Олти соатда олти ойлик йўл

Вақт ва макон асос бўлган ҳаётимизнинг тадрижий ривожи бугун интернетга тамомила боғлиқ. Ҳатто унга ихтиёрий банди ҳаммиз. Бизни ўраб турган жамият ҳаётидан, ташқи дунё янгиликларидан тортиб энг мураккаб юмушларгача интернетсиз ҳал бўлмайдиган даврга келдик. Интернетдан озгина бохабар киши эса суҳбатдошимиз Давронбек Тожиалиевни, у асос солган Ziyouz.uz порталини ҳам билади. Суҳбатдан муддао ана шу соҳилсиз денгиз қошида турган инсониятнинг руҳияти, кайфияти, истиқболини тасаввур этишдир.

Бир улкан илон ер шарини қучиб турибди. У ўз думини тишлаб олган. Ҳар йили бир бўғим ютади. Натижада, ер кичрайиб боради. Уч кунлик йўл уч соатда босиб ўтилади. Одамнинг емиши камаяди, сони (тури) кўпаяди. Ташвиши ортади, баракаси озаяди…

Бу ривоятни 100 ёшли бир отахондан эшитгандим.

Биласизми, вақтнинг маъно-моҳияти ўзгараётганга ўхшайди. Дунёни англашнинг, тафаккур қилишнинг йўли, усуллари ўзгаргандек… Биз ахборотни оғзаки эшитиб бохабар бўлардик. Кейинчалик босма нашрлар орқали англардик. Сўнгра радио ва телевидения ахборот дунёсига ҳукмини ўтказди. Бугун эса юқорида саналган воситалар ҳам урфдан қола бошлади. Одамлар телевизор ҳам кўрмай қолишяпти.

Одамзод тафаккурининг хоҳлаймизми-йўқми тамомила янги эраси бошланяпти.

Давронбек, сиз ана шу виртуал оламга биринчилардан бўлиб қадам қўйгансиз. Ziyouz.uz портали ўтган даврда анча катта йўлни босиб ўтди. Онлайн оламни бошқалардан кўра яхшироқ тушунадиган одам сифатида, ахборот келажагини, умуман келажакни қандай тасаввур қиляпсиз?

— Дарҳақиқат, Интернет аталмиш техника мўъжизаси инсон ҳаёти, онгу тафаккур, дунёқарашини ўзгартириб, мисли кўрилмаган бошқа ўзанга буриб юборди, тараққиёт кемаси ҳаракат маромини жадаллаштирди. Одамзот, хусусан, кейинги 30 йилда қўлга киритган ютуқлари учун интернетдан ҳар қанча миннатдор бўлса арзийди. Бугун алоқа-телекоммуникация, банк-молия тизимлари, бизнес, оммавий ахборот воситалари, юқори технологиялар (Hi-Tech), таълим соҳаларини интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Техника-технология кашшофлари инсониятни ҳайратга солишни бас қиладиганга ўхшамайди. Кунда-кунора инсон оғирини енгил, узоғини яқин қиладиган виртуал хизматлар пайдо бўлаётгани шундай некбин хулосага ундамоқда. 2022 йил 22 апрель ҳолатига кўра, сайёрамизнинг 5 миллиард аҳолиси интернетнинг доимий фойдаланувчиси саналади. Ер юзи аҳолисининг 4,65 миллиарди ижтимоий тармоқлар фойдаланувчисидир. 2022 йил бошида Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 27,2 миллиондан ошган, шундан мобил интернет фойдаланувчилар 25,3 миллион кишини ташкил этади.

Ахборот миқдори геометрик прогрессия асосида ошиб бораётган бир пайтда қилни қирқ ёрадиган мутахассислар ҳам интернетнинг эртаси ҳақида узил-кесил фикр айтишга журъат қилолмаётир. Илм-фан ва ахборот технологияларининг юксак даражада ривожланиши оқибатида инсоният турли соҳаларда янги уфқларни кашф этиши билан биргаликда бир қанча муаммолар гирдобида ҳам қолади. Бу нарса ҳозирда ижтимоий тармоқлар, уяли алоқа воситалари орқали сиз ҳақингизда тинмай йиғилаётган ахборотлар асосида инсон онгини бошқариш технологиясининг татбиқ этилиши; тобора виртуаллашган жамиятларнинг анъанавий ижтимоийлашувни барбод этиши; сунъий интеллект ривожланиши билан жуда кўп соҳаларда инсон омилининг иштироки камайиб, ишсизлик юзага келиши ва бошқа омиллар билан ифодаланади.

 

— Бугунги кунда ахборот технологияси (IT) йўналишида жуда кўплаб ёшларимиз таълим олишмоқда. Бу жараёнга қизиқиб, сал-пал тушунгандек бўлдим ва бугунги технологик жараёнлар шиддати олдида ўзимни ибтидоий одамдек ночор ҳис қилдим. Биз биладиган Windows дастурлари ва комьпютердан фойдаланиш тарзимиз билан ITнинг янги ютуқлари орасида ўроқ билан атомгача бўлган масофа бордек туюлди.

Ҳозирги медиа оламда хавфсизлик, ахборот ишончлилиги каби омиллар жуда муҳим. Шу ўринда минглаб ёш ITчиларимизни нимадан огоҳлантирган бўлардингиз?

— Ҳозирги ахборот оламида энг катта муаммо фойдаланувчиларнинг маълумотлари хавфсизлигидир. Таассуф билан айтиш мумкинки, бугунги кунда ҳар қандай интернет, смартфон ва компьютер фойдаланувчиси тўлиқ ахборот ахборот хавфсизлигига эга эмас.

Биз ишлатадиган интернет ва ижтимоий тармоқлар, смартфон ва компьютерлар, турли электрон гаджетлар тармоқдаги ҳар бир ҳаракатимизни ёзиб олади ва сиз ҳақингизда маълумот тўплайди. Бу ҳақда электрон хизмат ва маҳсулотларнинг кўпинча биз ўқиб ҳам ўтирмай, “Розиман” тугмасини босиб юборадиган узундан узоқ фойдаланиш шартларида ёзиб қўйилган. Бундан ташқари тармоқда изғиб юрган минглаб ноқонуний бот ва яширин вирус дастурлар бўлиб, улар асосан рекламалар ва алдамчи ҳаволалар орқали қурилмангизга кириб олиб, сиз ҳақингиздаги маълумотларни учинчи томонга узатади.

Бундай маълумотлар асосан маркетинг тадқиқотлари ва реклама учун ишлатилади. Катта компаниялар норасмий тарзда бундай маълумотларни сотиб олади ва сиздан реклама қуроли сифатида фойдаланади. Ҳеч эътибор берганмисиз? Интернет қидирувдан бирон телефон маркаси ҳақида қидирсангиз, бир ҳафтагача қайси сайтга кирсангиз ўша телефон рекламаси чиқиб келади.

Мутахассислар интернетдаги аксар машҳур саҳифаларни “шишириб” турадиган қуроллардан бири ботлар деб айтишади. ITчилар томонидан яратилган бундай ботлар трафикни сунъий оширади, “лайк”лар босиб чиқади, “коммент”лар ёзади ва яна бошқа хос вазифаларни бажаради. Ҳар соҳада бўлганидек ITда ҳам ҳалоллик мезони биринчи ўринда бўлса, дастурчининг ишида барака бўлади.

 

— Барча нарса инсонга хизмат қилиши керак! Умумманфаати ҳам инсонни қайғуриши керак. Дунёмиз шундай гуманистик тамойилга қурилган. Бунга қай даражада эришяпмиз, бу бошқа гурунг. Лекин янги даврнинг фарзандлари учун қадриятлар ҳам ўзгариб бораётганга ўхшайди. Бунга сабаблардан бири албатта, замонавий ахборот оқими, унинг турлари, шакллари…

Саволим: Биз шу матоҳлар асирига айланиб қолмадикми, аслида улар бизга хизмат қилиши керак эди-ку..?

— Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Тармоқда эзгу қадриятларимизни тарғиб этиш, ёшларни интернет китобхонлигига, илм-маърифатга жалб этиш, онлайн танлов, викториналар уюштириш, ижтимоий тармоқлар имкониятидан самарали фойдаланиш, олим, ёзувчи, шоир ҳамда жамоат арбобларининг сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ривожлантириш, оммабоп сайтларда мазмундор китоблар рекламасини кучайтириш орқали интернетда ўзбек тили, тарихи, адабиёти ва маънавиятини кенг тарғиб қилиш мумкин.

Ўзбекистон халқ шоири, халқаро тармоқнинг фаол фойдаланувчиси Хуршид Даврон айтмоқчи, “Интернет бамисоли дудама пичоқ: бировнинг қўлида у олма пўстини чиройли айлана қилиб арчади, бировнинг қўлида гўдак жонига қасд қилади”. Демак, бу “дудама пичоқ”дан фақат эзгу мақсадда фойдаланиш кўникмасини шакллантириш жуда муҳим.

 

— Ziyouz.uz портали асосан китоблар, китобхонлик тарғиботига хизмат қилади. Бу маънавий фидойилик учун сизга бир фойдаланувчи сифатида ташаккур дейман.

Сайтнинг китоб тарғиботи билан шуғуллангани яхши, лекин бирор ёзувчи йиллар давомида ёзган, нашр эттирган китобни ўқувчи дўконлардан изламай туриб, шундоққина Ziyouz.uz сайтидан топиб олиши, ўқиб юриши адолатданми? Муаллифнинг ҳақ-ҳуқуқлари сизнинг сайтингизда қандай ҳимояланган, таъминланган?

Сиз китобхон сифатида китобни қай шаклда ўқийсиз?

— Мен портал ишини бошлаган йиллар (2004 йил) интернетда ўзбекча сайтлар, манбалар бармоқ билан санарли эди. Бу вазиятда менинг асосий мақсадим тармоқда ўзбек тилидаги манбаларни кўпайтириш бўлган. Ўша пайтлари ҳали интернет нималигини яхши тушунмайдиган аксар зиёлилар орасида асар ва китобларнинг интернетга жойланишига қаршилик кайфияти ҳам бўлган. Бу борада кейинчалик фикрини ўзгартириб, порталга асарларини тақдим этган ижодкорлар кўп бўлган.

Порталга киритилаётган китобларни жойлашда муаллифлик ҳуқуқига амал қилишга ҳаракат қиляпман. Аксарият китоблар муаллифларнинг рухсати билан жойланади. Муаллифларнинг ўзлари ҳам китоблари Ziyouz.uz порталида чиқишидан манфаатдор бўляпти. Бунинг асосий сабабларидан бири сайтдаги маълумотлар Google қидирув тармоғидан қидирилса, асосан илк саҳифада чиқади.

Охирги йилларда юртимизда электрон китоб дўконлари ҳам ташкил этилди. Шу боис порталда янги чоп этилган китобларни эълон қилмаяпман. Токи ўқувчи китобни сотиб олиб ўқисин.

Ўзим маълумотларни тезкор топиш учун электрон китобларни, давомий мутолаа учун эса анъанавий китобни афзал кўраман.

 

— Давронбек, портални ташкил этганингизга ҳам қарийб 20 йил бўлиб қолибди. Бу қисқа муддат эмас. Бу йиллар ичида неча-неча сайтлар очилиб, ёпилиб ҳам кетди. Сайтни доимий фаолиятда ушлаб туриш ҳам осон бўлмаган бўлса керак. Шунча йилдан бери ўз ҳисобингиздан портални юритиб, ҳеч қандай моддий манфаатсиз фаолиятда давом этишдан нима наф? Илк бошда портални ташкил этишдан мақсадингиз нима бўлган?

— Инсон бу дунёга келдими, шу ҳаводан нафас олиб, шу тупроқдан неъматлар еб, шу халқнинг тарбиясини кўрдими, энди ўзи ҳам шу халққа нимадир хизмат қилиши керак, деб ўйлайман. Мен портални ташкил этаётганимда шу нарсани ният қилгандим.

Порталга жойланган илк битик ҳам унинг мақсадлари ҳақида бўлган экан: “Ziyouz порталини ташкил этишдан мақсад инсонларга ҳақиқий маънода зиё улашишдир. Зеро, зиё деб жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликка айтилади. Илм зиёдир, маърифат зиёдир, иймон зиёдир, сабр зиёдир. Бекорга халқимиз илм-маърифатли, иймон-эътиқодли инсонларни зиёли деб атамайди. Улар илм-маърифат орқали инсонларга зиё улашадилар ва икки дунё саодатига эришадилар. Жамиятни фақат маърифат зиёсигина залолатдан сақлаб қолади. Ҳақиқатни англаш, билиш ва уни тарқатиш билан инсон зиёга эришади. Қалбида зиё бўлган зотлар ҳеч нимадан қўрқишмайди. Уларнинг йўлларини зиё ёритади. Зиё уларни улуғликка етаклайди.

Илм-маърифатнинг орамиздан кўтарилиши даҳшат эмасми? Нега ёшлар орасида кучли тафаккур эгалари кам? Навоийлар, Улуғбеклар бизнинг ёшимизда эришган илм чўққиларининг 10 дан бирига биз ҳам етдикми? Нима учун 10 ёшгача Қуръони каримни ёдлаб мукаммал билиш, минг-минг мисра шеърни ёддан айтиш, маълум кашфиётларни ёш бўлатуриб амалга ошириш, жуда кўп тилларни мукаммал билиш ва унда бемалол ижод қилиш каби ҳолатлар оддий ҳодиса эмас? Нега уйимизда кутубхоналаримиз йўқ? Нега илм, китоб талаш эмас? Нима учун кутубхоналаримиз гавжум эмас, бозорларимиздек? Олган кийимимизни мақтаймизу, нега янги ўқиган китобимиздан, олган билимимиздан мақтамаймиз? Биз — ёшлар нега дангаса бўлиб қолдик? Турли хил компьютер ўйинлари, видео билан ҳамнафас ўсаётган кичик ёшлилардан кейин нимани кутиш мумкин? Нима учун илмга рағбат сўниб бормоқда? Бу каби минглаб саволлар зиё истаган кўнгилларни доимо безовта қилиши аниқ. Зеро, бизнинг мақсадимиз ҳам ёшларимизни илмга, зиёга чорлашдир”.

 

— Баъзида катта авлод зиёлилари орасида “Ёшлар китоб ўқимай қўйди” деган даъво юради. Анъанавий босма китобларни ўқиб улғайган авлод учун электрон гаджетларда мутолаа қилиш эриш туюлади. Ростдан ҳам шундайми? Ҳозирги техника авлоди бўлган ёшлар катта авлоддан кўра камроқ мутолаа қилмоқдами?

— “Ҳар авлод аввалгилардан ўзини ақллироқ ва кейингилардан донороқ деб хаёл қилади”, деган эди Жорж Оруэл. Кўпинча катта авлод вакилларидан “ёшлар китоб ўқимай қўйди” деган танбеҳни эшитамиз. Яқинда босма китобларни электрон китоблардан жудаям қизғанувчи бир зиёли акамиз шундай деб қолди: “Метрода, автобусда ёшлар телефонига термилиб, нуқул ўйин ўйнайди, деб ўйларканман. Кейин кузата бошладим. Телефонида китоб ўқиб кетадиган ёшлар ҳам кўп экан”.

Баъзи улуғ ёшли зиёлилар орасида интернет ва электрон китоблардан ҳайиқиш мавжуд. Мутолаанинг шакли ўзгаргани билан сифати ўзгаргани йўқ. Аксинча, кейинги йилларда информация миқдори кескин ортиб, мутолаага бўлган қизиқиш ҳам юксалаётганини статистика кўрсатмоқда.

Ёшлар ўқияпти! Электронми, босма китобми, муҳими – мутолаадан чекинмасак бўлгани!

Шодмонқул Салом суҳбатлашди.

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 3-сон

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *