Болалигимдан китоблар орасида ўсдим, дея олмайман. Лекин эсимни танибманки, китоб йиғаман.
Бобом ва бувим зиёли инсон ўтган, иккилари ҳам педагог эдилар. Уйдаги катта жавон китобларга тўла бўларди.
Иккинчи синфда ўқиётганимда Мустақиллик эълон қилинди. Эсласам, ўша кезлар келажакка ишончсизлик, иқтисодий буҳрон ҳукм сурган экан. Не тонгки, жавондаги китобларнинг кўпи сабзитўғрар маросимларида тахтакач бўлиб кетди. Қолган-қутгани эса пистафурушга арзонгаровга сотилди… Талотумдан фақатгина бир неча китоб ва дадамнинг тиббий кутубхонаси омон қолди – уни кўз қорачиғидек эҳтиёт қилар эдилар…
Сичқон тешиб қўйган эски портфелим, мактабимиз бурчагидаги нурсиз, зах, аммо китоби мўл кутубхона ва кекса кутубхоначи аёл – бошланғич синф давридан хотирамда қолган парчалар…
Бу орада армиядан қайтган амаким иш топа олмай, охири шаҳардаги китоб универмагига жойлашди. Ўша буҳрон йилларида ҳам майдони тахминан 2000 кв метр бўлган, қўш қаватли катта дўкон ишлар эди. Жавонларига китоблар сийрак терилганига қарамай, йигирмалаб ишчиси бор эди. Савдо дуруст бўлганми-йўқми, билмайман, ҳарқалай, амаким ойлиги ҳисобидан расмли эртак китоблар олиб келиб берарди.
5-синфдан мустақил китоб сотиб ола бошлаганман. Дадам мактаб учун берган майда пулларни йиғиб, ҳар жума куни масжид олдидаги растадан битта китоб сотиб олардим. Пулим 100 бетгача бўлган мўъжаз китобларга етарди, холос. Эндигина чоп этилган “Тафсири Ҳилол”ни харид қилиш ушалмас орзу эди гўё.
Синфдошларнинг туғилган кунида бақадриҳол пул йиғардик. Туғилган кун эгасига ё пулни топширардик, ё айтган нарсасини олиб берардик. Бир синфдош қизимизнинг туғилган куни яқинлашди. Ундан нима олиб беришни сўрадик. “Роса реклама қиляпти — ҳали бирор марта “Сникерс” деган шоколадни емаганман”, деди у уялибгина. 20 кишидан йиғилган халфана пулга атиги битта “Сникерс” келди денг! (у кезлар жуда қиммат бўларди бу арзанда шоколад…) Бир ойлардан кейин каминанинг таваллуд куни келди. Китобларни танладим. Битта “Сникерс”нинг пулига марказдаги китоб универмагидан 15 та китоб олдим.
Она тили ва адабиёти фани икки гуруҳга бўлиб ўқитиларди. Бизнинг гуруҳ устози Сурайё опа Ғозиева китобга меҳр уйғотган фидойи педагоглардан. Бир куни жияни билан уйидан синфга икки қоп китоб олиб келди ва ҳар биримизга мутолаа бўйича вазифа берди. Устоз дарс аввалида ҳар бир ўқувчидан ўзбек тилидаги иккита янги сўзни шарҳлаб беришни талаб қиларди. Бир дарсда 10 киши 2 тадан янги сўз айтса, сўз бойлигимиз 20 тага кўпаярди. Шу боис қизил жилдли машҳур “Изоҳли луғат” ўқувчилар орасида талаш бўларди.
Мактабда ҳар куни соат 7:30 да “Субҳидам учрашувлари” бўларди. Унда ҳар куни муайян бир синф бадиий, маърифий, илмий чиқиш қилиб берарди. Рамазон кезлари рўза фазилатлари ҳақида суҳбат бўларди. Ўқувчилар ёзган шеър, ҳикоялар тингланарди. Ора-орада мамлакатдаги муҳим воқеалар шарҳланарди. Китоблар муҳокама қилинарди. Бир сафар синфимиз билан Абдулла Ориповнинг “Ҳаж дафтари” деб номланган китобини тўлиқ ёддан ўқиб берганмиз. Мушоира сал чўзилган шекилли, катта синфдаги бир қиз ҳушидан кетганди. Муқовасига “Ҳожи Абдулла Ориф” деб ёзилган, Каъбатуллоҳ тасвири туширилган бу мўъжаз китобдаги барча шеърлар самимий битилганди. Шоир “Шайтон” деган шеърида
Шодумон йўл олдик Ватанга қараб,
Шайтон қолди, дея чуқурда — чоҳда.
Манзилга қайтгандик, Шайтон, воажаб,
Бизни кутиб олди тайёрагоҳда —
деб ёзади. Мактабдаги устозимиз шу сатрни шарҳлаб, “Қаранг, Ҳаждан келаётганларни шайтонлар тайёрагоҳда кутиб олибди. Қизиқ, қайси шайтонлар экан улар?” деганида ўша пайтда тушунмаган эканмиз.
7-синфдалигимда китобларга қирғин бошланди. Юқоридаги қайси бир валломат СССР давридаги айрим китоблар йўқ қилинсин, дея буйруқ берибди. Мактаб кутубхонасидан бир трактор китоб олиб кетилди. Сўнг бошқа амру фармон келди: фалон муаллифларнинг китоби йўқ қилинсин, китоблар ичидаги “СССР”, “совет” сўзлари ўчириб чиқилсин! “Китобкушлик”ка биз ўқувчилар ҳам жалб этилдик. Бир маҳал шаҳардан келган “комиссия” кутубхонамиздаги Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” асарини ҳам йиғиштиряпти. Ҳа, десак, муаллиф тақиқланган, дейишди. Боёқишлар XV-XVI асрларда яшаган шоирни замонавий мухолифатчи қаламкашга чоғиштириб юборишибди. На кулишни биласиз, на куйишни… Биз эса китоблар ичидаги “КПСС”, “СССР”, “Совет” деган ёзувларни ўчиришдек бемаъни, зерикарли жазога мустаҳиқ этилдик. Ана шундай қочди-қувдиларда ҳам талай китоблар йўқолди. “Китоб ўғирлаш гуноҳ эмаслигига” ишонтирмоқчи бўлсалар-да, биронта китоб олмадим — “Энг катта ўғрилик — китоб ўғрилиги” дедим ўз-ўзимга.
Кейин жавонлари сийраклашиб қолган бўлса-да, хийла бой саналган шаҳар кутубхонасига қатнадим. Зах хоналари, хира деразалари ҳали-ҳали тушларимга кириб туради.
1998-1999 йилларда республика “Китобхон” танловида қатнашгани Тошкентга сафар қилдик. Ўша пайтлар Навоий кўчасида икки-учта катта китоб дўкони бўларди. Нархи жуда арзон эди. Дадам ишлатгани берган ҳамма пулга 40-50 тадан китоб олиб кетдим.
Талабалик мени китобларга янада яқинлаштирди. Ҳозирги сенат биноси ўрнида жойлашган эски Алишер Навоий кутубхонасининг ўзгача файзи, бетакрор муҳити бор эди.
1-2-курсларда ижара жойим эгалари билан “Тезиковка” бозорига чиқардик: уларнинг юкини ташишиб берардим. Бозорда баъзида ноёб китоблар ҳам чиқиб қолар, уларни хазина топгандек қувониб сотиб олардим. Шаҳарда эски китоб дўконлари, букинистлар ҳам бир қанча эди. Шунақа дўконларни айланиб, ноёб китобларни қидиришни хуш кўрардим. Ҳозир бунақа дўконлар бармоқ билан санарли қолган.
“Бедананинг уйи йўқ, қайга борса битбилдиқ” дегандек, талабанинг дарди — ижара жой. Гоҳ у ерга кўчасиз, гоҳ бу ерга. Енгил кўрпа-ёстиқ, бир халта кийим — бор-будим шу. Асосий оғир юк доим китоблар бўларди. Ахийри Марғилондан бирон таниш машинада келса, китобларни уйга берворадиган бўлдим.
Университетдан кейин бир қанча хориж давлатларига сафар қилиш насиб этди. Оғир келса-да, қиммат бўлса-да, у ерлардан ҳам асосан китоб келтирдим (кейинчалик айнан ўша китобларнинг катта фойдаси тегди).
Китоблар кўпайгани сари уларни тартиблаш, олди-бердисини назорат қилиш ҳам қийинлашаркан. Бошпана топиш жараёни талаба дўстларимникида қолиб кетган баъзи китобларим “ғойиб бўлди”. Болаликдаги сотиб олинган ва ўқилган китоблар ҳақидаги китобнома – “китоб дафтари” ҳам тўлиб бўлган.
Даставвал, компьютерда полиграфия дизайнини ўрганганим боис, шахсий кутубхонам белгисини ишлаб чиқдим ва ёпишқоқ қоғозга чиқариб, китобларимга ёпиштириб қўядиган бўлдим. Вақт ўтиши билан бу қоғоз кўчиб кетаверди. Кейин муҳр қилдириб босадиган бўлдим.
Шахсий компьютерга эга бўлганимдан кейин китобларим реестрини тузишга киришдим. Унда китоб номи, муаллифи, нашриёти, чиққан, йили, мазмуни, сотиб олинган санаси ва нархини киритдим. Китобни ўқиб туришга биров олган бўлса уни ҳам ёзиб қўйишга одатландим.
Шундай бўлса-да, китобларни қайтармаганлар ҳам бўлди. Шуниси ёмон. Ўша ноёб китобни энди топиш имкони бўлмаса, унданам баттар. Лекин барибир кимдир ўқиб, баҳраманд бўлгани таскин беради одамга.
Ҳозир шахсий кутубхонамда 1500 китоб бор, электрон китобларим эса анча кўп. Иншааллоҳ, шахсий уй олсам, каттагина китоб жавон ясаттирмоқчиман. Марғилондаги ота ҳовлимизда ҳам кутубхона очиш ниятим бор.
Кутубхонамни кўрганлар кўпинча, қанчасини ўқиб чиққансиз деб сўрайди. Ярмини “хатм” қилганман. Лекин ҳаммасининг мундарижаси билан танишман, қайси маълумотни қаердан излашни биламан.
“Китобсиз уй руҳсиз танага ўхшайди”, дейди инглизлар. Баъзилар, китоб ўқилмагач, уйда қуруқ безак бўлиб турганидан не наф дейди. Мен, майли, тураверсин, бир кун бари бир очилади, ўқилади, дейман. Бунга кўп гувоҳ бўлдим.
Энг муҳими, китобларимиз фойдали ва манфаатли бўлсин — акс ҳолда уларнинг бир парча қоғоздан фарқи қолмайди!