“Ватан – қалбимда, юрагимда!”

Бугун миллий байроғимиз куни. Уни қанчалар яхши кўришимни кўпчилик билади. Аммо, бугун Она Ватан туғи ҳақида эмас, Фаластин байроғи ҳақидаги ажиб хотираларимни бўлишмоқчиман.

2011 йилнинг ёзида Германияга сафар қилдим. Ўшанда ҳам Исроил Фаластинга қарши ҳужум қилиб, Ғазза ва Ғарбий соҳилни бомбалаётган эди. Берлиннинг айрим жойларида Исроил режимига қарши норозилик ҳам бўлган, айрим уйларда норозилик рамзи сифатида Фаластин байроғи илиб қўйилган эди. Улардан бирини суратга олган эканман.

Турли миллат, халқ, мазҳабларни бир жойга йиққан мўжазгина масжидда жума намозини ўқидим. Ярим немисча, ярим арабча қилинган хутбадан Фаластин учун дуо қилинганини англадим. Масжиддан чиқиб, Ливан емакхонасига кирдим. Намоздан чиққанлар кафени тўлдирган, бўш жой йўқ. Қарасам, бир ажнабий йигит олдида жой бор. Ўтиришга рухсат сўрадим.

Аста танишишни бошладик. Берлинга келганману, ўзимча миллатпарварман. “Қайга борсам бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб”. Дўппи зўр нарса, дарров кўзга ташланади, гапни бошлаш учун ҳам зўр сабаб. Ажнабий дўппини кўрди-да, бош бармоғини юқори кўтариб, “Cool!” (Зўр!) деди. “Қаернинг қалпоғи бу?” деб сўради. “Ўзбекистонники!” дедим. Юртим ҳақида билмаса керак, деб ўйлагандим. “Ие, бухориймисан?” деди. Бўйнига кичкина хоч тақиб олган, замонавий кийинган бу жингалаксоч ажнабийнинг саволидан, ҳайратландим, тўғриси.

Ажнабий фаластинлик насронийлардан экан. Исми Аҳмад. Берлинда ахборот технологиялари бўйича таҳсил оларкан. Суҳбат қизиб кетди. Бугунги воқелик эсланди. Исроил зулми ва фаластинликларнинг ватанпарварлиги ҳақида сўз кетди. “Биз мусулмонлар билан бир маҳаллада турамиз, катта акам мусулмон – Ақсога боради. Биз ҳам Аллоҳ деймиз, машааллоҳ, иншааллоҳ деймиз. Ёшликдан Исроилга нафрат билан катта бўлганмиз. Бусиз иложи йўқ. Кунда-кунора, қариндошларингдан бирини Исроил аскарлари ўлдиради, ҳибс этади, олиб кетади, исталган пайт уйингга бостириб киради. Зулм, зулм, зулм. Биз тарафдан нафрат, куч, қасос туғёни. Ҳар бир Фаластин боласи шунақа кайфиятда катта бўлади. Биз ҳеч нарсадан қўрқмаймиз. На бомба, на ўлим, на йўқлик. Бу халқни мағлуб этиб бўлмайди” деди Аҳмад.

Бу ҳақда яна узоқ гапирди. “Бу ерда илм олиб, юртимга қайтаман ва унинг равнақи учун курашаман” деди у. Ҳозиргача ўшанда ёшлик қилиб, Аҳмадга берган саволимдан хижолат бўламан. “Аҳмад, хафа бўлмагин-у, уст-бошингга, юзингга қараб сенда Ватан севгисини кўрмаяпман” деб юборибман. Аҳмад бирданига қизариб кетди-да, кўйлагининг икки тугмасини йиртиб, кўкрагига мушт билан қаттиқ урди-да, ярим арабча, ярим инглизча қилиб, “Кўряпсанми, мана, Ватан – Фаластин қалбимда, юрагимда!” деди.

Унинг кўкрагига тарихий Фаластин харитаси фонидаги Фаластин байроғи татуировка қилинган эди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *