Тошкент — велосипедчилар учун хавфли шаҳар

Автомобил қулай транспорт воситаси. Вақтни тежайди, масофани қисқартиради. Қулайлик-ку яхши, лекин жонимизу саломатлигимизга етказаётган хавфи ҳам беҳисоб. Глобал исиш, табиат ифлосланиши, улкан тирбандликларда ҳиссаси катта. Мақбул ечими изланганда, назаримизда, велосипеддан афзалроғи топилмаса керак. Европа аллақачон велотранспорт тарғиботини йўлга қўйиб, зарур инфратузилмалар яратди. Ўзбекистонда ҳам велосипед ҳайдовчилари кам эмас. Лекин бизда улар ҳаракатлана оладиган инфратузилма мавжудми? Велосипедчиларга тегишли йўл белгилари, махсус йўлкўрсаткичлар, йўлаклар талаб даражасидами?

«Дарё» мухбири велосипеддан асосий транспорт сифатида фойдаланадиган бир қанча ҳайдовчилар билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Велосипедчи ҳам ҳайдовчи — шуни эсда тутсак бас

Давронбек Тожиалиев, «Ziyouz.com» портали асосчиси, журналист

Етти йилдан бери велосипеддан фойдаланаман. Болаликдаги иштиёқ, яна соғлиққа, иқтисодимга фойда бўлгани учун шуни танлаганман. Автоулов ҳайдовчиларининг қўпол хатоси ёки велосипедчига нисбатан нотўғри муносабати сабаб ҳаракатланиш пайти ҳаётим бир неча марта хавф остида қолган.

Мустақиллик шоҳ кўчасидаги велойўлак бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Давронбек Тожиалиев.
Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Бир куни велойўлак йўқлиги учун асосий транспорт йўлидан ҳаракатланаётгандим. Бурилиш нуқтамга етганда орқадаги машина ҳайдовчисига ўнгга қайрилиш белгисини бердим ва бурилдим. Ҳайдовчи ҳам ўнгга қайрилмоқчи, лекин ўнг чироғини ёқмай ҳаракатланаверди. Урилиб кетишимга сал қолди.

Аслида, велосипедчи қўл ишорасини берганда қолган транспорт воситалари эгалари унга имкон беришлари, қоидага ҳамма қатори риоя этишлари керак.

Охирги пайтларда қурилаётган велойўлаклар сабаб сал бўлсаям кўксимизга шамол тегди. Машиналардан айри йўлда ҳаракат қилиш имконияти бор ҳозир. Лекин кўпининг камчиликлари ҳам йўқ эмас. Ўзингиз кўргандирсиз, аксари пиёдалар, баъзи жойларда ногиронлиги бор шахслар ҳаракатланадиган йўллар билан ёнма-ён. Бу халқаро стандартларга ҳам тўғри келмайди.

Пиёдалар ҳам ўзига қулайини танлаб, велосипед йўлларидан юришади-кетишади, болалар аравачасини етаклаганлар ҳам шу йўлни афзал билади. Ўтиб кетиш учун сигнал чалсангиз, «нима қиласан бу ерда ҳайдаб, бор, бошқа ёқда ҳайда!» дейдиганлар ҳам топилади. Сиз эса йўлдагиларни туртиб юбормай, кимгадир зарар етказмай деб велосипеддан тушиб, пиёда юриб кетасиз.

Икки тарафнинг бир-бирини тушунмаслигига сабаб — велойўлларда махсус белгиларнинг йўқлигидир. Пиёдага йўл бошқа тоифадаги ҳаракатланувчига тегишлилигини англатадиган муҳрга муҳтожмиз. Мана, ҳозир Мустақиллик шоҳ кўчасидаги велойўлакдамиз. Қурилганига ҳали бир ой тўлмади, лекин мен айтаётган бирор белгини учратмайсиз.

Имкон борича махсус белгилари бўлмаган велойўлакларда ҳаракатланишдан қочаман. Гарчи йўл ҳаракати қоидалари бўйича велойўлак бўлган жойда бошқа йўллардан фойдаланиш мумкин бўлмаса-да, олдимдан чиқиши мумкин бўлган пиёдани ўйлаб, асосий транспорт йўлининг четидан ҳаракатланишга мажбур бўламан.

Велойўлакларни асосий транспорт йўлининг четки қисмида ҳам қуриш мумкин. Дунё тажрибасида мисоллар кўп ва йўлларимиз ҳам етарлича кенг бунга. Аммо бу йўлда тўғри ҳаракатланиш ҳали ҳам тартибга солинмаган юртимизда қатор муаммоларни туғдириши аниқ. Қозоғистонда мен назарда тутаётган ҳолат кузатилган. Айниқса, Олмаота шаҳрида бинолар зич жойлашгани ва ортиқча йўл йўқлиги учун велойўлакларни асосий йўлларнинг четида қуришган. Лекин бу велосипедчи ва автомобиль ҳайдовчиларининг доимий зиддиятига сабаб бўлмоқда. Олмаота ҳам Тошкентдек машиналарга тўла шаҳар ва велотураргоҳлар ҳам муаммо.

Туркия, АҚШ денгиз бўйларида узвий велойўлаклар қилиб велотрассаларни шакллантиришган. Яна Германиянинг Рейн дарёси бўйида бир тарафи Швейцариядан бошланиб, Франция ва Германия орқали Голландияни кезиб ўтадиган, узунлиги 1500 километрдан ортиқ бўлган Рейн велосипед йўли бор. Бунинг туризмга фойдасини-ку гапирмай — беҳисоб. Бизда ҳам шундай велотрассалар учун имконият етарли, менимча. Масалан, Тошкентдаги анҳорлар, Чирчиқ дарёси бўйида қилинса, нафақат, шаҳар кўрки, велосипедчи-ю сайёҳга ҳам манфаатли бўларди.

Яна бир катта муаммо — велотураргоҳлар. Айрим савдо нуқталарини ҳисобга олмасак, Тошкентда велотураргоҳларни учратиш қийин. Автомобилга тураргоҳ қилинганда велотураргоҳга ҳам илож топиш мумкин. Европада бу тизим автоматлаштирилган. Мингта велосипедга мўлжалланган тураргоҳга кирилганда махсус электрон доска орқали велотураргоҳнинг қайси нуқтасида қанча жой борлиги кўриниб туради. Велосипедингиз хавфсиз ҳолатда сақланишига кафолат бор. Бизда эса велотураргоҳ деганда темир боғлаб қўйилган манзарани кўрасиз, холос. Мабодо, қулфингиз бўлмаса, велосипедни тураргоҳга қўйишнинг ҳожати йўқ.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Автоматлаштирилган велотураргоҳ учун велосипедчи кўп бўлиши керак. Пойтахт йўлларида ҳаракатнинг тартибсизлиги, автоҳалокатларнинг кўплиги, инфратузилманинг абгорлиги аксарият велоҳаваскорларнинг шаштини сўндиради. Нидерландиянинг Гронинген шаҳрида йўллардаги умумий ҳаракатнинг 60 фоизини велоҳаракат ташкил этади. Ҳатто баъзи кўчаларида велосипеддан бошқа транспортда ҳаракатланиб бўлмайди. Назаримда, Тошкентда велоҳаракат умумий ҳаракатнинг 10 фоизини ҳам ташкил этмаса керак.

Велосипеддан фойдаланишни оммавийлаштиришнинг мақбул йўллари талай. Айтайлик, ижара тизими. Қозоғистон бу борада биздан илдамлаб кетган. Хорижда фойдаланувчи бир нуқтадан велосипед олиб ишини битиргач, бошқа нуқтага бемалол топшираверади — велосипедга GPS ўрнатилади ва уни ҳеч ким ўғирлаб кетолмайди. Бу марказлашган тизим. Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳам пойтахтда bike sharing тизимини ривожлантириш бўйича 2021 йил апрель ойида лойиҳа эълон қилганди. Энди натижани кутяпмиз.

Мақоланинг тўлиқ версиясини Дарё.уз сатида ўқинг

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *