҳожир чиқиб, тўғримда ўтирган қозоққа ярим ўзбекчалаб нимадир деди. У жуда қизиқувчан экан. Умрида биринчи марта сочи узун жингалак қоратанлини кўриб, у билан суҳбатлашмоқчи бўлди. Жингалак Франция фуқаросибўлиб, ақал-тақал инглизча биларкан. Хатлонлик ўзбекча биладиган тожикка француз билан инглизча мулоқот қилишига таржимонлик қилдим.
Измирда дўконлари бор, лекин нима учун кириш тақиқи қўйишганини ҳалигача тушунолмаётган, мен билан яқин бўлиб қолган тожик секин имлади-да, «ану эронидан эҳтиёт бўлинг. Ғирт мошенник экан. Кеча кечқурун ўзбек боллардан пул олиб, интернет сотди», деди.
Хонабошиликка даъвогарлик қилаётган бақувват эрони туркчада яхши гапирар экан. Ошхонада кўпчилик тикка туриб еса-да (курсилар ҳаммага етмайди), менга ўтиргани жой таклиф этди. Қозоқ ака гап орасида «бу эронлик озарбайжон» деганди, менам унга қараб, «Qarabag Azerbaycandir!» дедим. Очилиб кетди. «Афсус, ярми қопкетди-да», дедим. «Э нимасини айтасан», дейди.
Италия фуқароси бўлган ироқлик курд полиглот эканей. Инглизча, французча, испанча, немисча, италянча, арабча, форсча, русча гапириб ташлади. Анов хитойлик билан хитойча гаплашди-эй. У билан ҳам чиқишиб қолдик. Транзит зонада Италия паспортини сохта деб ўтказишмабди. Ироққа онасини кўргани кетаётган экан. Полиглотлигига ҳавас қилиб, «Италияда қаерда ишлайсан», десам, «Полицияда таржимон бўлиб ишлайман, ҳеч ерда бунақа муаммо бўлмаганди. Энди Туркияни елкамнинг чуқури кўрсин», дейди.
Türk Telekom‘дан олган бепул интернетим бир соатлик экан, тугаб қолди. Дарвоқе, Истанбул аэропортида сиз телефон рақамингизга код олиб, бир соат бепул интернетдан фойдаланишингиз мумкин.
Чечендан «интернетингдан Wi-Fi тарқата оласанми», десам, барака топсин, бемалол деб улаб берди. Анча-мунча фойдаланиб, «ишқилиб чексизмиди», десам, «хижолат чекмай фойдаланавер», деди.
Чечен ўтган сафар келганда аэропортда қўпол муомала қилган бир полиснинг таъзирини берган ва «обезянка»га тушган. Бироз ушлаб турилиб, депорт қилмасдан рейсга чиқарворилган экан. «Ўшанда тақиқ қўйишган экан», дейди.
Чечен, кабардин ва қозоқ «юр, сени тозароқ ва сигарет ва бошқа ҳидлардан йироқ хонада опкирамиз», деб ўз хоналарига таклиф қилдилар. Хонада 2 та сийрак соқолли ўзбек савдогар йигитчаларни кўрдим. 1 кундан бери шу ерда эканлар. Уларни паспорт назоратга бормасданоқ хавфсизлик ходимлари сўроқ қилиб, киришга тақиқ қўйишибди. «Нега келдинг? Бу ерда кимларни танийсан», деб сўрашибди. «Савдогармиз, айлангани келдик, мана пулимиз» дейишса ҳам улага кириш тақиқи қўйиб, қайтиб кетиш ҳужжатларини тайёрлашибди.
Йигитлар бир савдо шартномасини тузгани келишган экан. «Бу ёқдаги фирма билан гаплашдик. Хат қиберадиган бўлди. Шу орқали махсус виза олиб, шу билан яна қайтиб келоврамиз», дейишди. «Энди соқолни олиб келаверасизлар, шунда киритса керак», деб ҳазиллашдим.
Улар менга Türk Telekom интернетидан қандай қилиб яна бепул фойдаланиш мумкинлигини ўргатишди. Рақам ёзиладиган жойга Ўзбекистондаги бирон танишигиз рақамини ёзасиз ва аввал интернет ишлаб турган пайтда уларни огоҳлантириб, кодни сизга SMS орқали юборишларини тайинлайсиз. Қарабсизки, яна бир соат интернетдан фойдаланаверасиз, буниси тугагандан сўнг, шу усулни бошқа рақамда қўллайсиз.
Тушликка Burger King ва Coca-Cola беришди. Умуман олганда яхши боқишаркан. Ичимлик суви доимий турибди. Тожик укахоннинг айтишича, «сиз келишингиз билан овқатлар яхшиланди. Кеча яримтагина нон бераётганди». Мен буни мулозамат деб тушуниб қўя қолдим.
Ўзбек ака-укалар Uzairways рейсида қайтишди. Хонада чечен, тожик, қозоқ ака ва мен қолдим.
Қозоқ аканинг оиласи Анқарада, ўзи эса Туркия визасида ноаниқлик борлиги сабаб 7 кундан бери шу ерда экан. Аниқ жавобни кутяпти. Қайта Нурсултон рейсига чиқишга унамабди. Аввал келганида полислар билан озгина тортишган экан. Шунда тақиқ қўйилган экан.
Чечен билан Рамзан ҳақида гаплашдик. «У ҳақида мендан сўрама, ёқтирмайман. Рамзан шу ҳолга келгунча кўпчиликнинг, ҳатто ўз яқинларининг ҳам қонини тўкди» дейди. Русчани яхши билмайдиган тожик укахон Рамзаннинг формасига ишқивоз экан. Мендан «ака сўраб беринг, чечен ака биронтасидан шу формани топиб бермасмикан, пулини бераман» деб сўради. «Эй, ука», деди чечен, «Бизда бунақа форма кийганларни ёқтиришмайди».
Чечен барака топсин, интернетидан роса фойдаланибмиз шекилли, лимити тугаб қолди. Унга «Türk Telekom‘дан фойдалан», десам, «уни сенга бера қолай (телефонимга келган кодни бераман), менинг рейсимга яқин қолди, сен эса ҳали шу ердасан», деди. Қозоққа эса Iphone зарядкасини ташлаб кетди.
Бироздан кейин хонага йиғлагудек бўлиб 4 та тожик йигитчалар кириб келди. «Биринчи марта келган бўлсам, нега запрет қилади», дейди. «Фалон пулга билет олгандим, ишлаб қарзларимни узмоқчи эдим», деб зорланади. Уларни ҳам паспорт назоратга етмасдан хавфсизлик ходимлари ушлаб, суҳбатлашиб, киришларига тақиқ қўйибди.
Уларни озроқ тинчлантирган бўлдим. Яхши ниятда 3-4 сўм топаман деб ният қилган беғубор болалар. Хонадошимиз хатлонлик тожик 3 кундан бери шу ерда экан. Кейинги рейсгача яна 4 кун туриши керак. Янги келган душанбелик йигитлар ҳам яна 4 кун шу ерда бўлади.
Ичкарида таҳорат, намозга шароит етарли. Бомдодни миграция идораси полислари хонасида ўқидим. Пешин, аср ва шомни «обшяг»да. Энг қизиғи, туалетда ҳамма шароит бор. Қўл артишга қоғозларни ҳам тез-тез янгилаб туришади. Туалет ва ошхонани алоҳида аэропорт ходими тозалайди.
Қўриқчилар мен билан яхши муомала қилган бўлса-да, турғунларнинг айтишича, тил билмаганларга яхши муомала қилмас экан. Кўпчилик тақиқ сабаби нималигини билмайди. Хизматчилар ҳам буни биз қўймаганмиз деб аниқ жавоб бермайди.
Ниҳоят, мени чақиришди. Хойнаҳой рейсга олгани. Хонадошлар билан хайрлашиб, ишларини Ўзи ўнглашини тиладим.
Паспортимни қўлимга беришмади. Тошкентга борганингда оласан дейишди. Полис мени учоққа қадар кузатиб қўйди. Учоқнинг энг охиридан жой қилиб беришди. Ҳаммадан кейин тушар эканман.
Истанбулга кира олмадим. Режаларим амалга ошмади. Лекин асло хафа эмасман. Раббимнинг менга тузган бошқа хайрли режалари бордир!
Фавқулодда маслаҳатлар
Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, бирон аэропортда сиз ҳам шу ҳолатга тушсангиз, қуйидаги маслаҳатларга амал қилинг:
1. Келишдан аввал маҳаллий тил ёки инглиз тилини озроқ бўлса ҳам мулоқот даражасида ўрганинг.
2. Аэропортда ўзингизни ишончли ҳис қилинг. Атрофга алангламанг. Навбатни бузманг. Агар йўлдошларингизнинг ҳаммаси соқолли бўлса, бирга юрманг, алоҳида-алоҳида ҳаракатланинг.
3. Имкони бўлса, қўшимча ҳужжатларни ўзингиз билан олволинг (ҳайдовчилик, иш, талабалик, яшаш гувоҳномаси, сизни чақираётган томон таклифномаси, сиз қатнашадиган тадбир дастури, олди-сотди шартномаси, меҳмонхонани бронингиз ва ҳоказо). Булар чегарачи ва полисда ҳужжатингизда шубҳа уйғонса, тасдиқлаш учун қўл келади.
4. Фуқаро кийимидаги шахс сиздан паспорт сўраса, унга аввал ўзини таништириб, ҳужжатини кўрсатишини талаб қилинг.
5. Агар сизни полиция ёки миграция идорасига таклиф қилишса, ходимлар билан эркин гаплашинг. Асло дўқ қилманг (бу сизнинг зарарингизга хизмат қилиши мумкин). Мулойимлик билан тушунтиришга ҳаракат қилинг.
6. Агар тилни билмасангиз, таржимон беришларини талаб қилинг. Таржимон ҳар бир гапни таржима қилаётганига ишонч ҳосил қилинг.
7. Мабодо, сизга кириш тақиқи қўйилган бўлса ва сизни рейс келгунча камерага олиш кераклигини айтишса, бу ҳақда ҳужжатни қўлингизга бермагунларича, у ерга кирмасликка ҳақингизни борлигини айтинг.
8. Ҳужжат маҳаллий тил ва сизнинг мамлакатингиз тилида тўлдирилиб, сизга тақдим этилади. Унга имзо қўйишдан олдин яхшилаб ўқиб, танишиб чиқинг.
9. Бўлса, маҳаллий уяли алоқа компаниясининг сим картасини ишга туширинг. Бўлмаса, роумингда гаплашиш ва интернетдан фойдаланиш учун пакет сотиб олинг. Муаммо пайдо бўлиши билан яқинларингиз, йўлдошларингизни огоҳлантиринг. Муаммонгизни ҳал эта оладиган контактлар билан алоқани сақлаб қолинг.
Тошкент-Истанбул аэропорти-Тошкент
13-14 декабрь, 2020 йил