ЮРТИМИЗДА ҲАЙИТ ШУКУҲИ. “Vatandosh”. 01.09.2011

ЮРТИМИЗДА ҲАЙИТ ШУКУҲИ

Ватанимизда бу йил байрамлар қўшалоқ келди: Ҳам мустақиллик байрамини, ҳам муборак Ийд ҳайитини бирга нишонладик. Ҳайит тонги юртимизнинг барча гўшаларида байрам шукуҳи кезди.

Фарғона вилоятидаги энг катта ва қадимий масжидлардан бири, Марғилон шаҳридаги «Хонақоҳ» жомеъ масжидида ҳам бу йил Рамазон ҳар йилгидек файзли ўтди. Раҳмат ойи аввалидан бошланган хатми Қуръонни 1968 йилдан бери ушбу жомеъда хизмат қилаётган уламо, масжид имом хатиби Мулла Собиржон қори Марғилоний табаррукан бошлаб бериб, Муҳаммад Тоҳир қори Марғилоний ва шогирдлари кунига 2 жузъдан, тажвид билан ўқиб беришди. 16-кечада Қуръони карим хатмонасига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ташриф буюриб, маъруза қилдилар ва хатми Қуръон сўнгида юртимиз ва халқимиз ҳаққига хайрли дуо қилдилар.

Ҳайит куни эрта тонгдан «Хонақоҳ» масжидининг асосий биноси бомдод намозини жамоат билан ўқиш мақсадида йиғилган мўминлар билан тўлди. Бомдоддан сўнг Ҳайит намози учун жамоат йиғилгунча куннинг фазилатлари ҳақида мавъиза қилинди. Жамоат масжид ҳудудидан ташқарига ҳам кенгайиб, Ийд намозини биргина “Хонақоҳ” масжидида 10000 га яқин мусулмон адо этди.

Марғилон шаҳрида 26 та жомеъ масжиди мавжуд бўлиб, бу йил уларнинг ҳар бирида таровеҳ намозларида Қуръони карим хатм этилди.

473 йиллик тарихга эга, “UNESCO”нинг тарихий обидалари рўйхатида турувчи «Хонақоҳ» жомеъ масжиди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва бир қатор саховатпеша ташкилотлар маблағи ҳисобига 2009 йилнинг феврал ойидан қайта таъмирланиб, 2010 йил Мустақиллик байрами арафасида асосий қисми фойдаланишга топширилган эди. Айни пайтда таъмирлаш ва қайта реконструкция ишлари давом этмоқда. Жомеъ масжидда бир вақтнинг ўзида 5000 дан ортиқ намозхон ибодат қилиш имкониятига эга.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,

“Vatandosh” газетаси, 01.09.2011

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *