Яккабоғдаги машҳур Амир Темур ғорига саёҳатдан сўнг Қашқадарёда, Чироқчи туманининг Тарағай қишлоғида Амир Темур номи билан боғлиқ яна бир узун, сирли ғор борлиги ҳақида маълумот беришди. Ғорни топиб бориш, унга кириш анча енгил, осон ва қулай дейишганди. Лекин ундай осон бўлиб чиқмади.
Ҳали ўзингиз манзили ва шароитини билмаган саёҳатга чиқишнинг энг яхши йўли маҳаллий аҳоли вакилларини йўлбошчи қилиб олишдир. Тарағайга Акмал ака билан Шаҳрисабз тарафдан йўл олдик. Говхона қишлоғидан Амир Темур билимдони Тожи бова билан аввалдан келишган эдик. Бир коса чалоп ва озроқ гурунгдан сўнг Тарағай қишлоғига йўл олдик. Тарағайдан Шоди бова ва Жонибек қўшилди.
Тарағайда барлос уруғига мансуб кишилар истиқомат қилади. Ривоятларга кўра, Амир Темурнинг отаси Муҳаммад Тарағай Баҳодур шу қишлоқда туғилган. Қишлоқда Амир Темурнинг болалиги ўтган дея ишонишади тарағайликлар. Маҳаллий аҳоли орасида Амир Темур ва унинг отаси билан боғлиқ бир қанча ривоятлар юради.
Тарағай ғорига чиқиш қишлоқнинг Дунётепа ёдгорлигидан бошланади. Ҳозир бу тепага Амир Темур ва икки олим ҳайкали ўрнатилган. Тўғриси, ҳайкал профессионал эмас, қўлбола ясалганга ўхшайди. Тарағай қишлоғининг бу қисми асосан ёзлик манзил бўлиб, чўпонлар ва деҳқонлар ёз пайти бу ерга келиб, тирикчилик қиладилар. Қиш пайти эса пастки қишлоққа тушадилар.
Тожи бова билан Шоди бовани шу ерда қолдириб, Жонибек йўлбошловчилигида тоққа — ғорга кўтариладиган бўлдик. Кун ботишига оз қолгани учун энг яқин, лекин тикроқ йўлдан чиқадиган бўлдик. Тарағай ғори ҳув анау кўриниб турган чўққининг ичида жойлашган экан. Лекин чўққигача анча масофа бор.
Йўлда булоқ сувидан тўлдириб олдик. Юқоридаги кичик булоққача етиб оламиз. Яқин масофа деганим қўриқлар орасидан ўтди. Бу ердаги майдонларни одамлар бўлиб олган бўлиб, бегона ҳудудга моллар кириб кетмаслиги учун майдонлар иҳоталанган: баъзи четлари катта ариқ билан ажратилган, айрим жойлари ёғоч ёки симтикан билан тўсилган.
Тўсиқлардан ўта-ўта тошли манзилга чиқиб олдик. Бу ерларда тузилиши жуда ажойиб бўлган харсангтошлар жуда кўп. Баъзилари супани эслатса, айримлари ҳайвонларни эсга солади. Баъзиларининг остида ёмғирдан пана қилса бўлади. Улкан тешиктошлар ҳам бор.
Ана шу тошли дарадан бироз юқориласангиз, Тошбулоққа кўзингиз тушади. Сувимиз қолмаган эди. Шу ерда чанқоқни қондириб, таҳорат қилиб, асрни ўқиб олдик. Кун ботиб бормоқда. Тезроқ ғорга кириб чиқиш керак.
Тоғнинг чўққисига ҳам етиб келдик. Ўша ерда ғорни билдирадиган ёдгорлик бор экан. Лекин унинг ҳеч қаеридан ғорнинг оғзи кўринмайди. Яхшиям йўлбошловчимиз бор. Кўрсатиб юборди. Ғор ёдгорликнинг чап тарафи юқорисида экан. Озроқ кўтарилмагунча ғор оғзи кўринмайди.
Жонибекнинг айтишича, биринчи ғор Амир Темур ғорининг айвони деб аталаркан. Дарҳақиқат, бу ғор эмас, узунлиги 20 метрли тор тоғ йўлаги экан. Йўлакнинг нариги томонидан чиқиб, пастга тушиларкан. Асосий ғор ўша тарафда. Пастга тушиш бироз хавфли. Тошлардан эҳтиёт бўлиб тушиш керак.
Ниҳоят, бир дарахт ёнидан юқорига, ғор оғзига йўл кўринди. Яккабоғдаги Амир Темур ғорига нисбатан бу ғорнинг оғзи жуда кичкина бўлиб, узоқдан илғашнинг деярли имкони йўқ. Бирон биладиган одам билан келмасангиз, ғорни топиш жуда қийин. Яккабоғдаги ғор оғзи эса 4-5 километрдан ҳам кўриниб тургани боис топиб бориш осонроқ.
“Бисмиллоҳ” деб ғор ичига киришни бошладик. Бирдан ичкаридан кўршапалак учиб чиқди. Ғор оғзи баландлиги 1,5 метр, кенглиги 90 см. Ичкарига кириш билан бироз торайиб, сўнг кенгаяди. 5-6 метрдан сўнг ғор йўли ўнгга бурилади. Уёғига тикка туриб ҳаракат қилса бўлади.
Ичкарида намгарчилик кучли, йўл сирпанчиқ ва пастга қараб кетади. Ҳарорат 10 даража атрофида. Яна 70 метрча юрилгандан сўнг харсангтошли тўсиқ чиқади. Тўсиқни айланиб ўтсангиз, жарлик — пастга йўл кетади. 10 метр чуқурлик, 80 даражали жарликдан жуда эҳтиёкорлик билан тушиш керак. Тошлар намиққан — йиқилиш хавфи юқори.
Ғорнинг энг кенг жойи шу жар ости бўлиб, кенглик ва баландлик 20 метрни ташкил этади. Шу ердан асосий йўл пастга — ғорнинг ғарбий тарафига кетади. Тўғрида эса ўртача бир одам вертикалига сиғадиган тирқиш бўлиб, ундан кейин бир одам зўрға сиғадиган 4 метрлик йўлак ва ундан сўнг яна жуда тор пастга йўлак келади. Шу йўлакдан эсон-омон ўтиб олинса, ғорнинг бошқа залига ўтилади. Ичкарида яна тоннеллар бор. Ғор илмий жиҳатдан яхши ўрганилмаган. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, ғорнинг бу тарафи охирига ҳеч ким етиб борган эмас.
Ғорнинг ғарбий тарафи охирига боришга қарор қилдик. Пастга тушиш билан намлик яна орта бошлади. Намиққан тошларни эҳтиёткорлик билан ушлаб, қуйилаб бордик. Ғор остида яна бир ғорни учратдим. Ғорнинг оғзи ҳам каттагина, ичкариси ҳам ёйсимон, кенглиги 10 метр, баландлиги 5 метр. У ердан чиқиб, яна пастга қараб юрдик. Ғорнинг охири торайиб, учбурчак девор билан тугайди. Пастлик ва ғор охири бўлгани учун нафас олиш бироз қийинлашади. Шу ергача 400 метрча тушдик. Кеч бўлиб қолди. Қоронғига қолмай, тезроқ чиқиш керак.
Ташқарига чиққанимизда аллақачон шом тушган, осмонда янги ой чиққан эди. Шомни чўққида ўқиб, пастга тушишни бошладик. Бироздан сўнг чироқни ёқиб юришга тўғри келди. Яхшиямки, Жонибек йўлни яхши билади, акс ҳолда қоронғида сўқмоқни тополмай анча қийналардик.
Тушгунча Тарағай қишлоғи, Амир Темур билан боғлиқ ривоятлардан гурунг қилиб кетдик. Маҳаллий аҳоли ривоятларича, Амир Темур йигитлик пайтида ўз аскарлари билан шу ерларда ҳарбий тайёргарлик қилган экан. Ғор эса унинг стратетик ҳудуди бўлиб, ҳимоя мақсадларида фойдаланилган экан. Лекин тарихий ҳужжатларда бу ғорнинг Амир Темур билан боғлиқлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Ўтган йили Чироқчи тумани Тарағай қишлоғининг туристик имкониятлари Туризм ва спорт вазирлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганилиб, ҳудуддаги кичик Амир Темур ғори тарафгача чўзиладиган узунлиги 1.5 километр тоғ дор йўли лойиҳаси қурилиши режалаштирилган эди. Лекин ҳали қурилиш бошланмаган.
Тожи бува ва Жонибекнинг айтишича, қишлоққа франциялик саёҳлар жуда кўп келишаркан. Амир Темур билан боғлиқ яна бир муҳим манзил — Фармонтошни ҳам француз сайёҳлари сайёҳлик харитаси орқали топиб, қишлоқ аҳолисига кўрсатган. Айтишларича, Амир Темур ёшлигида доирасимон текис катта харсанг тошга чиқиб ўртоқларига фармон берган экан.
Чиқишда тик йўлдан чиққан эдик, тушишда текисроқ сўқмоқда қийналмасдан ҳаракат қилдик. Дунётепадан Тарағай ғоригача 5 км масофани чиқишда 3,5 соатда, тушишда 2 соатда босиб ўтибмиз.
Пастга тушсак, бовалар бизадан анча хавотир олган, Дунётепа олдида чироқларимизга термулиб ўтиришган экан. Бу ердан осмон тип-тиниқ кўринади. Юлдузлар қўл билан ушласа бўладигандек, гўё.
Тожи бова ва Шоди бова Фармонтош, Сийпантош ва Полвонтошни ҳам кўрсатмоқчи эди, тун бўлиб қолгани учун улгурмадик. Яна бир меҳмон бўлишни ният қилиб, шаҳар томон йўлга кетдик.
Тошкент – Шаҳрисабз – Тарағай
2021 йил, 12 июль