Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти таклифи билан Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан Чимёндаги тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар марказида бўлдик.
Денгиз сатҳидан 1700 метр баландда жойлашган, 316 гектар майдонга эга ушбу комплекс 2020 йили фойдаланишга топширилган. Айни пайтда бу ерда ҳарбий хизматчилар чанғида учиш, тоғ шароитида ҳаракатланиш, парапланда учиш, от марафони каби тоққа мослашган ҳарбий машқларни бажаришмоқда экан.
Альпинизм десам жуда мақтаниш бўлар-у, тоғ туризмига қизиққаним учун ҳарбий хизматчилар тоғ тайёргарлиги жараёнида ишлатадиган альпинизм жиҳозлари замонавий, мустаҳкам ва қиммат брендларники эканидан қувондим. Ўзбек ҳарбийлари ҳам Эверестни забт этиб, Ўзбекистон байроғини дунё томига ўрнатиш учун тайёргарлик кўришмоқда экан. Ўзи хайрли қилсин!
Ҳарбий сир бўлгани учун бизга намойиш этишган энг сўнгги русумдаги, замонавий ва қиммат қуроллар (Россияники эмас) ҳақида маълумот ва сурат беришнинг имкони йўқ.
Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги бўлими бошлиғи майор Зокир Яллакаевнинг айтишича, «Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази фойдаланишга топширилгандан кейин ҳарбийларимизнинг халқаро армия ўйинларидаги имкониятлари ошди. Бу ерда «Элбрус ҳалқаси», «Тоғ учкураши», «Саян юриши» ва «Отлиқ марафон» каби йўналишлар бўйича тайёргарлик олиб борилади.
Ўтган йили ўзбекистонлик ҳарбийлар Халқаро армия ўйинларида бевосита тоғ шароитлари билан боғлиқ «Элбрус ҳалқаси», «Отлиқ марафон» йўналишида кумуш, «Саян юриши» йўналишида эса бронза медалини эгалладилар.
Халқаро армия ўйинларида қатнашиб, ғолиб бўлган бир нечта ҳарбий хизматчилар билан гаплашдим. Европанинг энг баланд чўққиси Элбрус (5642 метр) ва МДҲнинг энг баланд чўққиларидан бири Абу Али ибн Синони (аввалги Ленин чўққиси, 7134 метр) забт этишибди. Кейинги марра Тожикистоннинг энг баланд чўққиси Исмоил Сомоний (аввалги Коммунизм чўққиси, 7495 метр) ва кейин 14 та 8000 метрдан баланд чўққиларни режа қилишибди. Омад тиладим.
Фурсатдан фойдаланиб, шу ерда илк бор чанғида учиб кўрдим. Илк уриниш деярли ҳаммада бўлганидек йиқилиш билан тугади. Ҳарбий хизматчиларнинг айтишича, чанғида учишни икки кунда ўрганиб олса бўларкан. Муҳими қўрқмаслик ва бошида йиқилишга руҳий жиҳатдан тайёр бўлиш – шунда организм ҳимоя чораларини қўллайди ва сизга шикаст етмайди.
Қорабайир оти қорли тоғда роса чопиб чарчаган бўлса-да, мени яна устида олиб юришдан малолланмади, ақлли жонивор.
Барча Ватан ҳимоячиларини келаётган байрам билан табриклайман. Мамлакатимиз сарҳадлари доим мустаҳкам бўлсин!