Улар туянинг қандай яратилганига назар солмайдиларми? (“Ғошия” сураси, 17-оят)
Туя — ажойиб жонивор. Аллоҳ бекорга унга қараб тафаккур қилишни буюрмаган. Саҳро бағрида, туялар орасида юриб, унинг бўйнини силаб, буюк Санъаткорнинг гўзал яратмишига термулиб, “саҳро кемаси”нинг сабри ва виқоридан ибрат олиш инсонга бошқача ҳис бераркан.
Қадимдан туялар инсониятга фақатгина фойда келтирган. Узоғини яқин қилган. Айнан туялар ёрдамида инсоният тамаддуни қитъаларга ёйилган. Туя — давлат белгиси, унинг қадри ҳалигача тушмаган.
Ўзбекистоннинг текислик ҳудудларида қадимдан туячилик ривожланган. Бухоро, Навоий вилоятлари, Қорақалпоғистонда туячиликка эътибор ҳали ҳам кучли. Сўнгги йилларда республикамизнинг турли ҳудудларида туя боқиш, унинг сутидан фойдаланиш урфга кирди. Лекин чўл бағрида, табиий шароитларда боқиладиган туялар — ўзгача! Бу сафар поёнсиз Қизилқум саҳросидаги туялар билан яқиндан танишиш насиб этди.
Уйга келибоқ, “саҳро гўзали”нинг бошқаларга ўхшамайдиган ҳаёт тарзи ҳақида ўрганиб, бир неча манбалардан олинган маълумотларни жамлашга ҳаракат қилдим.
Туя ҳақида 20 та факт
1. Туя ҳайвонот олами тарихида энг эски ҳайвон турларидан биридир. Эволюциячилар назариясига кўра, туя ҳам динозаврлар билан бирга йўқ бўлиб кетиши керак эди, лекин ҳеч бир табиат ҳодисаси уни йўқ қилиб юборолмаган.
2. Туя фақат целлюлоза (чўл ва даштларда дағал ўт ва хашаклар, янтоқ, саксовул) билан озиқланиб, витаминларни ва ҳаёт учун керакли барча кимёвий моддаларнинг кўпини ишлаб чиқарувчи ва шу тариқа ҳаётини давом эттирувчи бирдан-бир ҳайвондир.
3. Туя бир неча минг йиллардан ҳозирга қадар одамзотга ташувчилик хизматини қилаётган ягона жонивордир. Ўрта Осиё ҳудудида бундан 100 йил аввал ҳам туялар почтаси мавжуд бўлган.
4. Туялар ўз вазнининг ярмига тенг — 250-300 кг юкни кўтара олади, вазнига нисбатан 10-12% оғирликдаги юкни тортиш кучига эга. Соатига ўртача 4 км тезликда, кунига 35-40 км масофани босиб ўтади. Агар устида юки бўлмаса, тўхтовсиз 100 километр йўл боса олади.
5. Туя бир ичишда 200 литрга яқин сув ичади. Шўр сувни ҳам ичаверади. 100 литр сувни 10 дақиқада ичиб тугатади. Туя бир ҳафтагача емай, 34 кунгача сув ичмасдан юриши мумкин. Сув бор жойни 50-60 километр узоқликдан ҳис этади.
6. Туя сути таркибида калций, магний, темир, фосфор, C, D витаминлари, фойдали минерал ва микроэлементлар кўп бўлиб, у сигир сутидан бир неча карра фойдалироқ. Туя сути – парҳез маҳсулот. Унда ёғ ва шакар миқдори сигирникидан анча кам. Туя сути сутэмизувчилар ичида инсон сутига энг яқинидир.
7. Туянинг тана ҳарорати тунда, саҳро совиганда +34°C гача пасаяди. Кундузи 41°C даражагача кўтарилади. Бу боис теварак-атрофдаги ҳаво ҳарорати ўзгарганда туя деярли терламайди ва сув йўқотилишининг олди олинади. Туя жуни қуёшда 70-80 градусгача қизиса-да, унинг тана ҳарорати 40 градусда бўлади.
8. Туянинг ўркачида сув эмас, ёғ сақланади. Ўркач туя учун озуқа захираси ҳисобланади. Туя ўркачи қаттиқ озуқани ейишни бошлаганидан кейин пайдо бўлади, шунинг учун бўталоқларнинг ўркачи бўлмайди.
9. Туялар сувни ўркачлардаги ёғлардан олади, 100 грамм ёғнинг оксидланишидан 107 грамм сув ҳосил бўлади. Ўркачдаги ёғ ҳаддан зиёд иссиқ ҳавода тана ҳароратини меъёрда ушлаб туради.
10. Туя гавдасининг ерга тегиб турадиган қисмларида, кўкраги, тирсаги ва тиззасида қадоқли тузилмалар бор. Шу туфайли иссиқ (70°C гача қизиган) ерда ҳам ёта олади.
11. Туянинг кўзи фавқулодда кўриш қобилиятига эга бўлиб, 3-4 километрдан таҳдидларни аниқлай олади. Учта кўз қовоғи, икки қатор узун киприклар кўзга қум киришининг олдини олади. Қалин қошлар, зич ва қалин сочлар кўз ва бошни қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
12. Туялар бурнига қум кириб кетишининг олдини олиш учун бурун тешиклари очилиб-ёпилади.
13. Туянинг иккита лаби бўлади, улар мустақил равишда ҳаракатланиб, тиканли чўл буталарини зарарсиз ея олади.
14. Туянинг қулоқлари ўткир эшитиш қобилиятига эга. Қулоқлар ичкаридан ва ташқаридан тук билан қопланган бўлиб, қумдан ҳимояланган. Чанг бўронлари пайтида туялар қулоқларини айлантира олади.
15. Туянинг туёқлари узун бўлиб, уларни қумга бир текис тақсимлайди ва чўкиб кетмайди. Туя отлар каби олдинга ва орқагагина эмас, тўрт томондаги одам ё ҳайвонни тепа олади. Туёқларидаги эластиклик даражаси юқори.
16. Туялар нафақат иссиқ ҳароратли минтақаларда, жуда паст ҳароратли жойларда ҳам яшай олади. Уларда қишда совуққа бардошли узун ва қалин ҳимоя жунлари ўсади, ёз ойларида эса тўкилади.
17. Урғочи туяларнинг ҳомиладорлик даври 12 ойдан 14 ойгача. Туяларнинг эгиз туғиш ҳолати деярли кузатилмаган. Янги туғилган бўталоқнинг вазни 34 килограммгача бўлади. У туғилгандан ярим соат ўтибоқ юришни бошлайди.
18. Туя — дунёда энг қайсар жонивор. Агар у ётиб дам олишни хоҳласа, уни ўрнидан қўзғатиш жуда қийин. Унинг жаҳлини чиқарсангиз, туфлаб ташлайди. У жуда аниқ туфлайди ва тупуги жуда сассиқ бўлади. Чунки у оддий сўлак эмас, нақ ошқозондан отилиб чиқади.
19. Туя денгиз ёки дарёда суза олади.
20. Туя арабчада “жамал” — “гўзаллик” маъносини билдиради. Бу сўз аввал юнонларга “kamēlos” шаклида ўтиб, ундан инглизларга “camel” тарзида ўтган.
assalomu alaykum aka yaxshimisiz