Бугун Сирдарёнинг Сайхунободида кўпкарида бўлдик. Аввал улоқни бу қадар яқиндан кўрмагандим. Жуда жон-жаҳд билан, қизишиб ўйналадиган ҳақиқий эркаклар машғулоти экан. Тўғрисини айтай, энг қизиқ жойи бағрида полвон ва 40-50 килоли ўлжани кўтарган отлар чопаётиб, чавандозлар қуршовида жой тополмай, томошабинлар тарафга югуриши ва ишқибозларнинг тум-тарақай қочиши бўлди.
Кўпкаридаги аксар пешқадам чавандоз полвонларнинг оти ўзиники бўлмас экан. Жийрон, Бек, Бомба, Барон каби турли лақабдаги отларнинг асл эгаси бошқа бўларкан. Улоқ чопадиган отлар арзон эмас, энг қиммати яқинда 150 000 долларга сотилибди. От эгалари яхши полвонларни ёллаб (одатда, зўр чавандонзлар бир кўпкарида 300-400 долларга майдонга тушади, дейди ишқибозлардан бири), энг зўр отларини чоптиришаркан. Одатда, энг зўр от минган ва моҳир полвонлар кўпинча ғолиб бўларкан.
Ғолиблар эълон қилинганда сирдарёлик Нодир полвон (агар ота-бобоси полвон бўлса, Қодир полвоннинг невараси Нодир полвон) тошкентлик Шоаҳмад ҳожиаканинг “Барон” номли чемпион отида туяга улоқ ташлади, деб айтиларкан.
Чамамда 200 дан ортиқ полвонлар иштирок этди. Лекин жидду жаҳд билан чопаётгани 5-10 та холос. Қолганлари ё етиб бориб олишидан умид қилмайди, ё бошқа сабаб бор. Баъзи чавандозлар гуруҳ бўлиб ҳам ишларкан. Пастак отдагилар ердаги уловни олиб беради ва бақувват отдаги шеригига узатади. Иккита маррада жами 30 та давра ўйин бўлди. Бу нисбатан кичикроқ кўпкари экан. Айтишларича, соврин жамғармаси катта кўпкариларда минг нафаргача чавандоз қатнашаркан.
Далалар барибир бошқача-да. Майин ёмғир ёғиб ҳаво яна тозарди. Бари табиий. Ўзгача атмосфера. Отларга эса яна меҳрим ошди.