Саёҳат гуруҳларидан бирида 3000 метрдан баланд тоғлар орасида чиқиш энг осон бўлган чўққи Манкент (3018 метр) деб ёзилган эди. Лекин мен учун бу сафар ундай бўлмади. Манкентдан анча баланд бўлган Ҳазрати Султон (4066 метр), Ҳисордаги Номсиз чўққи (4300 метр), Осмонталош (3680 метр), Тожикистондаги Бобоиоб (3600 метр), Чотқол тизмасидаги Арашон (3600 метр), Катта Чимён (3309 метр), Қизилнура (3267 метр), Реваш (3227 метр) ва бошқа чўққиларга чиққанимда ҳам бунчалик қийналмагандим, рости.
Ақлли соатимнинг қайд этишича, Манкент чўққисига чиқиб тушишда 26 км йўл босилди, дам олишлар билан жами 11,5 соат вақт сарфланди, 46000 қадам юрилди, жами 1950 метр баландлик босиб ўтилди, 4900 килокалория йўқотилди. Энди тасаввур қилишингиз учун бироз ноўхшов тушунтириш бераман. Ўзбекистондаги энг баланд бино Nest One 266,5 метр. Шу осмонўпар бинога пиёда зинада кўтарилишни тасаввур қилиб кўринг. Чўққига етиш учун эса, Nest Oneʼлардан 7,5 тасига чиқиб бориш керак. Энди у ердан тушиш ҳам бор. Хуллас, мени камида 1000 метр баландлик босиб ўтганлар яхши тушунади.
Пском тизмасида жойлашган Манкент чўққисига олиб борувчи йўлга Урунғоч кўлига етмасдан Жужурак қишлоғидан ўнгга юрилади. Пиёда юриш Пском дарёсидаги тахта кўприкдан бошланади. Бадаксой дарёсигача йўл нисбатан текис, ўтлоқ даладан ўтилади. Ҳозир ўтлар айни етилган пайти. Айрим жойларда бўйим баробар гиёҳлар орасидан ўтишга тўғри келди. Йилнинг бу мавсумида тоққа чиқишда эҳтиёт бўлиш керак. Айрим зарарли гиёҳлар шу пайтда очилиб, уруғланишга тайёрланади. Уларга баданнинг очиқ қисми тегса, танани зарарлаши, яралаши мумкин. Шунинг учун оёқ ва қўл ёпиқ бўлиши тавсия этилади.
Бадаксой дарёси ёқалаб юқорига юрилса, Бадак кўллари томон борилади. Манкет чўққисига эса чап соҳили бўйлаб кўтарилади. Дарёга яқин ҳудуд қуюқ дарахтзор бўлиб, унинг орасидан ўтган сўқмоқ жоннинг роҳати. Росмана кўтарилиш шу ердан бошланади. У ёғида адирма адир фақат тепага кетилади. 2000 метргача қуюқ гиёҳлар оралаб кўтарилади. 2500 метр баландликда ҳали эримаган қорликлар мавжуд. Сабрни ҳақиқий маънода синайдиган қисм охирги 500 метрлик кўтарилиш бўлди. Кўз билан қараганингизда ёки расмда унча баланд кўринмаган тоққа яқинлашиб, унга кўтарилишингиз билан йўл азоби бошланади.
Текис кўтарилиш мушкул, сўқмоқ ҳам йўқ, зигзаг усулида аста кўтарилиш фойдалироқ. Бу йил ҳисобидан илк 3000 метрлик марра ҳам забт этилди. Алҳамдулиллаҳ. Шунчалик қийналиб, иккиланиб-иккиланиб чиққанларингиз чўққига чиққанда унут бўлиб кетади. Сўнгги 500 метр баландликка чиқиш қанча қийин бўлса, тушиш жуда осон кечди. Ҳали қор эримаган кулуарга тушиб олдим ва ўтириб олиб, пастгача сирпаниб тушдим. Иссиқ кунда муздаккина тушиш бўлди. Шомга яқин атроф янада гўзаллашаркан. Тоғ ўсимликлари ўзининг бор сепини намойиш қилар экан.
28 май 2023 йил