1. Кунига бир соатни китоб ўқиш учун ажратинг. Бунда давомийлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзингизга ҳар куни камида бир соат китоб ўқишни вазифа қилиб олинг. Шу тарзда китоб ўқиш тезлигингиз мунтазам ошиб боради. Секин-аста кунлик китоб ўқиш соатини ҳам ошириб бориш мумкин.
2. Ўзингизга ёқадиган қулай жойда мутолаа қилинг. Ётиб ўқимасликка ҳаракат қилинг — кўзингиз чарчайди. Китобни кўзингиздан 30-40 см узоқликда, 45° бурчак остида ўқинг. Ёруғлик чап тарафдан тушгани маъқул, муҳими етарли даражада бўлсин. Китоб танлашда матннинг ҳажми, шрифти сизга қулай эканига эътибор қаратинг.
3. Мутолаага энг қулай вақтни танлай билинг. Ухлашдан аввал китоб ўқиш тавсия қилинмайди — кун давомида турли ахборотларни қайта ишлаган миянгиз кечқурун бироз толиқиши ва маълумотни яхши қабул қилмаслиги мумкин. Эрта тонгдаги мутолаа эса жуда фойдали — яхши дам олган миянгиз ахборотларни осон қайта ишлайди ва узоқ вақт эслаб қолади.
4. Китобдан олган энг яхши фикр ва фактларни қайд этиб боринг. Баъзилар бунда китобнинг ўзига чизиш ёки бўяшдан фойдаланади. Ундай қилманг — сиздан кейин ҳам биров ўқиши мумкин. Алоҳида дафтар тутиб, унга ёзиб борсангиз фойдалироқ. Мутолаадан сўнг китобдан олган хулосаларингизни ҳам қайд этинг.
5. Қўлингизга тушган ҳар қандай китобни ҳам ўқийверманг. Китобни танлай билишни ўрганинг. Аввало ота-онангиз, устозларингиздан китоб тавсияларини олинг. Ёшингизга мос, сизга қайси бири фойдали эканини улар яхшироқ билишади. Тавсиялар асосида ўқишингиз керак бўлган китоблар рўйхатини тузиб олинг. Режа асосида мутолаа қилинг.
6. “Тўғри ўқиш” бу тез ўқиб тугатиш дегани эмас. Муҳими — тушуниб ўқиш. Китоб ўқиш салмоғи унинг бетлари сони билан эмас, қанчалик тушунганингиз билан ўлчанади. Китобдаги тушунарсиз сўз ва жумлалар маъноларини билиш учун луғат ва энциклопедиялар титкилашдан эринманг ёки яқинларингиздан сўранг.
7. Ҳадеб бир хил мавзу ва жанрдаги китобларни ўқийверманг. Бир марта саргузашт қисса ўқисангиз, кейинги сафар тарихий асар ўқинг. Илмий адабиётлар, ахлоқий китоблар, психологик қўлланмалар ҳам фойдали. Имкон борича турли мавзулардаги китобларни мутолаа қилинг — дунёқарашингиз кенгаяди.
8. Китоб ёқмаса — ўқиманг. Аввало китобнинг мундарижаси билан танишинг. Агар китоб илмий-оммабоп бўлса, олдин ўзингизга ёққан мавзуларни ўқинг. Китоб ёқмадими, миянгиз қабул қилмаяптими, чарчадингизми — давом эттирманг. Танаффус қилинг. Истасангиз овоз чиқариб ўқинг. Ёқтирмаган китобингизни ўзингизни мажбурлаб тамомлашингиз керак эмас. Муҳими — ўзингизга фойдали ва тушунарли китобдан завқ олиш.
Давронбек Тожиалиев, Ziyouz.com кутубхонаси асосчиси
2021 йили чоп этилган 3-синфлар учун “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” дарслигидан