Мақсаду маслак
Мен ўзбек интернет маконида илк иморат қурганларданман десам, ўқувчилар мақтанчоқликка йўймасинлар. 2000-йилларнинг аввалида кўпчилик интернет тараққиётини бу кунлардек тасаввур қилмас эди. Тармоқ нархи жуда қимматлиги боис Ўзбекистонда интернетдан фойдаланиш кам сонли кишиларгагина насиб қилган завқли машғулот эди. Бутунжаҳон “ўргимчак тўри”, айниқса, инглиз, рус, испан, олмон ва француз тилли сайтлар ўз контенти билан дунёни қоплаб борарди. Бу пайтда интернетнинг қарийб 70 фоизи инглиз тилидаги маълумотлардан ташкил топган, тармоқдан ўзбекча контент излаш эса сомон ичидан игна қидириш билан баробар эди.
Медиамакондаги ўзбекча матнларга бўлган талабни қондириш, тармоқни она тилимиздаги контент билан тўлдириш фикри ўша даврларда туғилган эди. 2001 йилдан маълумотларни электронлаштиришга киришдим. 2004 йили эса Ziyouz.com сайтини очдим. Бир йил ичида сайтдаги саҳифалар сони 1000 дан ортди. Нуфузли қидирув тизимларида ўзбек тилидаги маълумотлар изланганда, сайт илк қаторда кўрсатиладиган бўлди.
2005-йилларда рунетда бир нечта электрон кутубхона фаол бўлиб, рус тилидаги аксар адабиётларни топиш мумкин эди. Онлайн китоб форумларидаги муҳокама, баҳсларда китобхонлар ва муаллифлар иштирок этар, адабий давралар қизигандан қизир эди. Бизда эса ҳали аксар зиёлилар интернетга кирмас, лекин ёш китобхонлар виртуал оламда фаол эди. Назаримда, ўша вазиятда Ziyouz.com онлайн кутубхонаси ташкил этилиши айни муддао бўлди.
Китобларни электронлаштириш осон юмуш эмасди. Нодир китобларни топиш, уларни саҳифама-саҳифа сканердан ўтказиш, қайта ишлов бериш, матнлаштириш, техник хатоларни тузатиш учун кўп вақт ва меҳнат талаб қилинар эди. Лекин инсон ўзи севган иш билан шуғулланса, меҳнатлари ортида катта мақсадлар ётганини ҳис қилса, барчаси осон кечаркан.
Маърифат манзили
Маълумки, тил ва адабиёт мудом муштарак ҳолда ривожланади, қўш қанот бўлиб парвоз қилади. Онлайн маконда мумтоз ва замонавий адабиётимиз намуналарини тақдим этиш ҳам аксар ижодкорларимизни мамнун қилди. Аммо бундан 15-20 йил аввал интернетни босма адабиёт, анъанавий журналистиканинг кушандаси дегувчилар ҳам кўп эди. Асар намуналарининг интернетда эълон қилиниши уларнинг босма нусхаси бозорини касод қилади деб ҳисоблайдиган ноширлар ҳам анчагина эди.
Янги авлод муаллифлари, замон тараққиёти билан ҳамнафас зиёлилар эса аксинча, интернетдаги маърифатчиликни қўллаб-қувватларди. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон шахсий кутубхонасидаги 30 дан зиёд китобни менга ҳадя қилар экан, ўзининг барча китобларини сайтга жойлашга рухсат берганини унутиб бўладими! Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ҳам каминага қўнғироқ қилиб, ҳикояларини жойлашга изн берган, айрим катта китобларини эса порталга кейинроқ киритган маъқул эканини айтган эди.
Даставвал сайтда чоп этилган материалларнинг неча киши томонидан ўқилгани ҳақида статистика эълон қилинарди. Буни қарангки, айрим уддабуронлар саҳифага киришлар сонини сунъий ошириш йўлларини ҳам топишди. “Фалон муаллифни бунча одам ўқибди, мени эса шунча!” деб мақтаниб ижтимоий тармоқларда ёзадиган, сайтдаги статистикани адабий мезон сифатида кўрадиганлар ҳам пайдо бўлди. Кейинчалик ўқувчилар статистикасини олиб ташладим.
Яратганнинг марҳамати билан сидқидилдан қилинган меҳнатлар эътироф қозона бошлади. Ziyouz.uz портали 2012-2014 йилларда UZ миллий домени интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида биринчи ўринни эгаллади, 2013 йили ўтказилган “Миллий интернет танлови” – MIT.Uz`да ғолиб бўлди. Камина портал муҳаррири сифатида АҚШ, Германия, Туркия, Қозоғистон каби давлатларда бўлиб ўтган илмий-адабий анжуманларда Ўзбекистон номидан иштирок этдим, маърузалар қилдим.
Ана шундай илмий машваратлардан бирида Евросиё ёзувчилар уюшмаси раиси Якуп Ўмерўғлу “Ziyouz – туркий дунё ҳавас қилгулик адабий манба. Ҳали биронта туркий тилли давлатда бундай кўламдаги сайт яратилмаган” дея порталимизга юксак баҳо берган эди. Бундай эътирофлар шунчаки ҳоббидан ҳаётий маслакка айланган машғулотимга янада масъулият билан ёндашишга ундади.
Маънолар махзани
Маърифий порталимиздан 15000 дан ортиқ электрон китоб; илм-фан, адабиёт ва тарихга оид 5000 дан ортиқ илмий-публицистик материал; жадидлар, советлар, қайта қуриш даври матбуотидан 1500 мақола; 30000 дан ортиқ афоризмлар, нақллар, ибратли ҳикоятлар; ўзбек халқ эртаклари (500), мақоллари (10000), топишмоқлари; мумтоз ва замонавий ўзбек шеъриятидан 1000 ижодкорнинг 15000 шеъри; ўзбек насридан 450 дан ортиқ ижодкорнинг 3000 дан ортиқ ҳикоя, қисса ва романлари; жаҳон шеърияти бўйича 120 миллатга мансуб 1300 ижодкор қаламига мансуб 15000 шеър; жаҳон насридан 600 дан зиёд ижодкорнинг 1700 дан ортиқ ҳикоя, қисса ва романлари; 600 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар ўрин олган.
Ziyouz.uz порталининг русча версиясига Ўзбекистон адабиёти, тарихи ва маданиятига оид 1500, инглизча версиясига 200 та мақола жойланган. Айни кунларда порталга кунига 30 минг ўқувчи кирмоқда.
Портал ўзбек адабиёти ва маданиятини жаҳонда тарғиб қилиш борасида ҳам бир қанча амалий ишларга ҳисса қўшди. 2009 йили Ziyouz.uz таҳририяти билан ҳамкорликда Хожа Аҳмад Яссавийнинг янги топилган ҳикматлари ҳамда эски ҳикматлари йиғилиб, турк тилига таржима қилинди ва “Divan-i Hikmet” номи остида (доктор Ҳаяти Биже тайёрлаган) Анқарада чоп этилди. 520 саҳифали ушбу китоб Туркияда ҳар йили қайта босилмоқда. Шунингдек, сайтимиз билан ҳамкорликда Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Юсуф Ҳамадоний асарлари турк тилига таржима қилинди, бир қанча илмий ишлар ёқланди.
Ziyouz.uz билан ҳамкорликда Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида “Она Ватан эртаклари” номли китоб ўзбек ва корейс тилларида чоп этилди. Шарқий Туркистонда бир қанча ўзбек асарлари таржима қилинди. Жаҳон адабиёти асарлари ҳам ўзбек тили орқали уйғурчага ўгирилди. Афғонистонда ҳам бир қанча ўзбек ҳикоя ва қиссалари эски ўзбек лаҳжасида, арабий алифбода чоп этилди Шунингдек, жаҳон адабиётидан ҳикоялар ҳам ўзбек тили орқали Афғонистондаги ўзбекзабон ўқувчилар қўлига етиб борди.
Cайтимиз тақдим этган бир қанча шеър ва ҳикоялар 20 дан ортиқ тилга таржима қилиниб, 30 та мамлакатда чоп этилди, баёз – антологияларга киритилди.
Муҳим маълумотлар
Мамлакатимизда 1990-йиллар бошидан интернетнинг айрим оддий имкониятларидан фойдаланилган. 1996 йилдан эса бутунжаҳон тармоғига чиқиш имкони туғилган.
UZ доменидаги илк сайт 1995 йили очилган. 2007 йилга келиб, Ўзбекистон миллий доменидаги сайтлар сони 5000 тага етган. 2022 йил 10 сентябрь ҳолатига кўра, UZ зонасидаги фаол доменлар сони 107 191 тани ташкил этмоқда. Миллий домендаги сайтларнинг 50 фоиздан ортиқроғи рус тилида фаолият юритади.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тақдим қилган маълумотларга кўра, 2022 йил январь ойи ҳолатига кўра, мамлакатимизда интернет фойдаланувчилари сони 27,3 миллион кишидан ошган. Уларнинг 25,3 миллиони интернетдан мобил телефон орқали фойдаланади. Таққослаш учун: мамлакатимизда интернет фойдаланувчилари сони 2000 йили 7500, 2005 йили 675 000, 2010 йили 6 500 000, 2015 йили 10 200 000 кишини ташкил этган.
2022 йил сентябрь ойи маълумотларига кўра, бутунжаҳон интернетидаги ресурсларнинг 61,3 фоизи инглиз, 5,5 фоизи рус, 3,9 фоизи испан тилида. Ўзбек тилининг улуши эса 0,1 фоиздан камроқдир. Энг катта электрон энциклопедия саналган Википедияда ўзбек тили мақолалар сони бўйича 55-ўринда туради.
Мавжуд муаммолар
Миллатнинг тараққиёти унинг тили, ёзуви ва адабиётига боғлиқ экани сир эмас. Интернет маконида она тилимиз мақомини ошириш ҳам мана шу уч омил билан алоқадордир. Бу борадаги муаммолар ва қилиниши керак бўлган вазифаларнинг асосийларини санаб ўтсам:
1. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларининг мукаммал эмаслиги, имло луғатларида тафовутларнинг кўплиги. Бу – бутун бошли авлоднинг саводига таъсир этадиган даражадаги, дарҳол ҳал қилиниши шарт бўлган муаммодир.
2. Ўзбек тили учун имло ва грамматикани мукаммал текширадиган онлайн хизматларнинг мавжуд эмаслиги. Тармоқда alif.uz, matn.uz, savodxon.uz каби транслитераторлар ва имло текширгичлар бор, лекин улар бир қанча чекловлар билан ишлайди. Бундай дастурлар илмий-тадқиқот институтлари ва дастурчилар билан ҳамкорликда мукаммал тарзда ишлаб чиқилиши, онлайн хизматлар йўлга қўйилиши давр талабидир.
3. Ўзбек тилида чоп этилган асосий энциклопедия ва луғатларнинг онлайн базаси йўқлиги. Тил тараққийси учун бундай манбанинг яратилиши муҳим аҳамият касб этади. Бунда фойдаланувчи бир қидиришда маълум атаманинг турли луғат ва энциклопедиялардаги таърифларини қиёслаш имконига эга бўлади.
4. Ўзбек тили билан боғлиқ бўлган барча манба ва хизматларни ўз ичига олган яхлит онлайн порталнинг йўқлиги. Бунда ўзбек тилидаги асосий луғатлар, энциклопедиялар, тил манбалари бўлган асарлар, матнлар, адабиётлар, илмий журналлар, грамматика, стилистикага оид манбалар, мактаб дарсликлари, тестлар, олимпиада материаллари, тилга оид янгиликлар, викторина ва кўрик танловлар, аудио ва видео маҳсулотлар, кутубхона ва музейларнинг тўлиқ онлайн каталоглари жамланиши мумкин. Масалан, рус тилига бағишланган gramota.ru сайти 2000 йили ташкил этилган бўлиб, Россия ҳукумати томонидан молиялаштирилади.
5. Ўзбек адабиётининг бошқа тилларга таржима қилишда марказлашган тизим мавжуд эмаслиги. Ҳозирда кўплаб ўзбекча асарлар хорижий тилларга таржима қилинмоқда. Лекин академик даража, юксак савиядаги таржималар бармоқ билан санарли. Таржималарни баҳолайдиган экспертлар гуруҳи мавжуд эмас. Назаримда, жаҳон китобхонлари ўзбек адабиёти ҳақида кам билади. Чунки жаҳон тилларидаги манбалар жуда оз. Ўзбек адабиётини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, дунё трендидаги асарларни таржима қилиш ва оммалаштириш учун давлат кўмагидаги таржимонлар жамиятига эҳтиёж бор. Яхши мукофот жамғармасига эга халқаро таржима танловларини ташкил этиш орқали ҳам хориждаги ўзбек адабиётига қизиқувчи маҳоратли муаллиф ва мутаржимларни кашф этиш мумкин.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,
Ziyouz.uz портали асосчиси
“Maʻrifat” газетаси, 2022 йил 19 октябрь
Ассалому алайкум.
Дарҳақиқат, зиёуз сайти бебаҳо манба. Сайтнинг тасикс муқобили яратилганда роса хурсанд бўлганмиз.