Арслонбоб. Шаршаралар ва энг катта ёнғоқзор ўрмон

Арслонбоб – Қирғизистондаги Фарғона тизмаси этагида жойлашган жуда сўлим қишлоқ. У ўзининг гўзал шаршаралари, боғлари, дунёдаги энг катта ёнғоқзор ўрмонлари билан машҳур. Авваллари орада чегара бўлмас, бемалол автобуслар қатнар, халқларимиз жуда яқин эди. Шу боис айримлар Арслонбобни ҳалиям Ўзбекистонда деб ўйларкан.

Шанба куни бомдодни Марғилондаги “Хонақоҳ” масжидида ўқигач, “Ўрам” чойхонасида нонушта қилиб, Андижоннинг Маданияти сари йўлга чиқдик. Қиғизистоннинг Жалолобод вилояти билан чегарадаги Маданият (Андижон) пости соат 7:00 дан 20:00 гача пиёдаларга хизмат кўрсатади. 8:30 да чегара постига кирдик. Ўзбекистон тарафда унча навбат йўқ, тез ўтиб олдик. Қирғизистон томонда эса навбат кўплиги сабабли кўпроқ туриб қолдик. Шанба куни бўлгани учун келиб-кетувчилар кўпроқ. Чегарадан ўтишга 1,5 соат вақт кетди.

Чегаранинг у томони ҳам Маданият деб номланар экан. Ҳар ерда бўлганидек хушёр ҳайдовчилар “қаерга борасизлар?” дея қаршимиздан чиқишди. Бошида киши бошига 1000 сомдан (11,3 доллар) бошланган нархни навбати келган ҳайдовчи билан алоҳида келишиб, 500 сомга (5,66 доллар) туширдик. Долларнинг Қирғизистон сомига нисбатан курси ҳам бу тарафда бироз яхшироқ экан. Телефонга сим карта олиш ҳам жуда осон, ҳужжатсиз олинаверади. 160 сомга (1,81 доллар) 1 ҳафталик 10 ГБ интернети бор сим карта олдик.

Қўчқор-ота, Наукент, Бозорқўрғон шаҳарларидан ўтиб, Арслонбоб тарафга бурилдик. Ҳайдовчи Ақтилек жуда муомалали, мўмин йигит экан. Йўл-йўлакай атрофни таништириб кетди. Первоя мая қишлоғидан ўтган йўл уникал бўлиб, 1970-йилларда йўлнинг икки тарафига экилган ёнғоқлар ҳозир катта дарахтзорга айланган. 4 километрлик ёнғоқли йўлак соя-салқин, биронта дарахт кесилмаган.

Маданият постидан Арслонбоб марказигача 102 километрлик масофани йўлда тўхташлар билан 2 соатда босиб ўтдик. Марказий жомеъ масжидда пешинни ўқидик. Масжидда мадраса ҳам ташкил этилган. 10 дан ортиқ болакайлар Қуръон ўрганишмоқда. Дарвоқе, Арслонбобда 25 та масжид бор экан. Уларнинг аксари кичик масжидлар – кўплари Кувайт давлати томонидан қуриб берилган.

Арслонбоб қишлоғи Қирғизистон Республикаси, Жалолобод вилояти, Бозорқўрғон тумани, Арслонбоб айил аймоғига қарашли бўлиб, Фарғона тизмасининг Бобош ота тоғи этагида, денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда жойлашган. Аҳолиси 16000 киши, асосан ўзбеклар, шунингдек, қирғиз, рус, татар, чеченлар истиқомат қилади. Аҳоли асосан туризм соҳасида муҳнат қилади ва деҳқончилик билан шуғулланади.

Арслонбобда туризм мавсуми асосан июнь, июль, август ойларида давом этади. Асосий келувчилар Қирғизистон жанубидан, сўнгги йилларда Ўзбекистондан келувчилар ҳам кўпаймоқда экан. Қиш мавсумида асосан европаликлар тоғ-чанғи спорти учун Бобош ота тоғларини танлашади.

Арслонбоб номи 11 асрда яшаган тасаввуф олими Арслонбоб ота билан боғлиқ. Аҳмад Яссавийнинг биринчи маънавий устози бўлган сўфий Арслонбобга дафн қилинган деган ривоятлар мавжуд.

Биринчи манзилимиз Кичик Арслонбоб шаршараси бўлди. Марказдан шаршарагача ясама йўловчи ташувчи машиналар қатнайди. УАЗ, Нива, Лабо ва аллақандай хитойча машиналар кўпроқ йўловчи ташиш учун қайта жиҳозланган. Киши бошига 40 сомдан (0,45 доллар) тўлаб, шаршарага етиб олдик. Бу ерлар водийнинг Шоҳимардон, Водил қишлоқларини эслатади. Ҳар қадамда қурут, қуруқ мевалар, ширинлик, тақинчоқ, эсдаликлар сотиладиган расталар. Шаршара ҳудудига кириш 10 сом (0,11 доллар).

Шаршара яқинида кичик ғор ҳам мавжуд. Ичига шамлар ёқиб қўйишибди. Ёритиш учун бўлса керак, деб гумон қилдик. Шаршара остида 50 чоғлик одам бор. Ҳарсанг устига чиқиб озроқ салқинладим. Кичик Арслонбоб шаршараси баландлиги 35 метр бўлиб, юқоридан оқиб келувчи сойдан тушади.

Катта Арслонбоб шаршарасига борадиган эски УАЗни киши бошига 166 сомдан (1,89 доллар) гаплашдик. У ерга енгил машиналар бормайди. 8 километрлик йўлнинг ярми ғадир-будур тош йўлдан ўтади. Шаршаралар ҳудудига кириш 20 сом (0,23 доллар). Ҳудудда дам олиш зоналари, бепул ҳожатхона ташкил этилгани сабаб пулли экан.

Денгиз сатҳидан 1720 метр баландликдан юришни бошладик. Аввалига юқорига Катта Арслонбоб шаршарасининг бошланиш жойига чиқадиган бўлдик. 2070 метр баландликда шаршаранинг кўриш майдони жойлашган. Бир метр нариёқда 50 метрлик жар, шаршара ости эса тор дара. Катта Арслонбоб шаршараси баландлиги 80 метр, Бобош ота чўққисидаги қорлар эришидан ҳосил бўлган.

Юқоридаги шаршара сойидан пастга полиэтилен қувур тортишибди. Шу қувурдан келадиган сув эвазига пастда табиий фаввора қилишибди. Ҳеч қандай электр энергиясига ҳожат йўқ. Бошқа тарафдан тоғдан тушиб, шаршара остидаги канъонлар – дарага кирдик. Дара ўртасидан сой оққан. Сойга атрофдаги булоқларнинг ҳам суви қўшилади. Дарадан юқориласангиз, яна бир нечта кичик шаршараларни кўриш мумкин. Дара бўйлаб 500 метр юрилса, уч каскадли шаршаранинг давомига борилади. Ёғингарчилик пайтида бу дарага кирмаслик тавсия этилади – юқоридан тош юмалаши мумкин.

Шомга яқин қишлоққа қайтдик. Ҳайдовчи Нурбек турбаза яқинидаги шинам хонадонлардан тунашга жой топиб берди. Бу ерга фақат “ҳожиакалар”ни қўйишаркан (яхши маънода хулқи гўзал, диндор кишиларни ҳожиака дейишаркан). Хонадонда ичкилик ичиш, чекиш қатъиян тақиқланган. Яхши шароитдаги покиза хонадонда тунаш 6 кишига 800 сом бўлди (киши бошига 133 сом – 1,51 доллар).

Кечга турбазадаги чойхонада овқатландик. 1,5 кило девзира гуручда қилинган сергўшт ош, 4 та сомса, нон, чой, салат 950 сом (10,76 доллар) бўлди (киши бошига 1,79 доллар). Хуфтонни маҳалла кичкинагина масжидида ўқидик. 10 чоғли жамоат йиғилди.

Дунёдаги энг катта ёнғоқзор ўрмонига саёҳат

Арслонбобда кечқурун анча салқин бўларкан. Бомдоддан кейин ҳаво жуда тоза, кислород мўллиги туфайли намоздан сўнг яна уч соат мириқиб ухлабмиз. Анчадан бери бунақа маза қилиб ухламагандим.

Арслонбобнинг табиати жуда бой ва ранг-баранглиги учун яшиллик ҳали ҳам кетмаган. Қишлоқда табиий ёнғоқзор, пистазор, олмазор, бодомзор ва олчазорлар кўп. 1945 йилдан Арслонбоб ва унинг атрофидаги ерлар давлат қўриқхонаси ҳисобланади. Кўпгина хонадонларда қўй, қорамол, парранда, асалари боқилади.

Турбазада нонушта қилиб, ҳайдовчимиз Нурбек билан Арслонбоб ёнғоқзорларининг бошланишида ташкил этилган Панорама дам олиш ҳудудига бордик. Ўрмонга яқинлашарканмиз, дарахтлар сояси остида ҳарорат кескин ўзгарди. Ҳаво айни сайрбоп. Атрофда ўрмонда ўтлаб юрган отлар завқимизга завқ қўшади. Бу манзарага қария темир отнинг ойнасиз кузовидан термулиб кетиш – алоҳида экзотика.

Қуюқ ўрмон ичидаги дам олиш ҳудудига борганимизда 8 тача машина бор эди. Дам олувчилар учун арғимчоқлар ўрнатилган, сўрилар, овқат қилиш учун жойлар, кўчма дўконлар мавжуд. Энг қизиғи, ҳатто шу жойда ҳам “Анжан марожний” сотиляпти. Сал юқорироққа чиқилса, адирнинг бошига етилади. Шу ердан бутун Арслонбоб панорамаси кафтдек намоён бўлади. Тўғримизда мағрур Бобош ота чўққиси, қишлоқда уйлардан кўра дарахтлар кўпроқ кўзга ташланади. Чап тарафдаги адирда эса қуюқ ёнғоқзорлар – бирон бўш жой кўринмайди.

Ўртадаги арғимчоқда қирғиз эжелар лапарлар айтиб ҳайинчак учишмоқда. Арғимчоқ қарийб 15 метр юқорига, бобо ёнғоқнинг шохига кўрнатилган. Сал нарироқда 20 метрлик арғимчоқ бўлиб, машина аккумулятори орқали юқорига чиқарилиб, қўйиб юборишаркан – яхшигина адреналин. Нархи 50 сўм (0,57 доллар). Биз сал тепароқдаги бепул ҳайинчакда учдик. Анчадан бери бунақа завқни тотмагандим. Кейин ўрмонни айландик.

Арслонбоб водийсидаги ёнғоқзорлар асосан Арслонбоб ва Қизил Ункур қишлоқлари ҳудудида жойлашган. Ўрмонда баландлиги 30 метрдан ошадиган ёнғоқларни ҳам кўрдик. Жами майдони 600000 гектардан ошадиган ушбу ўрмон дунёдаги энг катта ёнғоқзор дея эътироф этилган.

Ривоятларга кўра, Александр Македонский ўз юришларида Арслонбобга келиб, ёнғоқзорларга мафтун бўлган ва уни Македонияга олиб бориб кўпайтирган. Шу сабаб ёнғоқнинг номи “грек ёнғоғи” деб атала бошланган. Ботаникларнинг аниқлашича, айрим дарахтларнинг ёши 1000 йилдан ошади. Арслонбоб ёнғоқзорларида мўйнали ҳайвонлар, жумладан, Шимолий Америка еноти иқлимлаштирилган.

Ўрмондаги дарахтлар давлат ҳимоясига олинган. Уларни кесиш қатъиян тақиқланади. Дарҳақиқат, сафар давомида биронта кесилган дарахтни кўрмадик. Ёнғоқзорлар маҳаллий аҳолига бўлиб берилган. Ҳосилнинг маълум қисми давлатга топширилади, маълум қисми аҳолининг ўзида қолади. Айрим дарахтлар 200-300 килограммгача ёнғоқ беради. Ҳайдовчимиз Нурбекка 1 гектарлик боғ теккан экан. “5 килосини давлатга топшираман, қолгани ўзимники, ўтган йили ҳосил кам бўлди – 10 қоп ёнғоқ олдим, холос. Айримларга 10 гектар теккан, улар давлатга кўпроқ топширади”, дейди у.

Халқимизда ёнғоқ тагида ётма, хушингдан айриласан, ёнғоқ ксилород ютиб, карбонат ангидрид чиқаради, деган ёлғон маълумот юради. Аслида эса ундай эмас. 3 соатдан кўпроқ ёнғоқ ўрмонида кезиб ҳеч бир нохушлик сезмадик. Аксинча, тоза ҳаводан нафас олиб, тетик юрдик.

Бобош ота чўққиси (4427 метр), 3000 метр баландликда жойлашган Кўлмозор кўлини кейинги сафарлар учун захира қилишга режа қилиб, Ватан сари йўл олдик.

Икки кунлик саёҳат учун жами харажатларга (йўлкира, овқатланиш, тунаш) 340 000 сўм (28,13 доллар) кетди.

Тошкент – Марғилон – Маданият – Арслонбоб
2023 йил, 19-20 август






Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *