Ўтган ой Палтау шаршарасига борганимда шу ерга яқин жойдаги Чукураксув дарасида эса яна бир гўзал шаршара бор дегандим. Ўша боришга вақт бўлмаганди. Бу сафар насиб этди.
Чукураксув (Чуқуроқсув) дарасига Чорвоқ сув омборининг жанубий қирғоғи бўйлаб, Бурчмулло қишлоғигача бориб, кўприкдан ўтилади, тахминан 500 метр ўтгандан сўнг чапга грунт йўлга бурилади. Йўлнинг охири чегара ва қўриқхона постига олиб боради. Бу жойлар Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараларига яқин бўлгани учун шу постда паспортлар регистрация қилинади. Сўнг қўриқхона ҳудудига кирилаётгани учун 12250 сўм тўланади. Ичкарига машинада ҳам кирса бўлади. Лекин биз пиёда боришни маъқул кўрдик.
Чукураксув дарасига постдан тўғрига, Чотқол дарёси бўйлаб 5 км юриб борилади. Ўнг томонингиздан шарқироқ Чотқол дарёси оқиб ўтади. Ҳозир дарёда сув сатҳи пасайибди. Шундай бўлса-да, дарё анча хавфли, унда чўмилиш деярли имконсиз, юқоридан шиддат билан тушаётган сув оқизиб, харсангтошга уриши мумкин.
Чотқол дарёси Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятидан, денгиз сатҳидан 4000 метргача жойлашган музликлардан бошланади. Узунлиги 217 км, ҳавзасининг майдони 7110 км². Чорвоқ сув омборига қуйилади. У Чорвоқ сув омбори қурилгунга қадар Чирчиқнинг йирик ирмоғи бўлган.
Агар бу ерларга баҳор пайти келсангиз, ўнг томондаги чўққилардан (Катта Чимён, 3309 метр ва Овчилар, 3099 метр) эриган сувлар бир нечта шаршарани ташкил этади. Ҳозирда бу шаршаралар қуриган.
Постдан Чотқол дарёси бўйлаб 4 км юрсангиз, йўлингизда тол остида кичик шаршара кўринади. Шу ергача ўз автомобилингизда келишингиз мумкин. Лекин йўли яхши эмас. Яхшиси, пиёда келган маъқул: йўл текис, юқорига кўтарилиш йўқ.
Шаршаранинг чап тарафидан юқорига сўқмоқ келади. Шу ердан тор дара бўйлаб тепага кўтарилади. Дара жуда салқин, дарахтзор, чангалзор оралаб юрилади. Ҳозир малина ва маймунжонлар роса пишибди. Йўл-йўлакай еб кетиш мумкин. Сой бўйлаб юқорига бир неча сўқмоқ бор. Баҳор пайтлари сув кўпайганда асосий сўқмоқ сув остида қолади, бироз тепадан юрилади.
Пастдаги кичик шаршарадан юқорига тахминан 200 метр кўтарилиб, умумий 1 километрча юрилгандан сўнг гўзал Чукураксув шаршараси кўринади.
Чукураксув шаршараси шу номдаги сой водийсида жойлашган. Сой Чотқол дарёсига бориб қуйилади. Шаршаранинг баландлиги 20 метрга яқин бўлиб, 30-35 метрли тик қоялар орасидан пастга тушади. Шаршара суви жуда тиниқ, зилол. Бемалол ичса бўлади.
Чукураксувнинг сайёҳлар берган иккинчи номи Келинкўйлак бўлиб, кўриниши замонавий келинлар киядиган оқ келинкўйлакни эслатади. Шаршара остида кичик ҳовуз бор. Шу ерда чўмилиш мумкин.