Қашқадарёга аслида Ҳазрати Султон чўққисига чиқиш учун боргандим. Афғонистондаги ҳарбий вазият туфайли чегараларимизда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани боис чўққига чиқишга рухсатнома олишнинг имкони бўлмади. Лекин бу баҳона билан Шаҳрисабзнинг энг олис тоғ қишлоғи – Кўлни кўриб, унинг табиатидан, гўзал инсонларидан суҳбатидан баҳраманд бўлиш насиб этди.
Тоққа чиқиш иштиёқи кучли, 400 километрдан ортиқ масофа босиб келганмиз, забт этиш учун бошқа чўққини қидирдим. Сарчашмалик Ваҳобиддин ўз қишлоғига таклиф эди. Айни муддао бўлди. Шу қишлоққа яқин Сепоя чўққиларини забт этишни ният қилгандим.
Кўлдан аср пайтида йўлга чиқдик. Шаҳромнинг машинасини Кўл ва Ғийлон бурилишидаги Мунаввар қишлоғида қолдиргандик. Сарчашмаликлар қишлоққача “Кобалт”да бориш мумкинлигини айтишди, ўзлари “УАЗ”да кетишди.
Сарчашма қишлоғи Шаҳрисабз тумани марказидан 75 километр узоқликда жойлашган. Қишлоққа олиб борадиган йўл тоғдан ўтгани, аксар қисми асфальт қилинмагани боис у ерга бориш 2-3 соат вақт олади. “Кобалт”нинг орқасига 2-3 марта тош урилди. Аммо эсон-омон қишлоққа етиб келдик.
Қуёш ботаётгани боис Сарчашма олиб борувчи йўл атрофидаги манзаралар жуда гўзал кўринди. Баланд тоғлар, тоғ ости даралари — канъонлар кунботарда қизғиш тусга кирган. Қишлоқ эса юқоридан қарагандан кўм-кўк кўринади. Қишлоқ ҳудудида ёнғоқзор ва бошқа ўрмонлар бор. Айниқса, ёз пайтида қишлоқ ичкариси жуда мароқли — соя-салқин.
Сарчашма қишлоғида 939 та хўжалик, 1064 та оила мавжуд бўлиб, аҳолиси 5000 нафардан зиёд. Қишлоқ аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Сарчашмада асосан тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Мактабда ҳам таълим тожик тилида олиб борилади.
“Сарчашма”нинг маъноси тожик тилидан катта булоқ, юқоридаги булоқ, асосий булоқ деган маъноларни англатади. Қишлоқ ва унинг юқорисида булоқлар кўплиги учун шундай номланган.
Шомни қишлоқдаги энг қадимий масжид — 1887 йили қурилган “Мулла Рўзий” жомесида ўқидик. Кўҳна масжиднинг тархи тўртбурчак шаклида бўлиб, бўйи ва эни 8х8 метрни ташкил қилади. Масжид олдида икки табақали учта кириш эшиги бор. Атрофи айвон қилинган. Оқсоқолларнинг айтишича, масжид ҳовлисида ёнғоқ дарахтининг ёши 1000 йилдан ошади.
Ваҳобиддин “УАЗ” етиб борадиган охирги манзилда жуда совуқ бўлиши, йиртқичлар кўп эканини, шу боис қишлоқда қолиб, эрталаб чиқишни маслаҳат берди. Лекин биз тоғ бағрида чодирда қолишни афзал кўрдик. Ваҳобиддин бизга йўлбошловчи сифатида Қурбонни қўшиб берди.
“УАЗ”да тоғнинг ўнқир-чўнқир йўлларида сакраб-сакраб юқорига — Ғийлон ва Сарчашма қишлоғини ажратувчи Катта Зок довонига чиқиб олдик. Тунни денгиз сатҳидан 2520 метр баландда жойлашган шу тепаликда ўтказадиган бўлдик. Ҳаво Ваҳобиддин айтгандек, жуда совуқ эмас, лекин куртка киймасангиз, совқотасиз. Кечаси 1 гача гулхан атрофида гурунг қилдик.
Саҳар туриб, чой ичиб олгач, тайёргарлик кўриб, Сепоя сари отландик. Бироз тикка жойдан чиққанимиз учун кўтарилиш бироз қийин кечди. Юқоридан Сарчашма, Ғийлон, Тамшуш, Чунгурак қишлоқлари яққол кўриниб турибди. Биринчи кичик чўққи 3088 метр баландликда экан.
Чўққидан пастлаб, яна бир тоғ ошдик. Йўлда чўпоннинг итлари ташланди. Йўлбошчимиз Қурбон биргаликда юрсак, вовуллаб қолаверади, ташланмайди, эътибор берманглар деди. Тоғда ёлғиз юрмасликнинг шунақа яхши жиҳатлари ҳам бор.
Яна бир тошли чўққига етдик. Бу ердан сўқмоқ пастга энлаб, юқоридаги шаршара томон кетган экан. Сўқмоқнинг остидан ариқ ковланган. Шаршарага чиқиб боряпману, бир нарса ҳайратимни оширди. Юқорида биз тушган жойдан ариқ юқорига оқарди. Қизиқ, қандай қилиб?
Шу ерда Қурбондан бу ариқ ҳақида сўраб олдим. 1-1,5 метр кенглик, ярим метр чуқурликдаги Сарчашма ариғи 1970 йилларда қишлоқ аҳли томонидан ҳашар йўли билан қазилган. Ҳар йили баҳорда қишлоқ аҳли тўпланиб, ариқни тозалайди, сув чиққан, сел ювган қирғоқларни мустаҳкамлайди. “Деярли ҳар бир хонадондан бир вакил ҳашарда қатнашади. Қатнаша олмаганлар озиқ-овқат ва маблағ билан қарашиб юборади”, дейди Қурбон.
Юқорига кўтарилганим сайин ариқнинг юқорига қандай оқаётганига қизиқаман. Аслида шаршара ҳам ариқнинг бир қисми экан. Шаршарагача ҳам ариқ қазилган экан. Ариқ қурилишида иштирок этган 90 ёшли бобонинг айтишича, қурилишдан олдин туман марказидаги мутахассислар бу ерни вертолёт билан ўрганган ва ариқ қазиш учун энг қулай жойларни аниқлашган.
Ариқнинг шаршара қилиб, 70 даражали чўққидан оқизилиши ҳам бежизга эмас экан. Шиддат билан пастга оқаётган сув тўғонга урилиб, сувнинг босими билан юқорига қазилган ариқ томон оқади. Оддий қилиб тушунтирганда, юқоридан катта тезлик билан келаётган сув тўғонга келгач, оқимни тепага қараб итаради. Бу ҳаракат доимий бўлгани учун сув юқорига оқади.
Юқоридан ариқ йўли тоғ томонга давом этган. Қурбон шу ариқ йўналиши билан охирига борсак, Сепояга етамиз деди. Шаршарагача чиқиш бироз мураккаб бўлгани учун шериклар ҳаяллаб қолишди. Фурсатдан фойдаланиб, мен шу ердаги Қоратош чўққисини забт этишга киришдим. Тик тошлардан иборат чўққига чиқиб, атрофни кузатдим. Баландлик денгиз сатҳидан 3546 метр. Ҳар томонимдан баланд тоғлар кўринади. Сепоя тоғлари, нариги тарафда Ҳазрати Султон, Осмонталош чўққилари. Бу чўққилар ортидан эса янада баланд Тожикистон тоғлари кўринади.
Чўққидан тушишимга йигитлар ҳам келиб қолишди. Биргаликда яна бир тоғ ошдик. 3500 метр баландликда ажиб гулзорга дуч келдим. Бу ерда баҳорий чечаклар эндигина очилган, тошлар орасидан қақраб чиққан сариқ, кўк, зангор, пушти чечаклар баҳри дилингизни очади.
Қоятошлар устида бироз дам олдик. Беш соатдан бери тоғ ошяпмиз. Уч йигит шу ердан қайтадиган бўлишди. Мен, Шаҳром ва Қурбон охиригача боришни ният қилдик.
Бундан кейинги йўлимиз экстремал шароитда кечди – Сарчашма ариғи қирғоғи бўйлаб 4 км юрдик. Ариқнинг бу қисми 70-80 даражали қоялардан ўтган. Ариқ қирғоғи ости ҳам тошли жарлик. Жуда эҳтиёт бўлиш керак. Йўлда оёғим икки марта сувга тушди. Йўл ўртасида шаршарали сирпанчиқ қояча бўлиб, жуда эҳтиёт бўлиб ўтиш керак.
Сарчашма ариғини қурганлар меҳнатига шу ерда тан бердим. Ариқ қирғоғи тош, шағал ва тупроқ билан мустаҳкамланган. Баъзи жойлардаги сел йўлларига 5 метр қалинликда тош териб чиқишган. Ҳеч қандай техникасиз, қўл кучи билан ариқ йўлидаги қоятошларни қандай йўнишгани, харсангтошларни қандай чиқаришгани катта меҳнат сарфланганига далолат қилади. Қарийб 15 километрлик бу ариқнинг қазилиши қишлоқ аҳли ҳаётини тубдан ўзгартирган.
Ниҳоят ариқ тугаб, сойга уланди. Сой эса юқоридаги муз ва қорларнинг эришидан юзага келган. Сойнинг бир қисми Сарчашма ариғига бурилган бўлса, иккинчи қисми пастга, Тамшуш қишлоғига оқади.
Шу ердан Сепоя тоғлари — учта чўққи яққол кўринади. Учала чўққида ҳам ҳали қор эримаган. Сой қисмида ҳам эримаган музлар бор.
Аста юқорига кўтарила бошладик. Афтидан, бу ерларда яқиндагина қорлар эриб, қор остидан баҳорий чечаклар энди униб чиқмоқда. Бу ерда ҳаво ҳарорати сезиларли даражада паст — 8-10 даража атрофида. Устимиздан қора булут ўтмоқда. Бир-икки томчи тушади. Қуёш ва булут беркинмачоқ ўйнайди. Шамол эсади.
Узоқдан тош устида икки оёқда офтобда тобланиб, сайраётган суғур кўринади. Тепадан бургут учиб ўтади. Суғур уялари ёнида айиқ, бўри излари кўринади. Чўпонларнинг айтишича, бу йил бўри ва айиқ мўл бўлибди.
Баландлик 3600 метрга кўтарилди. Қурбон кўлни излашга кетди. Узоқдан “бу ёққа келинглар, кўлни топдим” деб бақирди. Денгиз сатҳидан 3622 метр баландликда, Сепоя тоғларининг этагида кўм-кўк Сепоя кўли мавжланади. Кўлнинг узунлиги 800 метр, кенглиги 200 метрча келади. Кўлга сув шу тоғлардан эриб тушади. Тоғ остида шиддат билан эриб, кўлга қўшилаётган сув овози эшитилади.
Кўл суви тошлар орасидан сизиб, 2 км наридаги сойга бориб қўйшилади. Кўл сувининг ҳарорати 2 даража атрофида. Совуқлиги учун бирон жонзот яшамайди. Чўмилиш ҳам амри маҳол – сув ичаман деб қўлимни кўпроқ сувга тиққандим, музлатди.
Сепоя — уч чўққининг баландлиги ҳам тахминан 4000 метрга етади. Қайтишда чўпонларнинг айтишича, чўққининг нариги тарафида ҳам каттагина кўл бор экан.
Катта Зокдан Сепоягача 14 кмлик масофани 8 соатда босиб ўтибмиз. Қайтишда узоқроқ ва текисроқ йўлдан юрдик. 5 соатда пастга тушдик. Шу куни жами 43100 қадам — 30 км йўл босибман.
Сепоядан бир олам таассуротлар билан қайтдик. Икки кун табиат билан ёлғиз қолдик. Тоза ҳаводан нафас олдик. Тошлар орасидан филтрланиб чиққан зилол сувдан қониб ичдик.
Қашқадарё сафари давом этади. Кейинги манзил: Чироқчининг Тарағай қишлоғидаги ҳали охирига ҳеч ким етмаган сирли Тарағай ғори (Амир Темур ғори – 2).
Тошкент – Шаҳрисабз – Кўл – Сарчашма – Сепоя
2021 йил, 10-11 июль.