Наволисой водийси, тоғ келинчаги Наволисой шаршараси — такрорланмас гўзал манзаралар. Табиат билан ёлғиз қолиш, тафаккур қилиш учун жуда яхши имконият.
Ўзбекистонда ёзнинг сўнгги кунлари ҳам ажиб. Шаҳарда ҳам ҳаво бироз тушган, тоққа салқин излаб борувчилар сони ҳам анча камайибди. Бўстонлиқдаги доимий гавжум масканлар ҳам бироз енгил нафас олмоқда.
Кечаги сафарим Чорвоқ сув омборининг юқорисида жойлашган Наволисой дарёси бўйлаб кечди. Угом тизмаларидаги қорнинг эриши ва ёмғирлардан, тоғ булоқларидан ҳосил бўлувчи бу дарё Чорвоқ сув омборига қуйилади. Узунлиги 17 километр. Бешта кичик ирмоқлари бор. Асосий сув булоқлардан келгани учун суви тиниқ, маҳаллий аҳоли шу сувни трубалардан тортиб, истеъмол қилади.
Наволисой шаршарасига бориш учун Хўжакетдан Сижжак қишлоғи томон юрилади. Сижжак қишлоғи охирроғида Наволисой маҳалласи келади. Р-5 йўлининг қайрилмасидаги кўприкка етмасдан юқорига йўлак келади. Шу ердан юқорига 200 метрча машинада чиқиш мумкин. Энг арзон вариант эса, Тошкент-Хўжакент электропоезди билан Хўжакентда тушиб, Сижжакка борадиган автобусга ўтиришдир. Шунда йўлкира учун бир тарафга атиги 10000 сўм сарфлайсиз.
Юқоридаги эски пионер лагери олдидан (ҳозир дала-ҳовлилар бўлиб кетган) пиёда юриладиган сўқмоқ йўл бошланади. Сўқмоқдан Наволисой дарёси бўйлаб, юқорига кетилади. Бу ерлардан трактор ва УАЗлар ҳам юраркан. Лекин йўли автомобил учун жуда мураккаб – тошли жойлари ва сойдан ўтадиган бир неча ери бор. Борувчиларга ҳам УАЗда юрмасликни тавсия қиламан. Етгунча сакрайвериб, бошингиз тепага урилиб хуноб бўласиз.
Энг яхшиси пиёда сайр қилиб бориш. Йўлнинг дастлабки қисми тупроқли — ҳозир жуда чанг бўлибди. 1 километрдан кейин дарё бўйидан тошлоқ йўл бошланади. Шу ердан гўзал манзараларга маҳлиё бўлиб, илҳомланиб кетаверасиз. Йўл-йўлакай пишиб ётган маймунжонлар, тоғолча, олмалардан баҳраманд бўлиш мумкин.
Наволисой водийси асосан ўрмонлар ичидан ўтади. Пастки қисмида мевали дарахтлар, ёнғоқзор ўрмонлар бор. Онда-сонда табиий ўсган арча ва қарағайлар учрайди. Ўрмонзорлар ичи жуда салқин, маза қилиб дам олиб кетиш мумкин. Алоҳида сув оволишга ҳожат йўқ — дарё суви булоқдан келаётгани учун жуда тиниқ ва мазали. Қушлардан булбул, каклик кўп, юқори қисмда тоғ эчкиси учрайди. Атрофдаги тоғлар ҳам гўзал — худди катта пичоқ билан кесилгандек таассурот уйғотади.
Шаршарани топиб бориш осон. Асосий сўқмоқ ўзи олиб боради. 2-3 та жойда ясама кўприклардан ўтилади. Бу ерларда телефон ишламайди. Шунинг учун офлайнда ҳам ишлайверадиган MAPS.ME иловасини тавсия этаман. Иловада шаршара манзили бор. Шунга қараб йўлни осон топиш мумкин.
Дарвоқе, Наволисойнинг маъноси “наволи, мусиқали сой”дир. Дарё сувлари тошдан тошга урилиб, ажиб наво чиқаради. Айрим мутахассислар топонимни Новалисой дейишади. Бу — нов ёки ёғочдан ясалган тарнов, жарлик ёки сойлик устидан утказилган сув иншооти деган маънони англатади. Дарёда ёввойи гулмоҳи (форель) балиғи яшайди.
Мен ўқиган айрим манбаларда Р-5 йўлидан Наволисой шаршарасигача масофа 5-8 км дейилган экан. Шунга ақлли соат ҳисоблагичига қараб, шерикларга оз қолди-оз қолди деб кетаверибман. Аслида шаршарагача 10 км пиёда юриш керак экан. Ҳар тугул шериклар эплашди — шаршарагача ҳамма етиб борди. Денгиз сатҳидан 950 метр баландликдан бошланган сайр шаршара жойлашган 1550 метргача давом этади. Ўртача 600 метр баландликка чиқилади. Манзилнинг 9 километри нисбатан текис — қийналмасдан кўтарилиш мумкин. Охирги бир километрда эса росмана тоққа чиқилади.
Узоқдан икки тоғ қўшилган жойдан оқиб тушаётган шаршарани кўриб, тезроқ етиб бориш иштиёқи янада ошади. Кескин кўтарилишлар ҳам шаршарага тезроқ бориш иштиёқи олдида қийин кечмайди.
Наволисой — тоғнинг гўзал келинчаги. 2-3 каскадли шаршара аслида 100 метрча баландликдан тушади, охирги кўриниб турган қисми 30 метр.
Бу ергача йўлда тўхтаб, дам олиб 4 соатда келибмиз. Шунча машаққатдан сўнг шаршарада чўмилмаса бўлмайди. “Бисмиллоҳ” деб ичига кирдим. Юқоридан шиддат билан тушаётган сув сизни қаттиқ савалайди — ичингиздан бақириқ келади — ҳамма стреслар шу билан чиқиб кетади. Шаршара суви нисбатан совуқ бўлса-да, аввалига билинмади. Сувдан чиқишим билан бироз билинтирди.
Икки тарафи кескир қоялардан иборат бўлгани учун бу ерда доимий шабада эсади — жонга роҳат. Шу ерда Саъдулла дўстимиз катта харсангтошнинг орқасига яшириниб, қайноққина қаҳва дамлаб берди. Муздак шаршарадан сўнг қаҳва жонга ҳузур берди.
Чиқиб бориш машаққат бўлган эса-да, тушишда анча тез ҳаракатландик. Шунча меҳнатдан сўнг тоғда қолмасак бўлмас — табиат бағрига чодир тикдик. Чироқнинг ҳам деярли кераги бўлмади — тўлин ой осмонимизни ёритди. Етказганига шукр!
Тошкент – Сижжак – Наволисой
21-22 август, 2021 йил
Ажойиб. Бориш иштиёқи туғилди.