Алишер Саъдуллаев ва Ҳусан Мақсудов жамоаси ажойиб ишга қўл уришибди. 7 китобдан иборат, мусулмон Уйғониш даврининг етти нафар буюк намоёндаси ҳақида “Уйғониш” деб номланган тўпламни нашр этишибди.
Бугун тўпламни қўлга оларканман, илк маълумот мўъжаз китобчаларнинг муаллифлари ҳақида бўлди. Илм ҳақида тўпламни унинг ўз эгаларига топширишганидан қувондим. Тарих фанлари доктори, профессор Ашраф Аҳмедов “Мусо ал-Хоразмий”, “Аҳмад ал-Фарғоний”, тарих фанлари номзоди, доцент Масъудхон Исмоилов “Муҳаммад ал-Бухорий”, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Абдуллатиф Аллоқулов “Абу Мансур ал-Мотуридий”, фалсафа фанлари номзоди Абдулқодир Зоҳирий “Абу Али ибн Сино”, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Аброр Хидиров “Абу Райҳон Беруний”, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова “Абу Наср Форобий” тўпламига муаллифлик қилганлар.
Китоблар мазмуни ҳақида, иншааллоҳ, мутолаадан сўнг фикр билдирарман.
“Уйғониш” тўплами “Anorbooks” нашриёти томонидан 20000 нусхада чоп этилибди. Улар Республикамиздаги барча мактабларга, шунингдек, олий ўқув юртлари, давлат ва жамоат ташкилотларига юбориларкан.
2010 йили “Тафаккур” нашриётида ишлаганимда Абдулҳамид Мухторов билан Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Аҳмад Фарғоний, Имом Доримий ҳақида маълумотларни жамлаган “Мутафаккирлар” тўпламини нашр этгандик. Лекин у пайтлар тўпламни жамоатчиликка бугунгидек самарали тарғиб қила олмагандик.
22-йил аввал университетда “Камолот”га аъзо бўлишга намойишкорона қарши бўлган эдим. Қилаётган турли тадбирлари ҳечам ёқмасди. Матбуотда ҳам бир-икки марта танқид қилганимдан сўнг ташкилот шотирлари ҳам менга қарши бўпқолишган эди.
Раҳбар ёшларнинг ўзидан бўлгани барибир яхши-да. Сўнгги йилларда Ёшлар ишлари агентлигининг “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали хорижий тилларни бепул ўрганаётганига ўзим гувоҳ бўлдим. Жамиятдаги айрим шахсларнинг ХХ аср бошидаги жадидларга яширин “хусумати” бўлса-да, агентликнинг “Жадидлар” тўпламини чиқариб, омма эътиборига тақдим этгани ҳам эътирофга лойиқ.
Алишер Саъдуллаевнинг айтишича, яқинда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда “Мутолаахона” деб номланган катта адабий-маърифий портал режалаштириляпти экан. Шунингдек, юртимизнинг буюк саркардалари (Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур ва б.) ва тарихда ўтган буюк аёлларимиз ҳақида “Уйғониш” каби тўплам чоп этишмоқчи экан.
“Anorbooks” нашриёти муассиси Ҳусан Мақсуднинг айтишича, “Уйғониш”нинг давоми ўлароқ темурийлар давридаги шарқ мусулмон олимлари ҳақида “Юксалиш” (Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий ва б.), ХХ аср бошидаги илм-фан намоёндалари ҳақида “Тикланиш” (Қори Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Мўминов ва б.) тўпламларини нашр қилишмоқчи экан.
Ёшлардан умидим катта. Уларнинг аксари катта мақсадларни кўзлаяпти. Ана шу мақсад сари йўлда катталар халақит қилмаса бўлди.