Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Ёлғон» деб номланган ажойиб рисоласи бор экан. Аввал ўқимаган эканман, бугун эрталаб мутолаа қилиб тугатдим. Рисолада ҳозирда аксар ҳолларда енгил кўриладиган гуноҳи кабиралардан ёлғон ҳақида ва унинг жамият ривожига қанчалик ғов экани ҳақида сўз боради.
Муаллиф ёлғоннинг таърифи, турлари, ҳукми, дунё ва охиратдаги оқибатлари ҳақида маълумот бераркан, бунга ҳаётий мисоллар келтиради. «Ёлғон ризқни камайтиради» дейдилар Расулуллоҳ соллаллу алайҳи васаллам. Бу айниқса, жамият доирасида қусурга айланса, ризқимизни камайтираётган маънавий омиллардан яна бири намоён бўлади.
Шайх ҳазратлари ёлғоннинг Ислом ҳаром қилган турларидан бири бўҳтон ҳақида сўзларкан, ҳозирги жамиятимиздаги ҳолатга ойна тутади:
«Бировнинг айбини беркитиш ўрнига ҳамманинг айбини қидириш билан оворамиз. Қидирганда ҳам, тирноқ остидан кир излагандек ахтарамиз. Унда ҳам топилмаса, ёлғон-бўҳтон тўқиб, айб тақаймиз. Мусулмонман, деб юрганларнинг бу ҳолини кўриб, бошқалар «Булар ўзи шунақа, бир-бирини ковламаса тура олмайди», дейдиган бўлиб қолишган.
Диний таълимотлардан бебаҳра кишиларнинг узри бордир. Аммо диндорликни, диний илмнинг даъвосини қилаётганларнинг бу борадаги қилмишларини кўриб, ёқа ушлайсиз. Мусулмон биродарининг айбини беркитиш улар учун катта мусибатдек туюлади.
Ҳатто уларга «Жон биродар, бу иш мусулмончиликка тўғри келмайди, мусулмон одам ўз биродарининг айбини беркитиши лозим. Сиз бўлсангиз йўқ нарсани айтиб бўҳтон қиляпсиз», десангиз ҳам таъсир қилмайди.
Охир-окибат нима бўлади? Кишиларнинг мусулмонлардан кўнгли колади. Душманлар мусулмонлар устидан кулиб юради. Исломга кизиқиб турганларнинг ҳам кўнгли совийди. Мусулмонларнинг ораси бузилади, ишлари ортга кетади. Ўша мусулмоннинг айбини очган ҳам мақсадига етмайди».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Қайси бир жамиятда ёлғон гувоҳлик бор экан, ўша жамият золимдир ва бундай жамиянинг бало-офатларга гирифтор бўлмоғи тайиндир», деб огоҳлантиради. Шунингдек, одамларни ёлғон гувоҳлик беришга мажбур қиладиганларни инсон деб аташ жуда ҳам кийин, дейди муаллиф.
«Қолаверса, бундайлар албатта Аллоҳнинг ҳам, бандаларининг ҳам ғазабига учрайди. Уларнинг одамларнинг қаҳрига учрашларини кўпчилик кўриб-билиб турибди. Бундайларга қарши жамоатчиликнинг қаҳри шу даражага етганки, яқин шарқ давлатларидан бирида шундай жаллодлардан бири йўл ҳодисаси сабабли ҳалок бўлганида ҳеч ким унга қарамаган ва жаллоднинг танаси сасиб, ҳайвонларга ем бўлган. Бундайларнинг албатта Аллоҳнинг каҳрига учрашида ҳеч шубҳа йўқ».
Рисоладан жуда кўп фойдаларни олдим ва айримларини сизга улашдим. Ўзи амал қиладиганлардан қилсин!