Қашқасув шаршараси

Ташқарида 35-40°С. Шаршара ичкарисида 5-10°С. 50 метр юқоридан шиддат билан тушаётган сув ёммон савалайди. Маззаааа. Дедлайнлар, компьютердан мажбуран бош кўтаролмаслик, ғовлаб кетган бош (сизга ҳам танишдир-а) – иш стресслари бир зумда сувга оқади. Воажаб, сени савалаган ўткир томчилар харсангга урилиб парча-парча бўлади-да, осмонга кўтарилади. Шаршара бамисоли рақсга тушади…

Чотқол тизмаси бағрида, Қизилнура тоғларидаги қорлардан тўйинган Қашқасув шаршараси мени мана шундай қарши олди. Лекин унгача етиб боришнинг ширингина ташвишлари ҳам бўлди. Аввало Суренота тоғлари томони олиб борадиган инжиқ, асфальт кўрмаган йўллардан амаллаб ўтдик. Оқсоқота сойларидан кечиб ўтмаслик учун тоғ сўқмоғи бўйлаб кўтарилиб, Қашқасувнинг Оқсоқотага қуйилиш жойидан дарё бўйлаб йўлни давом эттирдик.

Йўлда икки метрлик илонни кўрдим. Суратга олмоқчи эдим, таёқларим орасидан тошга қочиб кириб кетди. Қашқасув шаршарасига етгунча сойни 15 мартача кечиб ўтишга тўғри келди. Шаршара сойнинг асосий ўзанида эмас, унга қуйилувчи ирмоқда жойлашган. Узоқдан отнинг қашқасидек кўриниб тургани учун шундай номланган бўлса керак.

Ирмоқ тарафга кўтарилиш асосан катта қиррали тошлар оралаб ўтади. Шаршара денгиз сатҳидан 1796 метр баландликда жойлашган. Бу жойлар Ўзбекистон темир йўллари АЖга таркибидаги “Угам-Чотқол давлат биосфера резервати” унитар корхонасига қарашли бўлиб, махсус рухсатномасиз кириш тақиқланади. Резерват шлагбаумидан шаршарагача масофа 13 километрни ташкил қилади.








Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *