Кундалик тутиш: фойдалари ва афзалликлари

Ўтган йили карантин энди бошланиб, “Уйда қолинг!” тренди кучайганида менга ёшларга тавсия сифатида ўзингиз севган машғулот ҳақида ёзиб беринг, дейишди. Ёшларга кундалик тутишни малаҳат бериб, унинг фойдалари ҳақидаги мулоҳазаларимни тўлдириб, қоғозга туширдим.

Ҳали беморлар жуда кам бўлса-да, коронавирус ваҳимаси кучайган, ҳамма бир-биридан хавфланаётган пайтда Бош прокуратура ҳам фуқароларга кундалик ёзиш бўйича тавсия берди. Унда кунига қаерга борганингиз, кимлар билан кўришганингизни ёзиб бориш тавсия этилганди. Бош прокуратура бу билан коронавирус беморларини тезроқ аниқлашни мақсад қилганди.

Лекин мен берган тавсия умуман бошқача эди. Шу хабар фонида уни эълон қилгим келмади. Бугун ёзувларимни саралаб туриб, ўша битикларни топиб олдим. Менга бу машғулот жуда ёқади. Сизга ҳам илиндим.

Бозорда китобга ўхшайдиган, бежирим 365 кунни муҳрлаш мумкин бўлган дафтарлар сотади. Шундан олинг-да, бисмиллоҳ деб кундалик тутинг. Унга сана ва вақтни битинг-да нимадир ёзиб қўйинг. Унда кунлик иш режаларингиз, ўзингизга ёққан ибора, фарзандингиз тилидан чиққан ажойиб топилма, иқтибос, хабар бўлиши мумкин. Муҳими, бу ишни тарк этманг. Ҳар куни оз бўлса-да, нимадир ёзинг.

Бундан топадиган фойдаларингиз:

1. Интернетга ҳар доим ҳам кира олмаслигингиз мумкин. Кундалик доим ёнингизда бўлади. Уни йўлда ҳам ўқишингиз мумкин. Ҳозир интернет, телефон ва компьютерда кундалик ёзиш учун минглаб дастур ва иловалар бор. Бир нарсани эсдан чиқарманг: Интернетга чиқарган шахсий фотонгиз, ёзувларингиз тармоққа чиққан кундан бошлаб – энди сизники эмас. Ахборот хавфсизлиги масаласини ўзингиз яхши биласиз. Ҳар қандай фото, ёзувни чиқаришдан олдин етти ўйлаб, бир пост қилинг. Бу борада кундалик дафтар сизга энг яхши ҳамроҳ бўлади. Ёзаверинг. Унга “доступ” Интернетдагига қараганда анча чекланган.

2. Қўл орқали ёзиш билан кўп нарса эсда қолади. Ўша воқеани эслаганингизда уни қай ҳолатда ёзганингизни ҳам эслайсиз. Менда афсуски, клавиатурада ёзилган битиклар яхши эсда қолмайдиган бўлиб қолган. Масалан, мактаб давримда китобдан ўқиган, қалам (ручка) билан конспект қилганларим ҳозир ҳам эсимда. 5 йил олдин экрандан ўқиб, ёзган фактларимни эслаш қийин бўляпти.

3. Инсон унутувчи. Ҳаётда кўп нарсалар инсонлик юзасидан унутилади. Шундай пайтда кундаликни варақласангиз, шу заҳоти хотирлайсиз. “Э-ҳа, эсимдан чиқибди-я” дея таажжубланасиз. Ижтимоий тармоқдаги саҳифангизни варақлаш эса кундаликчалик завқ бермайди.

4. Эски кундаликларни ўқиш инсон руҳиятига катта фойда беради. Тушкунликка тушганингизда дафтарни очиб, ўз ёзганларингизни ўқисангиз, кайфиятингиз кўтарилади.

5. Ёзиш орқали сизнинг сўз бойлигингиз ортади, ёзма нутқингиз шаклланади.

6. Яна бир жуда яхши таклиф: Мен мактабни битиргандаям, бакалавр, магистратурани тугаллагандаям дўстларимдан ўқиш ҳақида, ўртоқлигимиз, мен ҳақимда хотираларингизни ёзиб беринг, дея кундалигимни берганман. Улар эса шундай гўзал нарсаларни ёзишганки, ҳар гал уларни ўқирканман, энг беғубор дамларим эсга тушади. Сиз ҳам шундай қилинг. Иложи бўлса, дўстларингиздан битта эсдалик суратни олиб, ўша саҳифага ёпиштириб қўйинг.

7. Кунига бир қатор бўлса-да, бирон нарса қоралаб қўйинг. Ёзиш кўникмаси ҳам пичоққа ўхшайди – ишламай турса, занглайди, ўтмаслашади.

8. Кўрган хайрли тушингизни ҳам уйқудан туриб, юзингизни ювишингиз билан ёзиб қўйинг, акс ҳолда эсдан чиқиб қолади. Қўрқинчли, маънисиз, нохуш тушларни асло ёзманг, уларни тез унутиш керак. Туш таъбирига унча хушим йўқ. Лекин хайрли тушлар кетидан хайрли ишлар келганига гувоҳ бўлганман.

Газеталарнинг куни туққан, смартфону планшетлар хаёлимизнинг бир четига ҳам келмаган, Ўзбекистонда ҳали Правец 8А “суперкомпьютер”лари ишлатилаётган пайтда туш кўргандим. Газета ўқиётганмишман. Ўзимиз ўқийдиган оддий 16 бетли газета. Лекин ундаги расмлар видео каби ўтмоқда, худди телевизордагидек гапирмоқда. Қоғоздек юпқа экран. Газетадек ушлаб варақланади. Турдим-да, кундалигимга ёзиб қўйдим: “Кун келиб, юпқа қоғозли газеталардаги саҳифалар кўрсатадиган ва гапирадиган бўлса ажабланмайман”.

9. Кундалигингизни фақатгина яқинларингизга ишонинг. Бегоналар ўқиб, ҳатто кулиши ҳам мумкин. (Тушунмагандан кейин кулади-да!)

10. Кундалигингизда ғаройиб фактлар, рецептлар, умуман керакли информацияга ҳам жой ажратишингиз мумкин. Лекин улар ўзингизнинг кундалик мулоҳазаларингиз ҳажмидан ошиб кетмасин.

Кундалик тутишни бошлаш учун сизга бир яхши лайфхак: ўзингизнинг твиттер, фейсбук каби саҳифаларингизни очинг-да, энг бошига ўтиб, мулоҳазаларингизни ўқиб, керакли деб ҳисоблаганингизни санаси билан бирга кундаликка кўчириб қўйинг. Ишонинг, эски мулоҳазаларингизни ўқиб ҳузур оласиз, кўпини унутворган ҳам бўлиб чиқасиз.

Фейсбукингиз, твиттерингиз исталган пайт ўчиб кетиши мумкин. Кундаликдаги хотиралар эса ўчмайди. Агар ижтимоий тармоқ саҳифангизда қайсидир воқеага муносабат билдирган бўлсангиз, кундаликда ўша воқеа ҳақида ҳам қисқача ёзиб қўйинг. Масалан, мен 2019 йил 15 январда шундай ёзган эканман:

“Ёзда ёпинчиғингни қўйма,
Қишда ўзинг биласан.
Ўзбек халқ мақоли

Ёхуд
Туғилдиму, шу он бўғилдим.

Мен яна Францияга кетдим”.

Икки йилдан сўнг битикни ўқиб тушунмадим. Нега бунақа ёзганман? Францияга бормагандим-ку! Фейсбукдаги шу пост остидаги изоҳларни ўқиб, кейин тушунибман. Бу пост 2018 йили Ўзбекистонда Youtube ва Facebook блокланган, орада бир ишлаб кетиб, яна блокланган пайтда VPN ҳақида ёзилган экан.

Кундалик тутинг. Кўп фойдаларга эришасиз. Интернетдаги кундалик ҳеч қачон ўз қўлингиз билан тўлдирган умр дафтарининг ўрнини босолмайди.

Хуллас, ёзиб қўяверинг. Агар келажакда катта одам бўлиб кетсангиз, бундан соққа қилса ҳам бўлади. :)))

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *