Дунёда ҳеч бир инсон айни бир хил бўлмаганидек, тоғлар ҳам бир бирини такрорламайди. Ҳар бир тоғ ўзгача, ҳар бирининг ўз гўзаллиги бор. Айни тоғ чўққисига турли ракурслардан қарасангиз, кўз ўнгингизда уларнинг шакли шамойили ўзгариб бораверади. Пастдан қараганингизда пурвиқор кўринган чўққилар, юқорига чиққанингиз сари ўз чиройини очади. Баланд тоғ устидан қараганингизда эса сиз кўриб юрган дунё ҳақидаги тасаввурларингиз ғариблашиб қолади.
Рамазондан кейинги илк сафарни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Бурчмулла қишлоғидан бошладим. Боражак манзилим – Капиртош чўққиси денгиз сатҳидан 2508 метр баландликда жойлашган. Тармоқда Капиртошнинг расмлари кам. Борлари ҳам яхши таассурот бермайди. Оммавий маршрут эмас, камчилик саёҳатчилар борадиган жой. Чунки масофа узоқ, босиб ўтиладиган баландлик анча юқори.
Чўққига йўл Чотқол дарёси кўпригидан ўтиб, Бурчмулла қишлоғи марказига етмасдан ўнг тарафдан бошланади. Бу ерда баландлик 1015 метр. Сафарнинг аввалиданоқ юқорига кўтарилиш бошланади. 1555 метр баландликдаги Терскай довонигача 3,5 километр босилади, йўлнинг бир қисми ўрмон ичидан ўтади. Довонда бироз дам олгач йўлни давом эттирдик. Энди довондан бироз пастга тушамиз. Пастда шаршараларга бой Қуласа (Кулосья) дарёси ва дараси кўриниб туради. Йўлнинг бу қисми анча текис бўлгани учун маза қилиб юрса бўлади. Биз кўзлаган чўққи ҳам кўриниб турибди. Биз қараб турган томондан чўққига кўтарилиб бўлмайди – баланд ва тикка тошлар билан ўралган. Чўққини айланиб ўтиш керак.
Довондан 4 километрлардан кейин яна кўтарилиш бошланади. Маршрутнинг шу қисми жуда гўзал бўлиб, кўм кўк арчазорлар, Юқори Қуласа водийси, пишқириб оқаётган Қуласа дарёси, табиий тоғ булоқлари, ҳали қори эримаган осмонўпар тоғлар сизни қуршаб олади. Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда чўпонлар чодир тикишибди. Юқорида от сурувлари бор экан.
Чўпонлар қароргоҳи жойлашган довондан навбатдаги кўтарилишни бошлаймиз. Юқорига чиққан сари арчалар ўрнини паст ўсувчи буталар ва гиёҳлар эгаллай бошлади. Онда сонда қизил, сариқ, ҳатто қора лолаларни кўрдим. Кийикўтнинг нафис исини бошқа ёввойи гиёҳларнинг нохуш ҳиди бузади.
Ниҳоят Қуруқ довонига кўтарилдик. Шу ердан Қуруқсой дарёси ва дараси бошланади. Пастдан Кўксув дарёси кўриниб турибди. Чўққигача эса бир километр масофа ва 200 метр кўтарилиш қолди. 2400 метр баландликда чўпонларнинг отлари ўтлаб юрибди. Қулунлаш мавсуми бўлгани учунми, сурувнинг энг бақувват қора оти шартта олдинга чиқди да, биз тарафга яқинлашиб, ҳудудини ҳимоя қила бошлади.
Ниҳоят, 12,5 километр босиб келинган Капиртош чўққиси забт этилди. Чўққидаги панорамани тил билан таърифлаш мушкул. Атрофдаги Чотқол, Пском, Угом, Қоржонтов тизмаларининг баланд чўққилари Буюк Мусаввир томонидан гўзал тарзда тизиб қўйилган. Алҳамдулиллоҳ!
“Капиртош” сўзининг маъноси ҳақида манбалардан маълумот топа олмадим. Тоғдаги маҳаллий чўпонларнинг айтишича, Копир бобо деган киши ўша чўққига чиқиб вафот этган эмиш, шу боис Копиртош деб аталар экан. Менимча, бобонинг исми Кофур бўлгандир. Кофур – шифобахш, хушбўй дарахт. Бошқа чўпоннинг айтишича, бобонинг исми Кўпир бўлган.
Капиртош чўққиси гарчи 2500 метр бўлса да, босиб ўтилган баландлик ва масофа туфайли 3000 метрлик чўққилар тассуротини беради. Сафар давомида жами 25 км (48000 қадам) масофа юрибмиз. Босиб ўтилган баландлик эса 1740 метр бўлибди. Сафар давомида 4,5 литр сув ичибман.
“Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал, умрнинг ҳар дами ғанимат” деган эди раҳматли шоир Анвар Обиджон. Дарҳақиқат, баҳорнинг шундай ғанимат дамлари ўтиб бормоқда. Бунақа яшилликни бошқа пайт топиб бўлмайди. Имконингиз бўлса, сиз ҳам баҳра олинг.
Тошкент – Бурчмулла – Капиртош
30 апрель 2023 йил