Бу чўққи мени лол қолдирди. Бу тоғлар мени хуш қаршилади. Бу қора булутлар менга соя берди, дўлу жаласи билан саваламади, аксинча, майингина томчилари билан салқинлик берди. Арчазор ҳавоси ўпкамни тозалади. Баҳордан баҳра олдим, қишнинг қори билан кўришдим. Алҳамдулиллаҳ!
Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳам Чотқол тизмасининг гўзал тоғлари билан ўралган. Невич, Сўқоқ, Заркент, Кумушкон қишлоқлари тоғ сайёҳлари орасида жуда машҳурдир.
Чотқол тизмасининг Қизилнура (3267 метр), Учтош (2840 метр), Ҳавла (2752 метр) чўққиларига йўл Кумушкон қишлоғидан бошланади. Бу чўққилар жойлашган ҳудуд айни пайтда Ўзбекистон темир йўллари АЖга таркибидаги “Угам-Чотқол давлат биосфера резервати” унитар корхонасига қарашли бўлиб, махсус рухсатномасиз кириш тақиқланади.
Учтош чўққисига энг яқин сўқмоқ Кумушкондаги Ҳазрати Али Бува масжиди олдидан бошланади. Кўзланган манзилгача масофа 12 км, қайтиш билан жами 24 км масофа юрилади. Босиб ўтиладиган баландлик 1500 метрдан кўпроқ. Йўли узоқ ва босиб ўтиладиган баландлик юқорилиги учун нисбатан қийин маршрутлардан ҳисобланади. Кеча сафарни соат 7:00 да бошлаб 20:20 да тугатдик. Шундан ҳаракатланиш вақти 7 соату 20 дақиқа бўлди.
Йилнинг шу пайти учун бу маршрут жуда мос тушади. Атроф кўм-кўк, йўлнинг ярми арчазор ўрмон ичидан ўтади. Пастда баҳор бўлса, юқорида ҳали қор эримаган. Айрим жойларда 5 метр қалинликдаги қор уюмларини учратдик.
Учтош чўққисидаги триангуляторга бу сафар ҳам миллат байроғини ўрнатиб маза қилдим, тўғриси. Чўққида булутлар сояси, майин ёмғир ва дилгир шаббода, лочинлар қоровуллиги остида дўстлар билан қилинган тушлик ва қаҳвахўрлик мазаси ҳалиям яхши кайфият бағишлаяпти.
Имкон бўлса, сиз ҳам боринг. Энг зўр камералар ҳам кўз билан кўрганлик ҳиссини бера олмайди.