Навбатдаги сафаримнинг энг катта топилмаси унинг номи бўлди: Обиқашқа. Яқингача чўққининг номи Охотничий ёки Аукашка дейилишини билардим-у, ўзбекча номини тополмай Овчилар чўққиси деб ишлатардим. Дарҳақиқат, Обиқашқа жуда чиройли ном экан. Гидроним сифатида “қашқа” сўзи тиниқ, зилол маъносини билдирар экан. Чўққидан бошланувчи сойлар ҳақиқатда тиниқ ва зилол.
Чорвоқ сув омборининг шимолий тарафидан Сижжак томонга юриб сув омбори тарафига қарасангиз, учта баланд чўққи кўринади. Улардан энг баланди, ўнгдагиси Катта Чимён (3309 метр), ўртадагиси Кичкина (2916 метр) ва ўнг тарафда худди пирамидани эслатувчи учбурчак чўққи Обиқашқадир.
Сайёҳ танишларим Обиқашқани қийинроқ сафарлар рўйхатига киритишган. 28 километр юриш, қарийб 2000 метр кўтарилиш бир кунга оғирлик қилиши, йўлнинг ярмида чодир тикиб, эртаси куни чўққига чиқишни тавсия қилишди. Мен эса бир кунлик сафарни маъқул кўрдим.
Эрталаб, соат 5 ларда Тошкентдан йўлга чиқдик. Чорвоқ сув омбори бўйида жойлашган Янгиқўрғон қишлоғидаги ўрмон хўжалиги назорат пунктида экологик йиғимни (киши бошига 16500 сўм) тўлаб, соат 7:00 да денгиз сатҳидан 1210 метр баландликдан пиёда тоғ сафарини бошладик.
Йўлнинг аввалида Гулкамсойни кечиб нариги қирғоққа ўтдик. 200 метрлардан кейин тоққа кўтарилиш бошланди. Сафарнинг бу қисми қуюқ бутазор оралаб фақат юқорилаш билан кечди. 2,5 км масофа босганимизда 600 метр кўтарилдик.
Иккинчи тепаликка чиққанимиздан кейин йўл энлаб, тоғ ёнбағирлаб кетди. Бу ёғига йўл нисбатан текис, кескин кўтарилишлар йўқ. Йўлнинг 4-километрида тоғ орасидан чиққан булоқни учратдик. Тошлар орасидан филтрланиб чиқаётган булоқ суви жуда тиниқ ва мазали.
Қарийб 7 километр юрилгандан сўнг денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган Музхона деган манзилга етиб келдик. Бу ерда тўпланган қорлик то август ойларигача эримагани учун шундай деб аталади. Қорлик остидан сой оқади. Бу ер кўпчилик сайёҳлар учун лагер вазифасини ўтайди. Бугун ҳам манзилда 2 та сайёҳлар гуруҳи 8 та чодир ўрнатишибди. Кечқурун шу ерда тунаб, истаганлар эрталаб чўққига чиқиб кетишибди.
Музхонада нафас ростлаб, сувларни захиралаб, йўлга тушдик. У ёғига яна 6,5 километрлик масофа юриш ва 900 метр юқорилаш керак. Йўлда яна тўрт марта қорликлар устидан ўтдик. Ҳозир йўлда сув мўл бўлиб, чўққигача 4-5 та жойда мавсумий булоқлар ва сой сувидан фойдаланиш мумкин.
Кичкина (2916 метр) ва Пар (2879) чўққилари этаклари бўйлаб чап томонга йўналиб, Обиқашқа томон кўтариламиз. Тош-шағалли сўқмоқ ўрнини гулзор, гиёҳли йўлак эгаллайди. Бу ерларга ҳали ёз нафаси етиб келмаган. Сочилувчан (Сыпучий) довонига кескин кўтарилишдан кейин йўл бироз енгиллашади.
Қўшни Туманли довонига етиб, Обиқашқага кўтарилиш учун 2945 метрли номсиз чўққини айланиб ўтишга тўғри келади. Бироз пастлаб, сўнг кескин кўтарилишга тўғри келади.
Сўнгги 500 метрлик масофа улкан тошлар орасидан ўтади. Чўққи баланд ва қиррали бўлгани учун пастдан триангулятор кўринмайди. Охирги 100 метрда хавфли қоялар устидан юрилади. Кенглиги атиги 1-2 метр келадиган қоя устидан юриш бироз ваҳимали.
Ниҳоят триангулятор кўринди. Алҳамдулиллаҳ, денгиз сатҳидан 3099 метр баландликдаги Обиқашқа чўққисини забт этиш ҳам насиб қилди. Ҳаво булутли-смогли бўлгани учун атрофдаги чўққилар ва Чорвоқ сув омбори тиниқ кўринмади.
Йигитлар келишгунча чўққида бироз қолиб кетдим. Дам олиш, фото ва видео сессиялардан сўнг тезроқ юқори босимли жойдан хавфсиз ҳудудга тушиб олиш ҳаракатини қилдик.
Бу ҳудудда йиртқичлардан қўнғир айиқ, бўри, силовсин, ўтхўрлардан тоғ эчкиси, тўнғиз кенг тарқалган. Йўл-йўлакай бўри изи ва айиқ ахлатини учратиб, йигитларга таништириб бордим. Одатда йиртқичлар, агар уларнинг ҳудудига дахл қилмасангиз ва зарар бермасангиз, сизга ҳужум қилмаслигини айтдим.
Булоқда таҳорат қилиб бўлгунимча икки шерик олдинга ўтиб кетиб, яқинроқ йўл излаб, трекдан чиқиб кетишибди. Қайт деган ишорани кўришмади. Улар юқорилаб, ноқулай жойга чиқиб қолишган, сўқмоққа тушиб олишга қулайроқ жой қидиришарди.
Сафардан олдин чўққига борадиган трек ёзилган харитани йигитларга ўрнаттирган эдим. Шу роса асқатди. Йўлдан чиқиб, жуда азоб тортгани билиниб турган шериклардан сўрасам, бири қорликдан ўтириб зўрға тушиб тавбасига таянганини айтди. Иккинчиси: “Тепада бир ғорни учратдим. Ғор атрофида сиз айтган айиқ ахлатлари жуда кўп эди. Бошимга оғриқ кирди” деди.
Шерикларни яна огоҳлантириб, бундай қилмасликларини тайинладим. Йўлнинг ярмидан кўпи босиб ўтилгандан кейин шом тушди. Буёғига биргалашиб кетишга қарор қилдик. Яхшиям фонар олвоган эдим. Атроф баланд тоғлар билан ўралгани учун ой ёруғи тушмади.
Чўққигача 13,5 километр масофани йўлда дам олишлар билан 8 соатда босиб ўтибмиз. Тушишга эса 7 соат кетди.
Сафар саргузаштсиз қизиқ бўлмайди. 3 та шеригимнинг 3000 метрдан баланд тоғларга илк сафари, шунингдек, тоғда биринчи марта тунда юриши экан. Роса маза қилдик дейишди. Бугунги саргузаштлар уларнинг хотирасида ҳали кўп сақланса керак.