Мен “Маърифат” газетасида 2001-2005 йиллари ишлаганман. “Маърифат” — илк ишхонам, журналистикадаги илк устозим, танти ва ҳалим инсонлар йиғилган катта даргоҳ.
2001 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетига ҳужжат топширганимда абитуриентлар орасида ижодий имтиҳонда “Маърифат” газетасининг бош муҳаррири Ҳалим Саидов ҳам иштирок этаркан деган гап тарқалди. Ичимга бир қўрқув тушди. “Ишқилиб бу муҳаррир мендан имтиҳон олмасин-да. Катта бир газетанинг муҳаррири, етакчи журналистлардан – кибри ҳам осмон бўлса керак, иккита савол билан йиқитиб қўйса нима қиламан”, деган ўйлар ўтди. Шукрки, мендан имтиҳонни Ҳалим Саидов олмади.
Мактабда “Маърифат”ни мароқ билан ўқирдим. Ҳатто газета махсус мухбири Норали Очилов мактабимизга келиб, бизга мотивация берган, алалоқибат ўқув даргоҳимиз ҳақида “Маърифат”да 1 саҳифалик мақола ва суратлар чоп этилганди. 2000 йили “Китобхон” танловининг республика босқичида “Маърифат”дан атлас кўйлак кийган Шарифа Мадраҳимова деган мухбир келган ва биз билан суҳбатлашиб газетага чиқарганди. Биз ўқувчилар учун республиканинг энг номдор газеталаридан бирида чиқиш катта шараф эди.
2001 йили халқаро журналистика факультетига энг юқори баллардан бирини олиб қабул қилиндим. Ўқишнинг иккинчи кунидаёқ Ҳалим Саидовнинг “Янгиликлар журналистикаси” дарсини қўйишибди. Ичимга яна ғулғула тушди. Таваккал деб дарсга кирдим. Домла дарсни умуман бошқача услубда бошлади-да, бирданига талабалар билан чиқишиб кетди. Бир соатда аввалги қўрқувларим тарқаб кетди. Ҳалим Саидов ўзимизга ўхшаган, жуда хушчақчақ одам экан. Унда заррача кибр кўринмади. Ўша дарсда домла келгуси сафар ҳар бир гуруҳ деворий газета чиқарсин, деб тайинлади.
Дарсдан бир олам тассурот билан чиқдим. Гуруҳимиз билан келишиб, биринчи сон муҳаррирлигини мен олдимда, материал тайёрлашга киришиб кетдик. Деворий газетани тўлиқ ўзим безатдим. Мақолаларни ҳам ўзим кўчириб ёздим. Расмли материаллар ҳам кетди. Кроссворд ҳам туздим. Ҳатто, фикр билдириш учун бир конверт ёпиштириб, ичига қоғозлар солиб қўйдим.
Бир ҳафтадан сўнг домланинг келишига газетани факультет фойесига осиб қўйдик. Тан олиш керак, бошқа гуруҳларникидан бизники яхшироқ чиқди. Ҳар бир мақолани мароқ билан ўқишди. Конверт ичида фикрлар битилган ёзувлар кўпайиб кетди. Табиийки, Ҳалим Саидов ҳам хурсанд бўлди, мақтади. Дарсдан сўнг мени чақирди-да, “бугун ишхонамга ўтинг” деди.
Дарсдан сўнг умримда биринчи марта ўша машҳур “газетачилар корпуси” — Матбуотчилар кўчаси, 32-уйга бордим. Бино кириш қисмида турарканман, казо-казо журналистлар, шоир ва публицистларни кўрдим. Газета номлари ёзилган рўйхатдан “Маърифат”ни қидириб, қўнғироқ қилдим. Мени мухбирлардан бири 4-қаватга олиб чиқди.
Ҳалим Саидов юзида табассум билан кутиб олди-да, бош муҳаррир ўринбосари Абдусамат Раҳимов хонасига олиб кирди-да, ҳе йўқ, бе йўқ бир қоғоз ва ручка бериб, “ёзинг” деди. “Нимани ёзаман?”, дедим ҳаяжонланиб. “Ариза ёзинг, ишга киришга”. Мен буткул шок ҳолатида эдим. Умримда ҳали бирон жойда расман ишламаганман, ариза ёзмаганман. Домлага “мен ёзишни билмайман”, дедим. Кейин Ҳалим Саидов айтиб туриб ёздирди: “Мени “Маърифат” газетасига 0,25 ставка мухбирлик лавозимига ишга олишингизни сўрайман”.
Ариза ёзиб бўлингач, домла менга қараб: “Компьютерда ишлашни биласиз-а” деди. Ҳаяжонданми, оний бир бахтни қўқотиб қўймаслик қўрқувиданми, ҳа, деб юбордим. Ваҳоланки, мактабда совет замонидан қолган “Правец 8А” компьютерларида ишлаган, янги Windows деган тизимни кўрмаган ҳам эдим. Домла газетадаги бўлимлар билан таништирди-да, бир стол ва компьютерни кўрсатиб, “бу сизнинг жойингиз, ишни бошланг” деди.
Компьютер қаршисида ўтирарканман, ўзимда эмасдим. Бир лаҳзада ўзим орзу қилган масканни кўриш тугул, унинг аъзосига ҳам айлангандим. Кечагина ҳали ўзини кўрмасдан салобатидан ҳайиққаним инсон ўзи ишга таклиф қилиб турибди.
Бу Windows дегани жуда ғалати экан. Сичқонча деган матоҳи эса умуман бўлмағур: тагида соққаси айланиб, экранда юраркан. Уни бошқаришни ўрганишим жуда қийин бўлди. Қарасам, “Китобхон”да биздан интервью олган Шарифа опа ўша хонада экан. Опадан худди аввал билгандек, “мана буни қандай қиларди?” деб сўраб билиб олардим. Бошида ҳар хил жойларига кириб кетиб, компьютерни бузиб қўйдим шекилли, деб ўйладим. Сўнг биладиганлардан сўраб, ўрганиб олдим. Бировлар компьютерда ишлаётса, кузатиб турардим – бу жараёнда ўзим ҳам ўрганиб олардим. Компьютернинг имкониятлари кенг экан. Аста-секин бошқа дастурларни ҳам ўрганиб олдимки, газетанинг мураккаб дизайнини қила олиш даражасига етдим. Буларнинг барчаси Ҳалим Саидовнинг қўллови ва унинг янгиликдан қўрқмаслиги, доимо янги технологиялар орқали газета сифатини яхшилашга интилиши самараси эди.
Ҳалим Саидов “Маърифат”даги ходимларнинг энг яхши шароитларда ишлашини доим қўллаб-қувватларди. Бошқа таҳририятдан отам замонидан қолган техникани ишлатаётган пайтда “Маърифат”га сўнгги русумдаги компьютер ва офис техникалари сотиб олинарди. Барча хоналардаги мебеллар янгиланган, кондиционер билан жиҳозланганди. Бошқа таҳририятдагилар доим бизга ҳавас қиларди.
Ҳалим Саидовни “селекционер” дейишарди. Мендан кейин курсдошлардан яна 5-6 нафарини ишга олди. Одатда “Маърифат” трамплин вазифасини бажариб, кадрларни яхши тарбияларди-да, сўнг бошқа нашр ва соҳаларга трансфер қиларди.
Бизга раҳматли Маҳмуд Саъдий домлани таништирган ва таҳририятда унинг таҳрир санъати дарсларини ташкил этган ҳам Ҳалим Саидов эди. Газетадаги мусаҳҳиҳлар, айниқса саҳифаловчилар Маҳмуд домла навбатчи муҳаррир бўлган кунлардан чўчиб туришарди. Домла саҳифани қизил ручкада текширар ва таҳрирлайвериб, лолазор қилиб қилиб ташларди.
“Маърифат”да ходимларни техник ёки ижодий деб ажратилмасди. Техник ходимларга ҳам хабар тайёрлаш, сурат остига лавҳа ёзиш каби ижодий ишларни бажариш таклиф қилинар ва ўргатиларди. Шу боис газетадаги техник ходимлар ҳам яхшигина ижодкор бўлиб етишди.
Жамоада ажойиб дўстона муҳит шаклланган эди. Ҳамма бир-бирига сизлаб мурожаат қилар, ёшимиз анча кичик бўлса ҳам катталар исмимизга ака қўшиб гапирардилар. Ҳалим Саййид домла эса, талабаларни ҳам “устоз” деб чақирарди. 0,25 ставкада ишласам-да, университет стипендиясидан кўпроқ ойлик олар, чиқарган материалларимга ҳам яхшигина гонорар беришарди.
Ҳалим Саййид домла ёшларни доимо қўллаб-қувватлар, мотивация берар, эринмасдан ўргатарди. Мен ўзим университетда бюджет ҳисобидан ўқиган бўлсам-да, “Маърифат” 10 дан ортиқ талабаларнинг контрактини тўлаб беришини билардим. Катта байрамлар арафасида домла таҳририятдаги талабаларни йиғар, уйга бориб, ота-онанинг ҳолидан хабар олишга ундар, керак бўлса, моддий ёрдам ҳам берарди.
Биз – талабалар “Маърифат”нинг вилоят мухбирлари келишини интиқлик билан кутардик. Чунки улар келганда Юнусободдаги анҳор бўйидаги чойхонада ош бериларди. Домла ҳамма талабаларни олволарди. Журналистларнинг ажиб ҳангомаларини тинглардик.
2001 йили “Маърифат”нинг 70 йиллиги катта тантаналар билан ўтди. Ёшлар хизматда бўлдик. Аксар катта журналистлар тақдирланди. Тантаналар ўтиб бўлганидан сўнг, Ҳалим Саййид домла бизни чақириб, хизматларимизни эътироф этиб, алоҳида совғалар берди.
2003 йили таҳририятда стол тенниси хонаси очилди. Унгача “Маърифат”да шахмат, футбол турнирлари мунтазам ўтказиларди. Мактабда оз-моз стол тенниси ўйнаганим учун дастлабки пайтларда фаворитлар қаторида юрдим. Бир куни тушликдан сўнг теннис хонага кирсам, бир ходимимиз ҳаммани роса ютяпти. Навбатдаги рақиб сифатида мен кирдим. Уни ютганимдан сўнг, кейинги ходим ўйинга тушди. Кетма-кет фаворитларни ўйиндан чиқариб юбордим. Бу пайтда хонада 20 чоғли одам йиғилган, ҳамма қизиқиш билан ўйинни томоша қиларди. Мусобақага Ҳалим Саидов ҳам қўшилди. Охирги дақиқаларда ғолибликни қўлдан бой бердим. Тушликдан кейин қўшимча ишларимни бажариб оламан деб теннис хонага кирмай қўйдим. Бу орада бошқа ҳамкасблар кучайиб кетиб, мен лузерлар қаторига тушиб қолдим.
Ziyouz.com порталининг дастлабки материаллари ҳам ишдан сўнг “Маърифат”да тайёрланарди. Газетада чиқаётган муҳим янгиликларни сайтга ҳам киритиб турардим. Кейин яхши мақолаларни ҳам онлайн оламга кўчира бошладим. Ишхонада интернет чекловли бўлгани учун кечқурун материалларни дискетага кўчириб олиб, интернет-кафега кириб жойлардим. Бир куни Ҳалим Саидов чақириб, “яхши ишлар қиляпсиз, майли материалларни таҳририятда тайёрлайверинг, лекин эҳтиёт бўлинг”, деди.
“Маърифат”даги фаолиятимнинг энг эсда қоларли лаҳзаларидан бири “Узлит” дегани цензура ташкилотининг бекор қилиниши эди. Унгача ҳар бир газета чоп этиладиган ҳар қандай саҳифасини 3-қаватдаги “Узлит”чиларга олиб келар, улар ўқиб чиқиб, мафкуравий ва бошқа сабабларга кўра, баъзи мақолаларга рухсат бермасди. Одатда, оддий бир сабаблар билан ҳам мақолаларни олиб ташларди. Улар муҳр босмаса, босмахонани газетани чоп этмасди. 2003 йили баҳор кунларининг бирида “Узлит” ёпилди. Лекин бу ҳақда газеталарга маълум қилинмагани учун 3-қаватдаги хонанинг олдида ўша куни бир дунё саҳифалар тўпланди. Ҳолатни “Маърифат” фотомухбири Бурҳон Ризоқулов суратга ҳам олганди.
2007 йили магистрлик диссертацияга Ҳалим Саидов раҳбарлик қилди. Домланинг ўз ишига муносабати, ҳар қандай хизматга жиддий қарашига ҳавас қилардим. Ҳалим ака уч-тўрт марта ишдан кейин қолиб, мен билан диссертацияни қайта ишлар, охирги версиясини ҳам ҳижжалаб ўқиб берганди.
Ҳалим Саййид чин маънода “Маърифат”нинг юраги эди. Буни бир менгина эмас, ўша йилларда таҳририятда ишлаган ҳар бир ходим баралла айта олади.
Давронбек Тожиалиев
Мақола “Маърифат”нинг 90-йиллигига бағишланган махсус сонда (2021 йил, 30-июнь, 26(9351)-сон) чоп этилди.