Шахтёр чўққиси: булутлардан юқорида

Бу сафарга тайёргарлик бир ҳафта олдин бошланган эди. То охирги кунгача сафарнинг бўлиши савол остида эди. Ҳафта бўйи ёмғир ёғди, тоғларда эса қор йиғилди. Боражак манзилимиздаги об-ҳаво маълумоти ҳар кун ўзгариб турди. Ярим кун олдинги маълумот бизни бироз хурсанд қилди. Соат 11 ларга бориб ҳаво бироз очилиши башорат қилинган эди. Тоғда қор қатлами анча қалин. Йўлбошловчимиз агар ҳаво булутли ва туманли бўлса, зудлик билан орқага қайтишимиз ҳақида огоҳлантирди.

Соат 3 ларда Тошкентдан йўлга тушдик. Ангрендан ўтиб, Қамчиқ довонига киришингизда Чинор қишлоғи келади. Водийга борганлар яхши билади. Бу ерда машҳур Чинор пости бўлиб, авваллари паспорти бўлмаганларни ўтказмайдиган куйдирги жой эди. Чинор қишлоғидан юқорига йўлнинг аввалги қисми асфальт бўлиб, кейин тош-тупроқли йўл бошланади. Машинамиз “Eagle Rock” деб номланган ярим ташландиқ дам олиш маскани олдида тўхтади.

Баландлик денгиз сатҳидан 1700 метр. Йўлда бошланган ёмғир машинадан тушишимиз билан кучайди. Сафархалталарни тайёрлаб, ёмғирпўшларни кийиб пиёда йўлга тушдик. Қоронғи бўлгани учун чироқларни ёқиб олдик. Бир тепалик ошиб, сойдан ўтгач, дам олиш маскани панжаралари олдидан ўтган сўқмоқ бўйлаб юқорига кўтарила бошладик. Йўлимиз арчазор оралаб ўтди.

Бирдан булут келиб йўлимизни тўсиб қўйди. 10 метрдан уёғи кўринмайди. Ёмғир савалаяпти. Ҳаво ҳарорати тушмоқда. 1000 қадамча юрганимиздан кейин булут чекиниб, ҳаво очилди – ичимизга ёруғлик кирди. 2000 метр баландликдан сўнг ёмғир қорга айлана бошлади. Ҳаво этни жунжиктиради. Тоғнинг бел қисмида шамол турди.

2400 метр баландликда қор қатлами қалинлаша бошлади. Поябзалга қор киришининг олдини оладиган, тиззагача ҳимоя қиладиган оёқкамарларни тақиб олдик. Юқорида ҳаво очилиб, биринчи чўққимиз – Шахтёр кўринди. Унгача 700 метр баландликка чиқишимиз, 3 километр юришимиз керак. Қорли тоғда бунақа масофани босиб ўтиш осон бўлмайди.

Ҳаво очилиб, юқоридан атроф жуда тиниқ кўрина бошланди. Уч томони тоғ билан ўралган Оҳангарон водийси, Қурама тизмасининг чўққилари жойлашган Тожикистон тараф жуда гўзал, худди кафт устида тургандек. Манзарани Ангрен ИЭСдан чиқаётган ва охири кўринмайдиган заҳарли тутун бузади. Бу заҳар Тошкентгача ҳам етиб борса керагов.

Қорда юқорига кўтарилишнинг афзал тарафлари ҳам бор. Қорни босиб, ўзингизга мос текис йўлак ташкил қилсангиз бўларкан. Аввалги шериклар очган йўлда худди зинадан чиққандай кўтарилиш мумкин. Қўлдаги таёғимни қор қатламига суқиб кўрдим – айрим жойларда унинг қалинлиги 1 метргача етади. Йўлбошловчимиз қор қатлами юпқа, босса бўладиган жойлардан йўл очиб кетди.

2800 метр баландликда чўққининг бел қисмига чиқдик. Бу ерда шамол кучли бўлиб, қорларни учирмоқда. Тўғридаги оқбош тоғлардаги бир манзарани таърифлаш қийин, фото қурилмалари ҳам уни тиниқ тасвирга олиб беролмайди. Кўз билан кўрасиз-у, “Субҳаналлоҳ” дейсиз, холос. Қора булутлар орасида озроқ жойда қуёш нурлари оппоқ чўққига тушиб, шу даражада ёрқин акс бермоқдаки, худди ёқутдек товланади.

Шахтёр чўққисигача 300 метр юқорилаш ва 1,5 километр масофа қолди. Йўлбошловчимиз аввалига Шахтёр чўққисига чиққанимиздан сўнг Бобойтоғ чўққисини ҳам забт этамиз, деганди. Лекин ҳавонинг авзойига қараб, Шахтёрдан қайтишга қарор қилди. Булутлар орасида Бобойтоғ (3555 метр) кўринмаяпти ҳам. Шу ерда поябзалимга мушуктирноқни тақиб олдим. Пойабзалга тақиладиган бу темиртишли мослама қор, муз ва тошли йўлда юришда жуда асқатаркан.

Тоғнинг қирраси бўйлаб кетувчи бу йўл анча хавфли. Оёқ остимиздаги тошлар орасига қор тўлган. Қадам босишдан аввал таёқни суқиб, остида тош борлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Акс ҳолда тошлар орасидаги қор тўсиб қолган чуқурларга тушиб кетиш хавфи бор.

Жамоа билан ҳаракатланишнинг бир қанча ноқулай жиҳатлари бор. Бу ерда “ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун”. Айниқса, қишки саёҳатларда шерикларни ташлаб кетиб бўлмайди. Совуқда ҳаракатсиз қолиш ҳаёт учун хавфли. Ҳамроҳларимиздан иккитасининг мазаси қочиб, юролмай қолди. Буни тоғ касаллиги дейди. Инсон организми баланд тоғ иқлимига мослашолмай қолади. Йўлбошчимиз жамоани орқага қайтармоқчи бўлди. Қолиб кетган икки шерикни биз чўққига чиқиб келгунимизгача пастроқда ҳаракат қилиб туришига кўндирганимиздан сўнг тезкорлик билан юқорига чиқишни бошладик.

Мўлжалимиз 2 соатда чўққига чиқиб тушиш эди. Йўлбошловчимиз билан 2950 метр баландликка етганимизда у чўққининг уёғига чиқиш мумкин эмаслигини, булут қалинлашиб, атрофни кўриб бўлмай қолгани, қор қалинлиги 1 метрга яқинлашгани, қирра бўйлаб тошлар орасида бу ҳолда кўтарилиш хавфли эканини айтиб, орқага қайтишни талаб қилди. Ҳеч бўлмаса 3000 метргача кўтарилишга кўндирдик.

Чўққида қор дўлга айланди. Шериклар олдига қайтдик: бироз совқотишибди, лекин анча енгиллашибди. Гупиллаб ёғаётган қор остида пастга туша бошладик. Қиррадаги қийинчиликдан сўнг, ости тупроқли қор устидан юриш анча енгил кечди.

Пастга тушганимизда қуёш чиқиб, атрофни исита бошлади. Чўққи усти эса ёпиқ, ҳамон булутлар остида эди.

Тошкент – Ангрен – Чинор – Шахтёр
2022 йил 29 октябрь  

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *