10 ёшли ўғлим АбдулАзиз сўнгги кунларда кетма-кет “Академнашр”нинг болаларга бағишланган китобларини ўқиб тугатди.
Биринчи ўқигани Саъдулло Қуроновнинг “Коинот жавоҳири” китоби бўлиб, болада катта таассурот қолдирди. Менинг таклифим билан АбдулАзиз ўқиган китоблари ҳақида таассуротларини кундаликка ёзиб боради. “Коинот жавоҳири” ҳақида унинг хулосалари: “Китобни ўқиб чиқарган хулосам шуки, инсон дунёдаги энг кучли ва ақлли махлуқот экан. Одам миясининг фақатгина 10 фоизини ишлатар экан. Агар 100 фоизини ишлатса, у оламшумул ишларни амалга ошира олади”.
Гарчи бироз нотўғри бўлса-да, АбдулАзиз “Коинот жавоҳири”нинг иккинчи қисмини аввал ўқиб, сўнг биринчи қисмни — “Галактикада бир кун”ни мутолаа қилди. Қизиқиб ўқигандан бунисини жуда тез тугатди. Айтиши бўйича, унга шунақа илмий-фантастик асарлар ёқар экан. “Одамнинг йўлида албатта тўсиқлар учрайди. Инсон уни кўпинча бировларнинг ёрдами билан енгади. Лекин қисса қаҳрамони Аҳмад исмли бола тўсиқларни ўзи енггани менга таъсир қилди” деб ёзибди кундалигида.
Кейинги китобни ўзим танлаб бердим: голланд адибаси Анни Шмидтнинг “Мушуклар маликаси Минуш” асари. Бошида ўғлимга китоб унчалик ёқмади. “Қизларга мос китоб” эмиш. Лекин мушукларнинг номлари зўр экан. Орада тушунарсиз сўз ва иборалар ҳам чиқа бошлади. Саъдулло Қуроновнинг китобларидаги сўзларни бемалол тушунган эди. Унга тушунмаган сўзларини белгилаб қўйишни айтдим. Кейин “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” билан ишлашни, билмаган сўзларни ҳам дафтарга маъноси билан ёзиб боришни тайинладим. Асар Шарифжон Аҳмедов таржимасида жуда зўр чиққан. Лекин болаларбоп тил ва услубда бироз ғализликлар борга ўхшади. Бир тарафдан яхши бўлди. “Рўдапо”, “кулала”, “абгор”, “намсиламри”, “эгачи”, “мўр-малах”, “чулчит”, “раҳнамо”, “алфоз”, “машварат”, “айюҳаннос”, “манфур”, “ўсмоқчиламоқ”, “унниқмоқ”, “мисқол”, “иприсқи”, “андармон”, “пушти камар” каби яна бир қанча сўзларнинг маъносини билиб олди. “Полпис”, “нушқурт” сўзлари эса “Изоҳли луғат”да ҳам йўқ экан, контекстга қараб тушунтириб бердим. Кундалигига “Мен бу китобни ўқишда қийналдим. Боиси тушунарсиз сўзлар кўп экан. Лекин қизиқарли қисса экан. Яна бир хулосам, ҳайвоннинг феъли ҳеч қачон йўқолмас экан” деб ёзибди.
5. Боланинг дунёқарашини орттирадиган, қоғоздаги ёзувдан хаёлида визуал тасвирлар чиздирадиган китоблар унинг фикрлаш доирасини кенгайтиради.