Нанай, Аксарсой шаршаралари

Ўзбекистонда иккита машҳур Нанай қишлоғи бор. Бири Наманганда, иккинчиси Тошкент вилоятида. Иккиси ҳам ўзининг табиат ёдгорликлари билан бир-биридан ўтаман дейди.

Бўстонлиқ туманидаги Нанай қишлоғида ҳам бир қанча (Нанай, Аксарсой, Қудуқ) гўзал шаршаралар мавжуд. Сўнгги йилларда бу манзиллар жуда гавжум бўлган.

Кеча болалар билан Нанай ва Аксарсой шаршараларига бордик. Пскем дарёси устидан ўтадиган кўприкдан 200 метрча юрилганда шаршаралар томон борадиган йўл устида бир қанча “совет жиплари”ни учратасиз. Улар 1 километр узоқликдаги Нанай шаршарасига 80000 (бир машина), 8 километр узоқликдаги Аксарсой шаршарасига 350000 сўмдан олиб бориб келишни таклиф қилмоқда.

Биз, албатта, пиёда боришга қарор қилдик. Маршрутнинг бошидан охиригача машина ва пиёдалар юриши учун сўқмоқ мавжуд. Топиб бориш осон. Охирги шаршарагача 550 метр баландлик босиб ўтилади. Кескин кўтарилишлар йўқ. Йўл дарё ёқалаб ўтгани учун атроф яшил, сувдан муаммо йўқ (юқори шаршарага яқин ичиш тавсия этилади, пастгача сувнинг сифати ёмонлашиб боради).

Биринчи шаршара атрофи дам олувчилар билан тўла. Шаршара остида эса суратга тушувчиларнинг кети узилмайди. Шаршара анча кенг бўлиб, инсон қўли билан ишлов берилгани билинади.

Бу гавжумликдан тезроқ қутулиш учун асосий шаршара томон йўналдик. 2 километрдан кейин навбатдаги дарадан каттароқ ирмоқ келиб, Аксарсойга қўшилар экан. Харитада навбатдаги шаршара шу ерда экани белгиланган эди. Ирмоқ тарафда кичикроқ шаршара бор. Лекин яқин бориш учун иккита сойни кечиб ўтиш керак экан. Узоқдан кўриб қўя қолдик.

100 метрлардан кейин Бурчмулла ўрмон хўжалиги ҳудудига кирилади. Бу ердаги постда экологик тўловни (катталарга 16500 сўм, кичикларга бепул) тўлаб, йўлда давом этдик. Бу ёғига ёнғоқзор, қайинзор, олчазорлар бўйлаб табиатнинг яшил сарполаридан баҳра олиб кетиш мумкин.

Орада автомобиллар юрадиган йўл сой ичидан ўтгани боис юқорироқдан пиёдалар сўқмоғидан юришга тўғри келди. Яна бир жойда икки катта ғўла ташланган ясама кўприкдан ўтдик.

Шаршарага яқин жойдаги тўпланган қорлик олдида 5 тача УАЗлар турарди. Демак, шаршарада 20 га яқин одам бор. Тўғриси, бу ерларга техника қўйилганидан мамнун бўлмадим. У ўз таъсирини ўтказган, албатта. Сув, тупроқ, ўсимликлар, ҳайвонот олами (йўлда машина босиб кетган илонни кўрдик) энди аввалгидек эмас. Айрим “сайёҳлар”нинг ўзларидан қолдирган сарқитларини гапирмай.

Аксарсой шаршараси денгиз сатҳидан 1540 метр баландда жойлашган. Баландлиги тахминан 15 метр чиқади. Ҳозир сув мўллиги туфайли шаршара янада очилган.

Йўл текис бўлгани учун қайтиш жуда тез бўлди. Чиқиб боришга 4 соат кетган бўлса, тушишга 2 соат кетди.

21.05.2023







Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *