Умримда бунақа алдамчи чўққини кўрмагандим. Муттасил баландликларни ошиб келасан. Олдингда муаззам бир чўққи кўринади. Бўлди, шунга чиқиб борсам мақсадга етаман, дейсан. Бор кучни йиғиб чўққига кўтариласан-да, тўғрингда яна бир баландроқ чўққи кўринади. Ҳа, адашибман, асл чўққи шу экан, дейсан. Унга ҳам кўтариласан. Қаршингда яна чўққи намоён бўлади. Ниҳоят, еттинчи чўққи боласи ортидан қор қоплаган довончадан ўтганда, узоқдан яна икки чўққидан кейин триангулятор кўринди. Бу – Бобойтоғ. Тоғларнинг бобоси, алдамчи тоғ, улуғ тоғ.
Чотқол тизмасининг энг баланд чўққиларидан бири бўлган Бобойтоғни забт этиш нияти анчадан бери бор эди. Ўтган йили қишда чўққига чиқишга ҳаракат қилган, қор қалинлиги ва туман сабаб охирига етолмаган эдим. Бу сафар унга ёндош чўққи Шахтёрга ҳам бир уринишда чиқишни режа қилдим.
Чўққига чиқиш Оҳангарон туманининг Чинор қишлоғидан бошланади. Қишлоққа Қамчиқ довонига киришдаги авваллари паспорт текшириб ўтказадиган постдан ўтиб, орқага қайрилиб, ўнг томонга кирилади. Ўтган йили қишда йўллари расво эди, бу йил ярмигача алфальт қилишибди.
Соат 6:30 да денгиз сатҳидан 1750 метр баландликдаги “Бутгут қоя” дам олиш маскани олдидан кўтарилишни бошладик. Жамоада олти кишимиз. Улардан уч киши учун 3000 метрдан баланд чўққиларга илк кўтарилиш. Бир иштирокчимиз эса хайкингда янги. Шу боис жамоанинг юришига қараб аста-секин чиқиб бордик.
Соат 11 ларда 2700 метр баландликдаги Сапаралди довонига етиб келдик. Довонда чўпонлар чодир қурган экан. Танишиб, чойлашдик. Сафарнинг биринчи чўққиси – Сапаралди 2760 метр баландла жойлашган. Чўққи номи ажойиб – худди катта сафар олдидан қўналғага ўхшайди.
Бу жойлар қадимги одамлар яшаган масканлар эканига қоя тошлари ва уларга йўнилган расмлар гувоҳлик беради. Сапаралди чўққиси ва унга ёндош қояларда петроглифларни кўрдик. Уларда эчкилар, қўтос ва ов тасвирланган. Сал юқорироқдаги сўқмоқ устидаги тошда ҳам мен тушунмаган белгилар мавжуд петроглифлар бор экан.
Қаршимизда Шахтёр чўққисининг баланд девори кўриниб турибди. Унга тўғридан бориб чиқиб бўлмайди. Аввал юқорига кўтарилиб, 200 метрлик чўққи девори остидан чап тараф билан айланиб ўтишга тўғри келади. Ҳали эриб улгурмаган қорларни айланиб, тоғнинг белига чиқиб олдик. Чўққи кўриниб турибди. Озгина нафас ростлаб чўққига кўтарилишни бошладик. Тоғнинг бу участкаси қиррали тошлардан таркиб топган.
Чўққининг усти ҳам қиррали тор йўлакда жойлашган. Баландликдан қўрқадиганларга тавсия этилмайди. Соат 14:00 да барча иштирокчилар 3190 метр баландликдаги чўққига чиқиб улгуришди. Гуруҳ аъзолари биз билан чўққини айланиб ўтиб, асосий сўқмоққа қўшилиб олишни танлашди. Қиррали тоғ бўйлаб юриш юракка адреналин берса-да жуда қийин машғулот. Тошлар салтанати оралаб пастлаб, яна асосий сўқмоққа кўтарилгунча 2 соат кетиб қолди.
Соат 16 лардан мен ва Шаҳром Бобойтоққа кўтарилишга, бошқалар куннинг ёруғ пайтида пастга тушишга қарор қилдик. Олдинда бизни 3 километрлик тоғ йўли ва яна 450 метрлик кўтарилиш кутарди. Телефонда сўқмоқ йўли бўлгани учун кўтарилиш нисбатан осон кечди. Шахтёрдаги каби қиррали жойлари йўқ экан деб хурсанд бўлгандим, бунда ҳам чиқди. Мендан аввалгилар қирра устидан юрган экан. Харитага қараб менам қирра устидан юрдим. Кейин пастроқда сўқмоқ борлиги пайқаб унга тушиб олдим.
Сайёҳ танишларим “Бобой билан ҳазиллашма, эзиб юборади” дейишганди. 6-7 та алдамчи чўққи болаларидан ўтиб шуни эсладим. Соат 17:45 да чўққига чиқиб бордим. Биринчи ишим триангуляторга Ватан байроғини ўрнатиш бўлди. Дам олиб, овқатланиб, асрни ўқиб бўлгач, 18:30 да тушишни бошладик. Тошли участкалардан ёруғда ўтиб олиш керак. Бир соатда шериклар билан айрилган жойга тушиб олдик. Тоғнинг белидан ўтган сўқмоқни узунлиги 100 метр, қалинлиги 2 метрлик қорлик эгаллаб олган. Уни айланиб ўтишга тўғри келди.
Чўпон қароргоҳига етганимизда шом тушиб бўлган эди. Қўлчироқларни ёқиб қоронғида юришни давом эттирдик. Ой тўлин бўлмаган учун йўл кўринмайди. Шу боис юриш секинлашади. Яхшиям харита бор. Машинага тушиб борганимизда соат 23:30 бўлганди.
Жуда баракали кун бўлди. Учта чўққини забт этдик. 17 км юрдик, жами 2150 метр баландликка кўтарилдик.
Тошкент – Ангрен – Чинор – Бобойтоғ
24 июнь 2023 йил