Бўстонлиқ тумани Тошкент учун нақ Сусамбилнинг ўзгинаси. Бу ердан дарёю кўллар, шўх анҳору сойлар, музли чўққилару ажойиб шаршаралар, ям-яшил ўрмонлару мевали боғлар – дил яйрайдиган табиат неъматларини топиш мумкин. Испайсой дараси бўйлаб 20 километр юриб ана шундай табиий манзаралардан бир қанчасини кўриб кўз яйради, дил ором олди.
Тошкентдан Испайга бориш учун “Янги Ўзбекистон” парки тарафдан Чорвоқ йўлига тушиб олинади. Чорвоқ тўғони юқори қисмидан Сижжак қишлоғи томон юрилади. Қорабулоқ пости орқали тахминан 10 км босиб ўтилгач, ўнг тарафда Пском дарёсидан ўтувчи кўприк кўринади. Кўприкдан ўтишингиз билан Испай қишлоғи бошланади. Асосий йўл билан тахминан 1,5 километр юрилса, чап тарафда “Стоянка” деган ёзув чиқади. Шу ерда машинани қолдириш мумкин. Машина қўйилган жойдан ўнг тарафдан юқорига сўқмоқ кетади. Шу сўқмоқ йўли тўғри Испай шаршарасига олиб боради.
Шаршарага олиб борувчи йўлнинг ярми ўрмон оралаб, катта қисми сой ёқалаб ўтади. Қишлоқдан кўтарилиб, 800 метрча юрилса, сояси ниҳоятда мўл ёнғоқзордан чиқилади. Сўқмоқнинг бу қисми жудаям баҳаво, салқин, кўм-кўк. Шаҳарнинг 45 даражали иссиғидан кейин бу ердаги 25 даражали ҳарорат айни муддао! Бироз юрилгач, баланд ёнғоқзор ўрмон ўз ўрнини сой ёқалаб ўтувчи олчазор ва олмазорга бўшатиб беради. Ҳали мевалар пишмабди. Йўлнинг бу қисмида сой бироз ёйилиб оқади. Муздек сойда маза қилиб чўмилиш мумкин.
Дарвоқе, бу сафаримиз бошқаларидан бироз фарқ қилди. Одатда, вақтдан ютиш мақсадида Тошкентдан тоғ сафарларига саҳар пайти чиқардик. Бу сафар пешиндан кейин отландик. Соат 17:30 ларда машинани Испайда қолдириб, юкларни кўтарганча тоққа кўтарилдик. Иссиқ кунларда бу жуда фойда берди. Тунайдиган манзилимизгача деярли соя-салқинда етиб бордик.
Сой ёқалаб ўтадиган сўқмоқ орқали кўтарилиш унчалик мушкул эмас. Ҳали катта тепаликларга дуч келмадик. Алоҳида сув олволиш ҳам шарт эмас. Сой суви тиниқ, ичишга яроқли. Йўлда тўхтаб-тўхтаб, сойнинг шарқироқ сувида таҳорат қилиб, дам олиб, 6 километрча юриб қўйдик. Сўқмоқ асосан Испайсойнинг ўнг соҳили бўйлаб ўтди. Йўлдаги қўлбола кўприкдан чап соҳилга ўтдик. Бу ерда яна бир сой Испайсойга қўшилар экан. Кўприкдан ўтганда бироз текисроқ кичик майдон бор экан: тунаш учун яхши манзил! Сув ёнгинамизда. Тўрт тарафимиз чўққилар. Шомга ҳам ярим соат қолди. Телефонимдаги харитага қарасам, шаршарагача 3 км – 45 дақиқали йўл кўрсатди. Етиб борамиз деган умидда озроқ юрдик ҳам. Сўнг ҳалиги майдонга қайтдик. Шаршарани кечқурун кўргандан кўра, ҳозир дам олиб, эртага саҳарда боришга қарор қилдик.
Чодир тикиб, муздаккина сувда таҳорат қилиб, шомга тайёрландик. Тўрт тарафимиз баланд тоғлар бўлгани учун қоронғи тез тушди. Ой ҳам тоғлар ортида қолиб кетди. Атрофдан ўтин йиғиб, тошлардан қўра ясаб, кабоб пиширдик. Герметик сумкада муз олиб келгандик, 6-7 соатда ҳам эримабди. Қаҳвага муз солиб ичдик. Шу кунлар тоғда ҳам ҳаво роса исиганигами, ташқарида бемалол енги калта кўйлакда ўтирдик. Қўлимдаги фонус ёғдусида осмонга қарамаган эканман. Уни ўчириб, бир қарасам… умримда бунақа кўп ва тиниқ юлдузларни кўрмаганман. Атрофимиздаги чўққилар нурларни кесгани учун шунақа тиниқ кўринди шекилли. Тунда юлдузларни томоша қилиб ётамиз деб, чодирнинг уст қаватини очиб ташладик.
Бомдоддан сўнг чой ичиб, юкларни йиғиштириб, йўлга тушдик. Саҳар пайти бу ерлар янада гўзал, янада баҳаво бўларкан. Сой ёқалаб аста юқорига кўтариламиз. Бизни азим арчалар қаршилайди. Узоқдан бир уй кўзимизга ўтдек кўринади. Асаларичиники экан. Уй атрофида асалари қутилари турибди. УАЗ ҳам юрмас бу йўллардан қурилиш материалларини қандай олиб чиқди экан?! Асаларичи уйи тарафга мўъжазгина кўприкдан ўтиларкан. Биз эса чап тарафга кетишимиз керак. Катта сўқмоқни топиб бўлмаяпти. Кичик сўқмоқ бўйлаб кетаётгандик, юқоридан асаларичи ишора берди: адашибмиз, ортга қайтиб, юқорига қараб чиқишимиз керак экан.
Асаларичининг уйи, сой атрофидаги гўзалликка махлиё бўлиб, юқорига кетадиган сўқмоқни кўрмай қолибмиз. Бу ёғи энди кескин кўтарилиш экан. Яхшиямки, юкларимизни тунаган жойимизда қолдириб келган эканмиз. Акс ҳолда 20-25 килоли юклар билан нақ азоб бўларди. Йўлда молларини юқорига ҳайдаётган чўпонни учратиб қолдик. Ҳол-аҳвол сўради, қаерда ва қандай тунаганимиз билан қизиқди. “Кечаси айиқ, бўри, чиябўрилар келмадими?” – дейди. – “Ҳозир кўриниб қоладиган пайти-да”. “Йўқ!” – деймиз. Хайриятки, бу гапни кеча эшитмадик! Ҳазил-ку ўз йўлига, одатда, бундай йиртқичлар унинг ин чегарасига кирмасангиз, сизга ҳужум қилмайди. Айниқса, ҳозирги кўпайиш мавсумида улар инсон исини билиши билан қочади. Чодирда бўлсангиз асло хавотирланманг – жонзотларни уни бир тўсиқ деб ўйлайди.
Адир ошганимиздан сўнг ажойиб манзаралар бошланди. Шаршара йўлининг энг гўзал қисми шу ерда экан! Икки тараф баланд тоғ, ўртада сутдек оппоқ Испайсой оқади. Сой атрофида худди қўлигул бир ганчкор ўйиб чиққандек қиррадор, кўркам каньонлар… Шаршарани кўришга ошиқамиз. Лекин қоялар орасида у узоқдадек туюлади. Бу ёғи кўтарилиш унча йўқлиги учун осон кечди. Яна бир кўприкдан ўтиб, шаршарага яқинлашдик.
Испай шаршараси денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда, Испай қишлоғидан 10 км узоқда, Испайсой дарёсида жойлашган. Баландлиги пастки шоввалари билан 10 метрга боради. Шаршара кенглиги ҳамда сойдаги оқимнинг тезлиги туфайли унга тушиб чўмилиш тавсия этилмайди.
Шаршарадан яна тахминан 700 метр узоқликдан сой бошланади. Ўша ерга бориб кўрдим. Секундига 3 м³ сув сарфига эга ушбу сой 3000 метрдан баланд тоғлардаги қор ва музларнинг эриши ҳисобига юзага келади, тоғ остидан сизиб, тошлар орасидан отилиб чиқади. Кўз олдингизда бирданига катта сой пайдо бўлиб қолади. Бетакрор манзара!
…Тушишимиз тез кечди. Кеча офлайн харита бироз адашган экан. Тунаган жойимиздан шу ергача 4,5 километр чиқди. Қишлоққа 2,5 соатда етиб келдик. Юқорида 25 даража илиқ ҳаво ўрганган эканмиз, қишлоқда қолдирилган машинадаги ҳарорат 35 даражани кўрсатди. Қизиқ, шаҳар қандай экан?..
Тошкент – Бўстонлиқ – Испай
2022 йил 2-3 июль