Ҳаётда жуда кам учрайдиган бир “телбатабиат” инсонни биламан. У бироз “ғалатироқ”. Деярли ҳеч ким сотиб олмайдиган, биров хушламайдиган китобларни ҳам ўз ҳисобидан чиқараверади. Унинг учун китобнинг сотилиши иккинчи даражали, чиққани муҳим эмиш. Сабаби инсоннинг, бир истеъдоднинг эътирофи экан.
У кўп ўқиган, фикри тиниқ, эътиқоди бутун инсон. Ўзига ўхшаганларни, унга ўхшаш бўлиб кўринганларнинг доимо кўнглига қарайди. Шу сабаб аввал неча марта алданиб қолган бўлса-да, инсоннинг юзидан ўтолмайди. Чунки у ризқ Аллоҳдан эканига, у бандаларини ҳеч қачон тоқатидан ўзга нарсада синамаслигини яхши билади.
Яқинда шаҳардан янги уй-жой-у, Чорвоқдан дала-ҳовлига етгулик пул сарфланган “Жажжи академик”ини кўмган, ўзи эса ҳамон кўпроқ академиклар чиқаришни эзгу ният қилган “Академнашр” эгаси ана шундай одам. У ҳамон ҳаракатда. Миллатни уйғотиш, халққа зиё улашиш йўлида завқ олиб ишламоқда.
У билан танишганимга тахминан 10 йиллар бўлди. Ишхонасига 10 марталаб борганман. Ҳар борганимда ишини қўйиб, камида бир соат гурунг беради, кетар чоғимда қўлимга бир қучоқ китоб тутқазади, барака топгур. Кеча ҳам 10 та китоб тутқазди. Кўпроқ берганди, аввал олганларимни қайтариб бердим.
Бугун атай санаб кўрибман. Шахсий кутубхонамда “Академнашр”нинг 70 та китоби бор экан. Унинг атиги 10 тасини сотиб олган эканман, қолгани ҳадя қилинган экан. Улардан 30 тасини тўлиқ ўқиб чиққанман. Қолган ҳаммасининг мундарижаси билан танишман.
Мен шахсий кутубхонамни юритишга жиддий ёндошаман. Ойига камида 5 та янги китоб сотиб оламан. Қўлимга тушган ҳар бир китоб ҳақида маълумотларни ёзиб, реестримга киритиб қўяман (қайси нашриёт, қачон чиққани, нима ҳақидалиги, қайси бирини сотиб олганим, ҳадя қилингани, ўқилгани ва ҳ).
“Академнашр” – ўзбек ноширлигидаги феномен. Ҳали бирон нашриёт “Академнашр” уддалаган вазифани бажарган эмас. Буни мен эмас, манаман деган зиёлилар ҳам эътироф этади. Мен унинг эгасини жадид боболардан Беҳбудийга, Обиджон Маҳмудовга (уям “ғалати” одам бўлган, лақаби ҳам “Обид чатоқ”) ўхшатгим келади.
Мен уни ука акасини севгандек, киши биродарини ҳурмат қилгандек, бу миллат ичида шундай ўғил болалари борлиги учун ҳам яхши кўраман. У бошқаларни эътироф қилганидек, бугун уни ҳам эътироф қилгим келди.
“Жажжи академик”и мудраган бўлса-да, қалбидаги академиги боқий бўлсин!
PS. Яқин-орада “Академнашр”да бирон нарсам чиқиб қолса, шунга ёзган экан-да, деб юрманг (зотан, бунгача “Академнашр”да чиққан иккита тўпламда ёзмишларим чоп этилган). Булар ҳар қандай таъмадан йироқ, бугун асрдан кейин илҳом бўлган, чин кўнгилдан чиққан ва таҳрирсиз, бир ўтиришда ёзилган изҳорлардир.