Ноябрь ойида ўқиган китобларим

07.11.2023

Жон Кракауэр. Сийрак ҳаво ичра: Эверестдаги фожиа ҳақида шахсий ҳикоя (Jon Krakauer. Into Thin Air: A Personal Account of the Mt. Everest Disaster)

Ушбу илмий оммабоп бестселлер америкалик журналист ва алпинист Жон Кракауэр қаламига мансуб бўлиб, 1997 йили чоп этилган. Китоб 1996 йилги Эверест чўққисидаги фожиа ҳақида. Ўшанда “дунё томи”да 12 алпинист ҳалок бўлганди. “Outside” журнали топшириғи билан Эверестга юборилган журналист чўққини забт этаркан, ушбу фожиага гувоҳ бўлади. Чўққи бағрида кучли бўрондан омон чиққан журналист фожиа тафсилотларини аввал мақола тарзида, кейин китоб ҳолида баён этади.

“Тайм” журнали томонидан “йил китоби”, “Нью-Йорк таймс” эълон қилган бестселлерлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган ушбу китоб реал воқеаларга асосланган бўлиб, ўз пайтида катта шов-шувларга сабаб бўлган. Унда алпинизм тарихи, одамларнинг тоғларга интилиши сабаблари ва асосийси, инсон иродасининг нималарга қодирлиги ҳақида ҳам сўз боради.

Китобни ўқиркансиз, гоҳ тарихга, гоҳ 1996 йилга, Ҳимолай тоғларига саёҳат қиласиз, муаллиф билан яйрайсиз, куласиз, йиғлайсиз, бирга чўққига кўтариласиз, этларингиз жунжикиб, совуқни ҳис қиласиз, ҳаво етишмай қолгандек бўлади, -40 даражали изғирин ва тунда, кўз очирмас бўронда ўлим талвасасида зўрға чодирни топасиз-у, сиздан 300 метр юқорида музлаб жон бераётган шерикларингизга ёрдам беришга кучингиз етмай, виждонингиз қийналади…

 

18.11.2023.

Габриэл Гарсиа Маркес. Денгизга чўкмаган одам ҳикояси (Gabriel García Márquez. Relato de un náufrago)

Машҳур ёзувчининг ушбу қиссаси унча машҳур эмас. Асар дастлаб 1955 йилда “El Espectador” газетасида кетма-кет ўн тўртта сонда нашр этилган; кейинчалик 1970 йили китоб сифатида чоп этилган. Ҳаётий воқеликка асосланган воқеаларни ҳукумат позициясидан бошқача ёритгани учун муаллиф таъқибга учраган.

Китобнинг тўлиқ номи асар ҳақида маълумот беради: “Кема ҳалокатига учраган денгизчининг ҳикояси: ўн кун давомида сувсиз ва озиқ-овқатсиз қутқарувчи солда сузган, кейинчалик Миллий Қаҳрамон деб эълон қилинган, гўзаллик маликалари томонидан ўпилган, реклама орқали бойиб кетган, сўнгра ҳукумат томонидан рад этилган ва буткул унутилган одам”.

Китобнинг асосий қисми колумбиялик денгизчи Луис Алехандро Веласко тилидан ҳикоя қилинади. Контрабанда товарларининг кўп ортилгани сабаб ҳалокатга учраган кемадан фақатгина шу матрос омон қолади. У ўн кун давомида ўлим билан олишиб, Кариб денгизининг бепоён сувларида оч акулалар билан курашиб, тақдир шамоли билан қуруқликка етиб олади…

 

30.11.2023.

Александр Пушкин. Капитан қизи (Александр Пушкин. Капитанская дочка)

Пушкиннинг бу қиссасини аввал ўқиган эдим, лекин катта таассурот қолдирмагани учун ёдимдан чиққанди. Ёзувчи Эркин Аъзам тавсиясидан сўнг оригиналда қайта ўқиб чиқдим. Ҳақиқатдан ёш ўтган сайин асарни тушуниш таэрибаси ҳам ортиб бораркан.

“Капитан қизи” воқеалари Россияда 1773-1774-йиларда бўлиб ўтган Пугачев қўзғолони билан параллел тарзда кечади. Муаллиф подшолик душмани Емелян Пугачевни ёвуз, ярамас (злодей) деб атаса-да, ундаги инсонийлик, шафқат, мардлик хусусиятларини ҳам рўйи рост тасвирлайди. Шу боис ҳам асар рус адабиётида реализмнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатган, дейилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *