2008 йил. Ёмғирли куз кунларининг бири. Хўжа Аҳрор валий масжиди кираверишидаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини сотадиган дўкончадан “Ҳадис ва ҳаёт” тўпламининг қутига жойланган жамланмасини сотиб олиб, ўзимда йўқ хурсандман. Ўшанда бу менинг барча жамғармам эвазига келган эди. Пул жуда оз қолган, боз устига ўша куни бир қанча ишларни ҳал қилишим керак эди. 30 тача китобдан иборат қутини кўчада кўтариб юриш оғирлик қилмасди-ю, иложи борича ёмғирдан асраш учун уст кийимимни тўшаб юриш бироз машаққат эди.
У пайтлар оддий банкларга кириш учун ҳам паспорт талаб қилинар, юкларингиз жиддий текшириларди. Ўша куни китобларни кўтарганча қаттиқ қўриқланадиган, киришда милиция ва хавфсизлик ходимлари юкларни бирма-бир текширадиган метро ва аэропорт кассасига кириб чиқдим. Биронта ходим бу нима деб сўрамади.
Ваҳоланки, сумкангиздан диний китоб чиқиб қолса, анча-мунча сўроқ-савол қиладиган вақтлар эди. Кечгача китобларни кўтариб юрдим. Уйга борганимда қути намланганини кўрдим. Хайрият, ичидаги жавоҳирларга сув ўтмаган экан. Ўша кун мен учун энг бахтли кунлардан бири эди.
Бир пайтлар китоблар ортидан қувиб, етолмай юрардим. Бугун, алҳамдулиллаҳ, айрим китоблар ўзи излаб келяпти. Қанийди, аввалги вақт, шижоат бўлса, ҳаммасини ўқиб, тақриз ёзиб берсам. Шу кунларда 3 та жамоадан китоб ҳадяларини олдим. Айримларини ҳали тўлиқ ўқиб чиқиб бўлмаган бўлсам-да, маълумот бергим келди.
* * *
Яна бир чекиниш. 2017 йили Истанбулга туркий халқлар ёшларининг тадбирига таклиф қилишди. Биринчи куниёқ танишув маросими кемада – бўғоз турида ўтказилди. Кема Истанбулнинг гўзал гўшалари бўйлаб сузиб борар, ўртада танишув, ўйин кулги. Мен эса кема қирғоғидан шаҳарнинг муаззам бинолари – ҳар ердан кўриниб турувчи минорали масжидларига боқиб кетяпман. Бирдан шом намози учун азон айтила бошланди. Кемада мусиқа ўчирилди. Қалбни титратувчи азон саслари бир-бирига уланиб кетар, мен эса ҳайкалдек тик қотиб нажотга чақирувни тинглардим. Ичимдан отилиб йиғи келди. Ҳўнграб юбормаслик учун ўзимни зўрға тутдим. Кўзда ёш билан Сулаймония, Аясофия, Султон Аҳмад жомелари томон боқардим. Бу соғинч ёшлари эди. Юртимда бўғиб қўйилган азоннинг соғинчи эди.
“Азон.уз” лойиҳаларини ҳам ана шундай соғинч билан қарши олгандим. “Азон китоблари”нинг тугатилганидан ранжиган бўлсам-да, азон илдизларидан униб чиққан макон “Илдиз китоблари” ўлароқ фаолиятини давом эттираётганидан хурсанд бўлдим. Илоҳим, илдизи бақувват бўлсин. Нашриёт сифатида “Азон китоблари”нинг сўнгги, “Илдиз китоблари”нинг илк китоби ўлароқ “Салоҳиддин – саҳро бургути” китоби танланганидан ҳам рамзий маъно қидирдим. Зеро, миллат узра азон сасларининг бардавом бўлиши, Абдулла Қодирий айтган “Мозористонда ҳайя алал фалаҳ хитобини ким ҳам эшитарди” каби ҳолатга тушиб қолмаслигимиз учун Салоҳиддин, Жалолиддин, Сайфиддин, Темур каби саркардалар ҳақида ҳақиқий китобларга эҳтиёжимиз бор.
* * *
Санжар Назар ва “Академнашр” нашриёти ўзбек маърифатпарварлигида феномен. Бошқа таърифга ҳожат йўқ. Жамоанинг яхши китобларни саралаб, танлаб мутолаа қилишга кўмаклашувчи, шунингдек, ўзбек китобхонлари онлайн ҳамжамиятини ташкил этишни мақсад қилган “Yoki” (www.yoki.uz) лойиҳаси ҳам китоб соҳасидаги энг яхши янгиликлардан бири бўлди.
Бу платформада китобларга оид тақриз, иқтибослар базаси; севимли асарлар муҳокамаси; турли мавзудаги сара китоблар рўйхати; асарларга оид қизиқарли саволлар, тестлар; китоблар дунёси, дунё китоблари ҳақида қайноқ янгиликлар; илм-фан, адабий клублар ўрин олади.
“Yoki”чилар ҳадя сифатида Чўлпоннинг икки жилдлигини юборибдилар. Ҳозирги жамиятимиз учун ҳам “Кеча ва кундуз”нинг биринчи қисмига Чўлпоннинг ўзи танлаган иқтибос мос келади: “Маърифат (билим) чоғиштириб кўриш билан ҳосил бўлади, бизнинг ёшлар эса ўз кўрганларини ҳеч нима билан чоғиштиролмайдилар; улар кечмишни билмайдилар ва шу учун ҳозирги замоннинг нималигини етарли даражада очиқ англолмайдилар” (Максим Горкий).
* * *
Аъзамхон Абдураҳмонов ва Ёрқин Саидалиев “Tarbiyaga oid hadislar” тўпламини иккинчи марта нашр этишибди. Тўпламда Имом ал-Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад”, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий”, Имом Нававийнинг “Риёзус солиҳин”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Одоблар хазинаси” китобидан тарбия ва ахлоққа оид ҳадислар саралаб олинган. Оилада болалар учун ёдлашга фойдали тўплам бўлган.