Болалигида ўз велосипеди бўлишини орзу қилмаган ўғил бола бўлмаса керак. Айниқса, уч ғилдиракдан икки ғилдиракка ўтиш жараёнлари анча ҳаяжонли ва унутилмас бўлади. Икки ғилдиракли велосипедда учишни қўшнимизнинг велосипедида ўрганганман. Бир неча марта йиқилиб, тирсак, тиззаларим шилингани ҳамон эсимда.
90-йилларнинг иқтисодий инқирози барча оилаларга таъсир қилган. Вазиятни кўриб, дадамга “велосипед олиб беринг” деёлмасдим. Ҳар-ҳар замонда қўшнилар ва танишларнинг велосипедини ҳайдаб турардим.
9-синфда ўқиётганимда бир кун мактабдан келсам, уйда “Урал” велосипеди турибди. Дадам “Бу сенга! Гимназияга шунда қатнайверасан” дедилар. Бир киши қарзи ҳисобидан шуни берган экан. Жуда хурсанд бўлдим. Унгача 3 км масофадаги гимназияга, 7 км масофага тил ўрганишга пиёда қатнардим.
“Урал”им жуда эски бўлиб, деярли ҳар кун бузиларди. Қўшнимиз велосипед тузатувчи уста бўлгани учун ҳар гал унга олиб чиқиб, тўғрилатарканман, кўриб, ўзим ҳам ўрганиб олдим. Дарсдан келиб, велосипедни ағдариб, нимасинидир созлардим. Раҳматли бобом “фаолиятни бошладингми?” дердилар.
“Урал” минганлар яхши билади. Бу велосипеднинг энг ёмон “одатлари”дан бири чарх ташлаб юбориши эди. Миниб кетаётсангиз, орқадаги механизми яхши ишламай қолиб, чарх бирданига ташлаб юбориб, остингиз эгарга зарб билан уриларди. Яхшигина оғриқ берарди.
Синфдошларим велосипедимга “Танк” деб ном беришганди. Сабаби велосипед рамаси уч марта синиб, сварка қилингани учун семирган ва қийшайганди. Бунинг устига ғилдирак ичида камера йўқ (ўша пайтлар камера қиммат бўларди, шекилли) эди. Камера ўрнига қаттиқ шланг қўйилган эди. Велосипедим жуда оғир бўлса-да, ҳарна корга ярарди.
Синфдошим Беҳзод ҳам велосипедга меҳр қўйганди. Янги “Урал”ни ўша пайтлар урф бўлган Daewoo машиналари рангига септириб, қўшимча жиҳозлар ўрнатиб, биринчи кун мактабга миниб келди. Ҳали қулф олмаган экан. Меники билан қўшиб бойлаб қўйдик.
Иккинчи соатдан сўнг ҳовлига чиқиб қарасак, иккала велосипед ҳам йўқ. Ўғирлашибди. Атрофни қарадик. Изи топилмади. Бу менга унчалик таъсир қилмади-ю, Беҳзод анча куйинди. Ўтириб озроқ кўз ёш ҳам қилди. Алам қилади-да! Қанча харажат, қанча меҳр билан велосипедни биринчи марта миниб келсангу, ўғирлаб кетишса.
“Аслида сеникини ҳам Беҳзодникига қўшиб олиб кетишган. Ўғирлаган одам ҳам роса афсус қилади ҳали”, дея ҳазиллашишганди синфдошлар. Мендаги қулф ҳам қўлбола эди-да: эски велосипед занжиридан ясалган, ўртасида энг арзон Хитой қулфи.
Велосипедсиз уйга қайтдим. Дадам сўрагандилар, бўлган воқеани айтдим. “Яхши бўпти. Қутулибмиз. Энди ўқишга кўпроқ вақтинг бўлади”, дедилар. Шундай бўлса-да, велосипедни топиш умидида яна 2 ҳафта бозорларга чиқдим. Табиийки, натижа бўлмади.
* * *
Ўз маблағимга илк велосипедни 2013 йили харид қилганман. Ўшанда кўп танишларим Тошкентда автомобиллар кўплиги, ҳайдовчиларнинг велосипедчилар юришига парво қилмаслиги важидан фикримдан қайтармоқчи бўлишди. Лекин ўшандан бери барча ишларимни велосипед билан битирадиган бўлдим. Ишга, бозорга, ҳатто саёҳатларга боришда ҳам велосипеддан мунтазам фойдаландим.
XDS тоғ велосипедим жуда чидамли ва баракали чиқди. У билан неча марта тоғ сафарларида бўлдим. Кунлик энг кўп юрган масофам 170 км бўлди. Максимум тезлигим 50 км/соатдан ошди. Шу велосипедда 2019 йили халқаро веломарафонда иштирок этдим. Марафонда ўзимга ва велосипедимга нисбатан қониқиш ҳосил бўлмади. Ёнимдан бошқа велосипедлар учиб ўтиб кета бошлади.
Ўзбекистон велосипедчилар онлайн ҳамжамиятидаги йигитлар билан маслаҳатлашиб, анча енгил ва тезкор бўлган спорт (шоссе) велосипедига ўтишга қарор қилдим. Эски велосипедимни эса ўғлимга бердим.
Шоссе велосипеди менинг қарашларимни ўзгартирди. Янада узоқ манзилларга етаклади. Узоғимни енгил қилди.
8 йилдан бери кундалик ишлар учун мунтазам велосипед ҳайдайман. Ора-сирада узоқроқ масофаларга велосафарга чиқаман. Шу йиллар давомида велосипед ҳайдашнинг тиббий ва иқтисодий фойдаларини танамда яхшигина ҳис қилдим. 2-3 дўстларимни ҳам велофаолиятга даъват қилиб, улов олишга ундадим.
Сўнгги йилларда шаҳарда автомобиллар ҳаддан зиёд кўпайгани, тиғиз вақтларда йўллардаги тирбандликлар, метрода ишга кетар ва қайтар пайтдаги катта тирбандликни кўриб, буёғига велосипеддан яхшироқ транспорт бўлмаса керак деган фикрда яна қатъийлашдим.
Бизда ҳам шаҳар ичида ва ташқарисида алоҳида сифатли велотреклар очилиб, йўлойўналишлар ташкил этилса, ҳам ички сайёҳликка, ҳам ташқи туризмга фойдали бўларди.
Ёшлигингизни эслаш учун ҳам баъзида велосипед ҳайдаб туринг. Саҳар пайти йўлга чиқинг. Юринг. Ҳузурланинг. 2-3 марта мазасини билсангиз, сиз ҳам ўрганиб қоласиз.
Йўлингиз бехатар бўлсин!