Улар беш дўст эдилар. Бири дурадгор, бири қурувчи-уста, яна бири савдо ходими…
Бешинчиларининг иши юрмай қолди. Сингилни чиқариш керак. Маблағ сув ва ҳаводек зарур…
Уйдагиларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай Бешинчи узоқ Россияга кетди…
Дарди бор эди. Касаллик уни енгиб қўйди. 2 ойга ҳам қолмай гепатит хасталигига тутилди…
Бешинчи дўстларига қўнғироқ қилди: «Ота-онам олдида хижолатдаман, не қилайин» деди…
Дўстлар уни Ватанга қайтишга кўндиришди. Йўлкира учун пул жўнатишди…
Бешинчи на қўлида пули, на уйга совға-салом билан келди. Олиб келгани фақат касаллик бўлди…
Дўстлари уни кутиб олиб, олдинги маслаҳат бўйича Бешинчини бошқа шаҳардаги касалхонага элтишди…
Бешинчи ўша ерда олти ой даволанди. Ҳамма харажатни дўстлари кўтаришди…
Уйдагилари уни ҳамон Россияда деб билишар, ўртоқлари юбориб турган долларларни ҳам олишарди…
Бешинчининг сафари қариди. Тўртовлон «Россия» деб ёзилган катта сумкани совғалар-ла тўлдиришди…
Уни дабдаба билан хонадони томон элтишди. Ҳамма мамнун бўлди…
Агар Бешинчи шундай дўстлари борлиги учун улар ҳақига дуо сўрамаганида мен ҳам уларнинг олижаноблигини билмасдим…
Лекин Тўртовлоннинг кимлигини, қандай бахтиёр чеҳралар эгаси эканликларини ҳамон билолмадим…
26.12.2007