Ёнаётган китоблар…

10.12.2010. Сафар ажойиб нарса. Йўлда ҳар хил ҳолатни кўрасан, турли кишилар билан суҳбатлашасан. Фарғоналик таксичи айтиб қолди:

“Биз томонларда қишда газ танқис бўлади. Баъзи бетавфиқлар газ йўлига мотор ўрнатиб, борини ҳам сўриб олишади. Масалан, агар қўшнингиз шундай моторчик ўрнатса, сизникида газ ёнмайди. Баъзида электр ўчиб қолганда газимиз ёна бошлайди. Бир куни шундай бўлди. Электр ўчиши билан газ ёнди. Уйимизга бироз иссиқ кирди. 3 ёшли ўғлим худди оловни кўрган ҳиндулардек газнинг ёнишини томоша қилиб ўтирган эди, бирдан электр ёниб, газимиз ҳам сўрилиб, кириб кета бошлади. Шунда ўғлим деяпти: – Жон, газжон, илтимос, кириб кетмагиин, аям ҳеч бўлмаса, менга тухум қовуриб берсииин. Жон, гаааз, газжоооон, кириб кетмаааа…”

* * *

15.12.2011. Марғилон-Тошкент «очеред» ҳақида гап кетди. 90-йиллар бошидаги нонга навбатда турган мурғак даврларимиз эсланди. Орқадаги йўловчи ака ҳинд киноларига кириш учун навбатда турган ёшлик даврларини эслади. Мен ҳам ўзимча мақтаниб, сўнгги марта энг узун – бир километрлик навбатни Берлиндаги «Пергамон» музейи олдида кўрганимни айтдим. Ҳайдовчи индамай кетди-да, бироздан сўнг: “Ҳозир мен сизга энг узун «очеред»ни кўрсатаман. Бизда энг катта навбат мана бу” дея у Оҳангаронда метан гази учун навбатда турган 5 километрлик машиналар карвонини кўрсатди…

* * *

23.11.2012. Фарғонадаги эски-туски бозорига китоб қидиргани тушгандим. Эски-тускилар ичида китоблар жуда кам, асосий сотиладиган маҳсулотлар қиш мавсуми билан боғлиқ товарлар эди. Бир жойда уйилган китобларни кўрдим. Икки-уч аёл эринмай қалин-қалин китобларни танлашяпти. Хурсанд бўлиб кетдим. Аста улардан сўрадим:
– Опа, бу китобларни ўқиб чиқасизларми?
– Қайдам, ёқишга ишлатамиз, тутантириқ қиламиз…

* * *

15.12.2017. Қишнинг қаҳратон кунларида иссиқ уйдан чиқиб, қиздирилган машинада ишга бориб, иссиққина кабинетда ўтириш; илиққина супермаркетдан харажат қилиб, бутиклардан кийиниш… — ҳаёт шу билан қизиқ эмас.

Газу электрдан холи совуқ уйга қўлбола печка ўрнатиб, қорда қолиб кетган ўтинни ёқа олмай тутатиш, исиниш учун қўлни қўлга ишқалаш; музли йўл оралаб велосипедда юриш; қаҳратонда 20-30 дақиқа автобус ёки маршрутка, Дамас кутсанг-у, бўш жой қолмай унга чиқа олмаслик; арзони қурсин дея мундоқроқ машинага чиқиб олиб, довонда айни қор савалаётган пайти ўчиб қолган машинани итариб юриш; олиб-сотарга қолиб кетмай деб сахарлаб деҳқон бозордан қўллар музлаб харажат қилиш; тирикчилик экан дея бор иссиқ кийимларни кийиб, шишиб бозорда савдо қилиш; бурунни торта-торта икки қават муздаккина кўрпага ўраниш… —

Бу ҳолатни кўрган одамгина неъматлар қадрига етишни ўрганади. Бу ҳолатни бошдан кечирган кишигина бировни “дангаса”, “ҳадеб нолийверадиган”, “ношукр” дея айблашдан олдин чуқур ўйга толади. Шу ҳолатда яшаб кўрган инсонгина барча айбни фуқарога тўнкашдан олдин унинг сабаблари ҳақида бош қотиради… Агар эски чориғини унутмаган бўлса…

“Кундаликларим”дан.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *