Арашан чўққиси

Ўзбекистон табиатининг ҳали беғубор, унча тегинилмаган уникал жойлари бор. Айниқса, у ерга яхши кўрганларинг билан борган киши ўзини қайсидир бошқа манзилга тушиб қолгандек ҳис қилади. Атроф шу қадар гўзал, дўстлар суҳбати шу қадар ёқимлики, тана ҳам, руҳ ҳам бирдек дам олади. Чўққидаги манзарани кўриб эса Яратганга беихтиёр ҳамд айтасан: бунчалик гўзал яратмишларинг бор! Етказганингга шукур!

Арашан кўллар ва чўққилар тизимига роппа-роса уч йил олдин боргандим. Ўшанда бу мўъжаз жойларга меҳрим тушган. Дўстларнинг таклифи билан бу йил ҳам сафар қилиш ва яна янги манзилларни ўзимиз учун кашф қилиш насиб этди.

Тошкентдан бомдод намозини ўқиб йўлга чиқдик. Камчиқ довонидаги Эртошсой қишлоғига бурилиш нуқтасига келганимизда ҳали 7 бўлмаган эди. Шерикларни кутиб, нонушта қилгач, Арашан кўлларига олиб борадиган ҳайдовчилар билан келишиб, сафарни бошладик. Йўлкирани битта Нива машинаси учун кунига 700000 сўмга гаплашдик.

8 кишилик гуруҳимиздан бу манзилга фақат мен борганман. Бошқалар учун бу жойлар жудаям қизиқ бўлди, шекилли, ҳатто 2,5 соатдан зиёдроқ давом этган тупроқли-тошли норавон йўллардан бир оғиз ҳам шикоят қилишмади. Бу йил ёзда ёғингарчилик кам бўлгани сабабли 56 километрлик йўлнинг ярмида қурғоқчилик ўз кучини кўрсатган, атрофдаги тоғлар сариқ рангга бўялган. Денгиз сатҳидан 2000 метрга кўтарилганимиздан сўнг эса баҳор бошланди – атроф кўм-кўк, тоғ сойлари тўлиб оқмоқда.

Соат 10:30 да денгиз сатҳидан 2770 метр баландликдаги Узункўл бўйига етиб келдик. Шу ерга чодирларни тикиб, чўққига чиқишга ҳозирликни бошладик. 11:30 да юришга тушдик.

Биз кўзлаган чўққи пастдан кўринмайди. Аста кўтариламиз. Сафардошларга чиқишда қийналмаслик учун зигзаг усулидан фойдаланишни таклиф этдим: тикка нишабликка чиқмасдан ўнг ва чап тарафга юриб кўтарилиш анча осонроқ кечади.

Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдан Арашан кўллар тизимининг 4 та кўли жуда ёрқин намоён бўлади: Узункўл тепасидаги Чуқуркўл, ўзи кичкина бўлса-да, жуда жозибадор Ойнакўл (ҳаво очиқлигида кўлда атрофнинг акси кўринади), кўриниши асов отни эслатувчи Тулпоркўл.

Шошилмасдан ҳаракатландик. Тўхтадик, дам олдик. Айниқса, устоз Маҳмуд Усмондан тингланган ажиб ҳикматлар, байтлар қалб ва танага ором берди. Ҳаво айни сайрбоп. Атрофимиз булутли бўлиб, қуёш нури тушмайди, майин шамол яна юришга ундайди.

3200 метр баландликда атрофимизга қора булут ёпирилиб, даҳшатли момогулдурак бошланди. Шу пайтда Маҳмуд Усмон Аллоҳга қандай дуо қилиш ҳақидаги шофеий олимларнинг гўзал байтларини ўқиб бераётган эди. Устознинг Аллоҳ бандаларини табиий офатлар билан синаши ва сабрга ундаши ҳақидаги мулоҳазалари айни муддао бўлди.

Ёмғир озгинагина ташлаган бўлди-да, бир зумда қора булутлар тарқалиб, ҳаво очилиб кетди. Денгиз сатҳидан 3400 метр баландликда қалинлиги 2 метрлик қорлик турибди. Қорлик устидан 10 метр юқорига чиқилса, умуман бошқа водий кўзга ташланади. Пастда Юқори Музкўл ва Кичик Музкўл ўзини кўз-кўз қилади. Одатда йилнинг бу пайтида бу кўллардаги муз ҳали эримас эди. Охирги ҳафталардаги иссиқ туфайли кўлда муз қолмабди. Лекин кўлнинг ғарбий тарафидаги тоғ этагида қорлар ҳали эримаган.

Шу ердан Арашан чўққиси яққол кўринади. Шу ерда анча дам олдик. Олдинда чўққигача 2 километрлик масофа мавжуд. Соат 16:00 ларда юқоридан музли кўллар томон тушишни бошладик. Кўлнинг суви тозалигидан атрофдаги қорли тоғлар, булутли осмоннинг акси жуда гўзал манзарани ҳосил қилади.

Икки кўл орасидан яна юқорига кўтариламиз. Нишаблик унчалик юқори бўлмаса-да, кечагина ёққан 20 сантиметрлик қор устидан юриш ҳам мароқли, ҳам бироз машаққатли бўлди. Чўққининг этагидан эса кескин кўтарилиш бошланди. Атрофда яна 3-4 та мавсумий кўллар кўринди.

Пастдагилар чўққида қандайдир жонзотлар юрибди деб огоҳлантиришган эди. Тоғ эчкилари галаси экан. Биз қийналиб, тирмашиб чиқаётган қиррали чўққиларда уларнинг эркин ҳаракатланишини қаранг.

Соат 18:15 да чўққида эдик. Осмон булутли, қуёш ботишига яқин бўлгани учун атроф шу қадар гўзал кўринардики, Аллоҳ кўришга муваффақ қилган ранглар оғушида фақат ҳамд айтардим. 18:40 ларда чўққидан тушишни бошладик. Пастлаш анча осон кечди. Музкўлда таҳорат олиб, асрни ўқиб олдик. Юқоридаги Музкўл довонига чиққанимизда шом бўлган эди.

Ҳаво булутли бўлгани учун атроф тез қоронғилашди. Чироқларни ёқиб, тушишда давом этдик. Бирдан чақмоқ чақиб, қор ва ёмғир аралаш бошланди. Ҳаво ҳарорати совий бошлади. Бироздан сўнг қор-ёмғир дўлга айланди. Зимистонда, бунақа об-ҳавода тоғдан тушиш осон эмас. Яхшиям чиқишда трекни ёзиб олгандим, тушишда шунга қараб йўналиш олдик. Аллоҳ йўлимизни очиб, чодиргача эсон-омон тушиб олдик.

Шерикларга битта ухлаб турсанглар ҳамма чарчоқ, машаққатлар чиқиб кетади, дегандим. Дарҳақиқат, бомдодга ҳамма тетик бўлиб уйғонди. Кечаси 0 даражадан паст бўлгани учун ташқарида қолган нарсаларимиз музлаган экан. Совуқда газ баллонимиз босими ҳам камайиб, сув қайнатиш муддати узайиб кетди. Амаллаб бир-икки марта чой-қаҳва қайнатиб олдик.

Турган жойимиз чор атрофи тоғлар билан ўралгани учун қуёш тушишини роса кутдик. Бир соатлар ўтиб, қуёш шу қадар қиздирдики, 6 соат олдинги ҳарорат билан фарқ 25 даражага чиқди. Энди бемалол кўлда чўмилса ҳам бўлади.

Алҳамдулиллаҳ, жуда баракали сафар бўлди. Чўққи, кўллар баҳона эди, холос. Замонавий дунёнинг матоҳлари ишламайдиган бу гўзал гўшаларда асосий вақтимиз дийдор ва гўзал суҳбатлар билан ўтди. Устоз Маҳмуд Усмондан йўл-йўлакай жуда дақиқ масалаларни эшитдик, Анвар Нарзуллоҳ ва Абдулаҳад ака ҳаётий тажрибалари билан бўлишди, Ойбек, Музаффар, Сардор, Яҳёбеклар билан суҳбат асносида кўп нарсани ўргандим. Бир-биримиздан маслаҳат олдик, ҳамкорлик режаларини қилдик. Икки кун давомида ҳақиқий оиладек, ака-укалардек кун кечирдик. Бу хотиралар, иншааллоҳ, ҳали кўп йиллар сақланажак!

Тошкент – Эртошсой – Узункўл – Арашан
9-10 июль, 2023 йил









Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *