Лашкарак ўрмонлари бўйлаб сайр

Европанинг гўзал Альп тоғлари бағрида жойлашган Швейцария табиати оммавий ахборот воситаларида жуда кўп реклама қилинган. Шу боис қаерда гўзал тоғ, ўрмон, сув ва ўтлоқ манзарасини кўрсак, Швейцарияга менгзайдиган бўлиб қолганмиз. Юртимизда ҳам Ўзбекистон Швейцарияси (Зомин), Водий Швейцарияси (Шоҳимардон) деб аталмиш жойлар бир қанча. Қурама тоғлари бағрида жойлашган Лашкаракка ҳам Ўзбекистон Швейцарияси деб таъриф беришган экан. Тўғриси, бормагунча бунга ишонмагандим.

Лашкарак қишлоғи Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида, Ангрен шаҳридан 20 км узоқликда жойлашган. Тошкент шаҳар марказидан 130 км. Онлайн хариталар маршрутни аниқ кўрсатади. Қишлоққача машинада бориш мумкин. Ангрен шаҳридан автобус ҳам қатнайди. Йўли ёмон эмас. Баъзи ҳудудларда грунт йўллардан юрилса-да, кўп қисми асфальт қилинган. Машина билан тоғнинг этагигача бориш мумкин.

Лашкарак қишлоғи денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда жойлашган бўлиб, ўзининг шаршаралари, арчазорлари, булоқлари билан машҳур. Қишлоқнинг аҳоли яшайдиган ҳудудида деярли қор йўқ. Ҳамма баҳорги ишлар билан банд. Қишлоққа кириб келишингиз билан ўзгача атмосфера сизни қарши олади. Арчазорлар қишлоқ ичидан бошланади. Кун тушган томонда қорлар эриган. Қуёшга тескари тарафда эса ҳали қиш ҳукмрон.

Айтишларича, қишнинг сўнгги кунлари иссиқ бўлиб, қорлар эриб кетибди. Лекин юқорида қор мўл, дейишди. Шу сабаб иссиқроқ кийиниб, тоғ томон йўлга тушдик. Айтишганича бор экан. Сойдан ўтиб, тоғ томон қадам қўйишимиз билан бизни ярим метр қалинликдаги қор қарши олди. Оёқларимизга қорга қарши мосламаларни тақиб, йўлда давом этдик.

Ҳақиқий арчазор ўрмон орасидан ўтган сўқмоқни таърифлашга сўз ожиз. Уни фақат кўриш ва ҳис этиш мумкин. Арчалар оппоқ либосини ечган бўлса-да, остида анча қор мавжуд. Қуёш тушган тарафларида кундузи эриган қор кечаси музлагани боис сирпанчиқ юзага келган. Арчаларга ин қурган турли қушларнинг сайрашларига маҳлиё бўлиб, мўл кислороддан маза қилиб нафас олиб, биринчи манзилга қандай тез етиб қолганимизни билмай қолибман.

Денгиз сатҳидан 1750 метр баландда жойлашган Лашкарак шаршараси бутунлай музлаган. У баландлиги 20 метр, кенглиги 8 метрлик улкан сумалакка ўхшаб қолган. Аслида шаршарадан катта сув тушмайди. Оз сув тушгани боис совуқда музлаб, бир-бирига қўшилган музлар ана шундай катта ва такрорланмас манзарани ҳосил қилган.

Лашкарак водийсида шаршаралар кўп бўлиб, улар асосан Лашкарак сойи ўзанида жойлашган. Уларга май-июнь ойларида борилса, янада гўзал манзаралардан баҳраманд бўлиш мумкин.

Биз эса шаршарадан юқорига — тоғ тарафга йўналдик. Шу ерда қорнинг қалинлигини таёқ тиқиб ўлчадик — 1 метр. Яхшиям биздан олдин юрганлар қордан кечиб, йўл очишган экан. Шу сўқмоқ бўйлаб юқорига арчазорлар оралаб кўтарилдик. Бир қир ошилгандан кейин излар ҳам тугади. Уёғига ўзимиз йўл топишимиз ва қор кечишимиз керак. Биз кўзлаган манзил эса юқорида. Қорга оёқ босганда тиззагача кириб кетяпти.

Юз метрлар юқорилаганимиздан сўнг қор янада қалинлашди. Баъзи жойларда қор босилганда сонгача ботиб қолдик. Дарвоқе, бу жойларда биронта одам қадами кўринмайди. Атрофимизда эса бўри, тулки, айрим жойларда айиқ излари кўринади. Йигитларга бўри ва айиқ келиб қолса, эвакуация режаси ҳақида ҳазил қилиб йўлда давом этдик.

Ўрмоннинг бу жойидаги арчалар анча катта бўлиб, баъзиларининг ёши 500 йилдан ошади. Шу азим арчалардан бирига чиқиб озроқ дам олдик (чунки пастда қуруқ жойнинг ўзи йўқ).

Лашкаракнинг маъноси “лашкар” сўзи билан боғлиқ. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу ернинг одамлари қадимда аскарлик ишида моҳир бўлишган экан. Бу қишлоқ атрофида фойдали қазилма бойликлари ҳам кўп бўлган. Бу ерлардан ўтмишда ҳам мис, кумуш қазиб олишган.

Арчазорлар бағрида ҳордиқ чиқаришга нима етсин. Кейинги сафар чодир билан келиб, бир-икки кеча ўрмон ичида тунашни ният қилиб, орқага қайтдик.

Тошкент — Ангрен — Лашкарак
27 февраль, 2022 йил

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *