Энг ёмон кўрганим болаларга қўпол муомала қиладиганлардир. Бола — гул, бегонанинг боласи ҳам — озгина қўполлик ҳам унга зарар етказади.
Кеча қизалоқларим билан соатимни тузатиш учун бир дўкон ичидаги устахонага кирдим. Соатни устага бериб ўша ерда кутиб турдим. Дўконда телевизор, компьютер расталари ҳам бор. Қизларим телевизорнинг жавонига бироз суянган эди сотувчи йигитнинг жаҳли чиқиб, танбеҳ берди: “Ока, қаранг, оёғи тегибди”. Барака топгур, ўзи бу жавонинг чангиб ётибди, ундан кўра артиб қўй. Чанг устига сал оёғи тегса, шилиниб қолмайди-ку!
Қизларим оёқда туриб, озроқ чарчаган эди, ўша ерда суянчиғи синиб кетган эски кресло турган экан, ҳеч ким йўқлиги учун ўша ерга ўтиргиздим. Бироздан кейин кресло эгаси бўлган йигит келди-да, ёвқараш қилиб: “Иккаловинг ўтирмаларинг, синдирворасанлар”, дея катта қизимни тургизиб юборди. Ўзи курсинг алмисоқдан қолган бўлса, икки қизимнинг оғирлиги сенинг вазнинг ярмича ҳам келмаса, қанақа қилиб синдиради!
Яхшиям, ишим тез битди, икки йигитнинг қўрслигидан зада бўлиб чиқиб кетдим. Кейин бошқа дўконга кирдик. Қизларим растадаги кийим кийгизиб қўйилган манекен чақалоқларга қизиқиб қолишди-да, “ўйнасак майлими?” дейишди. Мен уларни олиш яхши эмаслигини тушунтириб тургандим, сотувчи қиз келди-да, “бемалол олиб ўйнашаверсин!” деди. Қизлар дўконни бошларига кўтариб, қий-чув қилиб яйрашди. Кийимлар терилган расталарга ҳам чиқишди. Биров эътироз билдирмади. Хурсанд бўлдим.
* * *
Бир неча йил олдин Истанбулдаги бир катта кийим дўконига кириб, маҳсулотларни кўриб турсам, бир ҳабаш ота жажжи болакайи билан кирди. Сотувчи йигит “Марҳабо! Хуш келдингиз!” деди-да, болакайнинг бошидан силаб, қўлига қанд-қурс тутқазди. Отасига сув, чой ва қаҳва таклиф қилди. Ҳабаш болакай отаси қўйнидан тушди-да, дўконда ўйнаб кетди. Териб қўйилган маҳсулотлар устига чиқиб, умбалоқ оша бошлади. Отаси тартибга чақирмоқчийди, сотувчи “Қўявер, ўйнайверсин!” деди. Болакай сув сўради, сотувчи бир стаканга сув қўйиб берди. Болажон сувни ичаётиб, стаканни ерга тушириб юборганди, чил-чил синиб кетди. Отаси хижолат чекиб, энди боласини жеркимоқчи эди, сотувчи: “Тўхта!” деди, “Шу биргина бардақ боладан азизми?”
* * *
Расмий мурожаатларда “Хонимлар ва жаноблар, севгили чожуқлар” дея болажонларни ҳам алоҳида эътироф этадиган миллат жуда кам бўлса керак. Туркия масжидларида намоз вақти ҳам қий-чув қилган болаларга ҳеч ким танбеҳ бермайди. Ўзимизда Рамазонда болалар масжидга киришига ҳеч ким эътироз билдирмаса-да, маҳаллий масжидлардан биридаги чоллар “Бўлди боллар кўп тўполон қилиб юборишди. Эртадан 14 ёшдан кичикларни масжидга олиб чиқманглар” дейишганда жаҳлим чиққанди.
* * *
Авваллари ҳар бир маҳалланинг чўнтагига конфет солиб, кўчадаги болакайларга тарқатадиган “ширин дада”лари бўларди. Ҳозир болаларнинг энг севимли “дадаси”га айланган ана шундай болажон кишилар камдек туюлади. Кўча-кўйда ҳам болаларга кам эътибор берамиз. Ҳар қалай менинг болаларим бунақа бегона “ширин дада”ларни кўрмади.
* * *
Бу пост билан кимларнидир таққосламоқчи эмасман. Ўрни келгани учун икки тарафдан ҳам мисолларни келтирдим. Болажонлик деярли ҳамма халқларда бор. Болаларни иззат қилиш эса инсоннинг феълидан келиб чиқади.
* * *
Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни жуда яхши кўрар, туяларига миндириб, уларни беҳад севинтирардилар. Уларга салом берардилар. Бир кун Холид ибн Саид исмли саҳоба кичик қизи билан пайғамбаримизни зиёрат қилишга келди. Қиз Ҳабашистонда туғилгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳабаш тилида “Гўзал қиз” деб, ёнларига олганлар, икки курак суяги орасидаги “Пайғамбарлик муҳри”ни ўйнашга рухсат берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда Ақраъ: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», — дедилар» (Бухорий ривояти).