Якшанба куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Янгиобод шаҳарчаси яқинидаги Мозоржон чўққисига сафар қилдим. Чўққининг баландлиги (2428 метр) унчалик юқори бўлмаса-да, унга чиқиш анча машаққат талаб қилади. 1400 метр баландликкача машинада бориш мумкин. Тоғнинг энг баланд нуқтасигача 1000 метрдан кўпроқ юқорилашга тўғри келади.
Чўққи сари сўқмоқлар арчазор ўрмон бўйлаб ўтади. Тоққа қор ўрнаб, ўрмон эртакмонанд манзара касб этган. Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда Дукент метеостанцияси жойлашган. Чўққига шу станция ёнидан чиқилади. Бу ердан қор қалинлаша бошлади. Чўққида эса қор қалинлиги бир метрдан ошган. Ҳаво ҳарорати -8 даражани ташкил этди.
Чўққидаги триангуляторга давлатимиз байроғини ўрнатдим.
Мендан кўпинча қишки тоғ сафарларига қандай тайёргарлик кўрилади, деб сўрашади. Совуқ мавсумдаги саёҳатларда керак бўлган нарса-буюмлар ҳақида билиб олиш зарар қилмайди.
Кийинишда қуйидагиларга эътибор қаратинг: тоғда ҳарорат текисликдагидан анча совуқроқ бўлади. Шунинг учун иссиқроқ кийиниш тавсия этилади:
– оёқ ва устга қалин ичкийим кийинг. Термал ич кийим (термобельё) бўлса яна яхши. Бўлмаса, ўзимизнинг пахтадан тикилган ичкийимлар ҳам бўлади;
– иссиқ (лекин жуда қалин эмас), иложи бўлса сув ўтказмайдиган шим кийинг. Махсус спорт кийимлари бўлса, янада қулай бўлади;
– устингизга узун енгли мос кийим кийинг. Бу жемфер, свитер, толстовка, водолазка, футболка, кофта бўлиши мумкин. Кийимнинг юпқа-қалинлигига қараб, ташқаридаги ҳароратга кўра, устидан яна кийиш мумкин. Одатда тоғда юриб терлаганда, бу кийим ҳўл бўлиши мумкин. Шу боис қўшимча кийим олволишни унутманг. Орада алмаштириб олиш мумкин;
– бошга албатта қалпоқ кийинг. Бу шапка, телпак, қулоқли кепка ва ҳоказо бўлиши мумкин. Муҳими бошингиз иссиқ, қулоғингиз ёпиқ бўлсин;
– қўлқоп тақинг – совуқда қўлингизни музлашдан асранг. Қўлпоқ иссиқ бўлиши тавсия этилади. Қорга йиқилганда, текканда сув ўтмаслиги учун мос қўлқопни танланг;
– асосий иссиқ кийим сифатида курткани тавсия этаман. Тўн, пальто, плаш кабилар ноқулай бўлиши мумкин. Совуқ кунлар учун қалин тивитли курткалар (пуховой) асқатади. Жуда қалин куртка ҳам ноқулайлик туғдиради;
– оёққа қалин пайпоқ кийинг (сув ўтказмайдиган бўлса айни муддао).
– қишки оёқ кийимни 1 ўлчам каттасини олсангиз зарар қилмайди. Қалин пайпоқ билан юриш қулай бўлади. Сув ўтказмайдиган, таги қаттиқ ва ғадир-будур бўлган махсус треккинг пойабзаллари тавсия этилади. Ҳар эҳтимолга қарши яна бир пайпоқ ва пойабзални машинада қолдиринг – тоғдан тушгандан сўнг оёқ ҳўл бўлса, алмаштириб оласиз.
Қишда тоғда юришни қулайлаштирувчи воситалар:
– қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнак – тоғда қуёшга қарши ҳаракат қилганда албатта ҳимоя кўзойнаги тақиш тавсия қилинади. Қуёш нурлари оппоқ қорларга тушганда кўзга зарар етказувчи нурлар тарқалади;
– треккинг таёқлари – тоғда юришда, айниқса, тушишда таяниш учун ёрдамлашади. Айниқса, амортизаторли ва енгил металдан бўлган таёқлар анча қулайдир;
– оёқкамар (бахила, гамаш) – поябзалга қор ва ёмғир киришининг олдини оладиган, тиззагача ҳимоя қиладиган мослама. Уни поябзалга маҳкам боғлаш муҳимдир;
– мушуктирноқ (кошки) – пойабзалга тақиладиган темиртишли мослама қор, муз ва тошли йўлда юришда жуда асқатади;
– музёрар (ледоруб) – тоғ ёнбағирларида қор ва музли участкаларда ҳаракат қилаётганда ўзини ҳимоя қилиш воситаси.
Кийим ва керакли буюмларни ташиш учун қулай рюкзак ҳам керак. Ташийдиган нарсаларга мос сайёҳлар рюкзакини олишни тавсия этаман. Бир кунлик саёҳатлар учун 30-50 литрлик рюкзаклар мос келади. Рюкзакка ёмғирпўш, сув, қайноқ чой дамланган термос, егулик ва бошқа керакли нарсаларни солволиш мумкин.