Бу сафарги саёҳатим тарихий ва табиий манзиллар томон бўлди. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, Чотқол тоғлари водийсида бир-биридан гўзал кўллар, шаршаралар, дарё водийлари мавжуд. Палтов (Палтау) шаршараси ҳам табиий гўзаллиги билан ўзига тортади. Шаршара йўлида эса қадимий Обираҳмат ғори мавжуд бўлиб, бу ерда Ўзбекистондаги энг қадимий инсон суяклари топилган.
Палтовсой дарасига Чорвоқ сув омборининг жанубий қирғоғи бўйлаб, Бурчмулло қишлоғигача бориб, кўприкдан ўтилади, тахминан 500 метр ўтгандан сўнг чапга грунт йўлга бурилади. Йўлнинг охири чегара ва қўриқхона постига олиб боради. Бу жойлар Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараларига яқин бўлгани учун шу постда паспортлар регистрация қилинади. Сўнг қўриқхона ҳудудига кирилаётгани учун 12250 сўм тўланади. Ичкарига машинада ҳам кирса бўлади. Лекин тоғ йўлида оддий машина қийналиши ва шикастланиши мумкин.
Пиёда киришни афзал кўрдик. Биз танлаган сўқмоқ Палтовсойнинг ўнг тарафи бўйлаб манзилга олиб боради. Йўлда “Тўпаланг”чилар Чотқол дарёсида қураётган ГЭСни кўриш мумкин. Палтовсойга ўша ерда кўриниб турган цемент минизаводи олдидан ўтувчи сўқмоқ билан борилади.
Аввал Обираҳмат ғорини кўриб, сўнг Палтов шаршарасига боришга қарор қилдик. MAPS.ME иловасидаги трек билан ғор томон юра бошладик. Иловадаги маршрут тўлиқ бўлмай, ғорга 500 метр қолганда йўл тугаб қолди. Харитада ғор юқорида кўрсатилган. Юқори эса тик тоғ. Қарасам, сўқмоқ турибди, лекин у харитада кўрсатилмаган. Сўқмоқ барибир ўша ерга олиб борса керак деб юравердим. Ғор эса узоқлашиб борарди. Ноилож тоғнинг сел оқиб тушадиган тикроқ йўлидан юқорига чиқа бошладим.
Тепадаги ерларни бўлиб, ўраб олишган экан. Ғоргача яна бир тепаликни айланиб ўтдим. Ниҳоят харитадаги ғорнинг манзили яқинлаша бошлади. 500 метрлик йўл менга 3 км га айланди. Ғорга етмасдан кичик шаршара ва археологик қазишмалар олиб борилган манзил мавжуд. Иссиқда сувим қолмаган эди. Шаршара сувида қониб ичдим, идишга ҳам тўлдирдим.
Харита асосий ғоргача тахминан 50 метр қолганини кўрсатмоқда. Лекин ғорнинг оғзи кўринмайди. Мен бир тарафдан, ўғлим иккинчи томондан ғор оғзини қидира бошладик. Топилиши қийин бўлди. Пастдан қараганда ғор оғзи умуман кўринмас экан. Ғор пастга қараб кетгани учун яқинига бормагунингизча топиш қийин экан.
Обираҳмат ғори кенг ёйсимон шаклда бўлиб, эни 20 метрча келади, чуқурлиги 5 метрга яқин. Тепада туйнуги борлиги учун ичи нисбатан ёруғ. Айрим пайтлари ғор қиясидан чучук сувли шалола оқиб тушади. Ғор ичкариси тупроғи нам. Ҳозир ташқарида ҳарорат 40 даража бўлса, ичкарида 10-15 даражани ташкил этади. Баъзида ғор ичида кўршапалаклар кўринади.
Обираҳмат ғорини тарихчи олимлар мустье маданиятига доир қадимги манзилгоҳ сифатида баҳолашади. Ғор ичида узоқ вақт давомида ҳосил бўлган 21 маданий қатламнинг умумий қалинлиги 10 метрни ташкил этади. Ғорни 1962 йили A. Муҳаммаджонов ва С. Насриддинов топган. Ғордан найзасимон қуроллар, нуклеуслар, турли хилдаги тош кесгичлар, понасимон қуроллар, бигизлар топилган. Топилмалар Ўрта Осиёда тош даврининг энг бой коллекцияларидан бирини ташкил қилади. Шунингдек, ғордан бир неча ҳайвон, жумладан ғор шери суяклари топилган.
Тошкент энциклопедиясида ёзилишича, Обираҳмат ғорида 2003 йилдаги ишлар натижасида 16-маданий қатламдан археологик материаллар билан бирга одам суяклари топилган. Таҳлил натижалари ушбу суяклар 70 минг йиллик даврга эгалигини кўрсатди. Бундай илк юқори палеолит даври ёдгорлиги ҳозирча дунёда ягона ҳисобланади. Булар 6 та тиш суяги, 1 та қулоқ суяги ва майдаланиб кетган бош суяк қолдиқларидир. Суяклар 8–9 ёшли болага тегишли бўлиб, тишлар ва бош суяк қолдиқлари homa supins sapins ва қулоқ суяги неандерталь одамники бўлиб чиқди. Суяк қолдиқлари устида асосан Австриянинг Инсбрук тиббиёт марказида, Новосибирскдаги ядро физикаси, Германиянинг Макс Планк номли институтида тадқиқот ишлари ўтказилди. Демак, Ўзбекистон ҳозирги одам пайдо бўлган ҳудудга кириши исботланди.
Ғордан чиқиб, ўша ердаги чўпонлардан шаршарагача энг яқин йўлни сўраб олдим. Ҳали MAPS.ME бизга нотўғри йўлни кўрсатган экан. Аслида асосий сўқмоқ бўйлаб, пастга юриб, сойдан кечиб, юқорига кўтарилса, ғорга осонроқ етиларкан. Шу йўл билан пастга тушиб, сой қирғоғи бўйлаб юқориладик.
Қаршимиздан ҳудди ўйиб дарё учун йўл қилинганидек, икки тараф канъонлар кўринди. Канъонлар орасида юриб чап тарафимизда яна бир ғорга ўхшаган жойни учратдик. Бу ер геологлар қазиган туннел бўлиб, узунлиги 12 метрга етади. Туннел кенглиги ва баландлиги 2 метрдан. Бу ерда геологлар флюорит тоғ жинсини топишган. Лекин уни қазиб чиқариш қимматлиги ва ўзини оқламагани сабабли қазишма ишлари тўхтатилган.
Палтовсойнинг маъноси ҳақида ҳам икки хил фикр бор. Биринчи версияга кўра, Палтов “пўлат тоғ” сўзларидан олинган бўлиб, кейинчалик Палтов, Палтау дея ўзгаришга учраган. Иккинчи версияга кўра “бол тоғ” Полтоғ-Полтов-Палтов-Палтау тарзида ўзгарган.
Узоқдан шаршаранинг овози эшитилмоқда. Шаршара ажойиб бир жойдан тушади. Икки тарафи 50 метрли тик канъон, каръон ўртасидан ёриб Палтов шаршараси тушади. Угом-Чотқол давлат қўриқхонаси ҳудудида жойлашган Палтов (Палтау) шаршараси баландлиги 35-40 метрни ташкил этади. Ҳозир суви бироз лойқа, лекин муздек эмас. Бемалол чўмилса бўлади. Ўғлим билан шаршара ичида мириқиб чўмилдик. 40 метр тепадан тушадиган сув қаттиқ савалайди. Шундай бўлса-да, жуда мароқли.
Шаршарадан юқорида, 2 км узоқликда қайинзор ва яна бир кичик шаршара мавжуд. 5 км узоқликда, Чотқол дарёси, Чукураксув дарасида эса яна бир гўзал шаршара бор.
Табиат гўзал. Қайтишда Катта Чимённинг маҳобати сизга яхши кайфият беради. Дарахтлар орасидан қочаётган беданалар, каптарлар, куйлаётган сайроқи қушлар баҳри дилингизни очади.
Тошкент – Бурчмулло – Палтов
3 июль, 2021 йил