Ёшлигимда қариялар билан кўп муомала қилганим учунми, жуда кўп эзгу одатларни хотирлайман. Уларнинг баъзиларини ҳозир ҳам кўриб қоламан, баъзиларини эса армон билан эслайман. Замонавий дунёда технологияларнинг ривожланиб кетиши одамларни дангаса қилиб қўйяпти, деган фикрга қўшиламан. Бунинг оқибатида эса, баъзи эзгу одатларимиз ҳам хотираларда қолиб кетмоқда. Ўзим туғилиб ўсган Марғилон шаҳри мисолида ўтган асрнинг 90-йилларида кўрганларимдан эсимга тушганларини зикр этсам:
- “Вақти сахар”
Рамазон ойида сахарлик пайти маҳаллаларда овози баланд кишилар “Вақти сахар” дея сахарликка уйғотишарди. Одатда бундан мунодийлар велосипед миниб олиб, маҳалланинг у бошидан бу бошига қадар баланд овозда “Вақти сахар. Уйғонинглар” деб чақишарди. Бу одат ҳозирда Марғилоннинг баъзи маҳаллаларида сақланиб қолган. - “Фалончи акамникига тўйгаа!”
Тўй маросимларида ҳам худди шу мунодийлар бомдод намози ўқилмасидан илгари “Ҳей фалончи, Фалончи акамникига тўйга!” деб ҳар битта хонадонга узоқдан овоз бериб чақиришади. Бу одат ҳам ҳозирда эски маҳаллаларимизда сақланиб қолган. - Вентилятор-одам
Ёз кунларида масжид хоналарида кишилар катта елпиғич олиб, хона ўртасида туриб, намозхонларни елпиб туришарди. Шу одатни анчадан бери кўрмадим. Ваҳоланки, ўша пайтларда ҳам вентиляторлар бўларди (лекин қиммат эди), лекин савобталаб мусулмонлар бу хусусда ҳам илғор эдилар. - Ҳаракатланувчи сувдон
Яна ёзнинг иссиқ кунларида масжид хоналари бўйлаб, пақирда муздай сув олиб, кружкаларда тарқатиларди. Бу одатни 2010 йили таровиҳ хатмида ҳам учратиб хурсанд бўлгандим. - “Оби худойи”
Ёз кунларида бозор ва масжид кўчаларига кичик бакларда муздай сув олиб чиқиб қўйиб, ичига зам-зам сув аралаштириб қўйишарди. Биронта кўринадиган жойга эса “Оби худойи” деб ёзиб қўйишарди. Йўловчилар эса ёзувни кўриши билан ўша сувдан келиб, чанқоғи қонгунича бемалол ичиши мумкин эди. Одатда сув эгаси кўринмасди. Лекин баклар бўшаб қолганда, яна тўлдириб қўйиларди. - “Айрони худойи”
Жомеъ масжидларида жума куни жумъадан чиққанларга бепул айрон тарқатиларди. Эсимда, Марғилон деҳқон бозори рўпарасидаги Таронбозори масжиди ёнидаги газсувхонада ҳар жума бепул газсув тарқатиларди. - Гўрковликка йигитлар
Маҳаллада кимдир вафот этса 4-5 та йигитлар қабристонга боришарди-да, қабр қазиш ишида қатнашишарди. Ҳозир ҳам бу одат сақланиб қолган. - “Худо раҳмати”
Жаноза намози ўқилиб, маййитни қабристонга олиб келиб кўмиш маросими тугагандан сўнг бир киши ўлган инсон ҳақида “Фалончи ака қанақа инсон эдилар?” деб сўрайди. Жамоат эса “Худо раҳмати!” деб гувоҳлик берарди. Мусулмонларнинг бир биродарлари ҳақида унинг сафари олдидан эзгу гувоҳликлари яхши одатдир. Бу одат ҳам эски маҳаллаларда сақланиб қолган. - Азадор кишиларга зиёфат
Азадор хонадони қайғу зўридан овқат қилишга ҳам ҳоли бўлмайди. Шундай кунларда қўшнилар азадорнинг хонадонига навбат билан овқат пишириб беришади. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам шуни тавсия этганлар. Бу одат сақланиб қолган. - Хашар бор юрт яшар
Халқимизнинг эзгу одатларидан бири хашардир. Бунда маҳалла аъзоларининг бир-бирига меҳри ортади. Хашарнинг яна бир эзгу одати қўшнисиникида хашар бўлса, ён қўшнилари унинг овқатини қилиб беришади. Бири овқат қилиб берса, бири мева олиб чиқади, бири муздай шарбатлар қилиб чиқади. Хулласи, хашар қилаётган одамнинг ўша кунги ҳаражатлари қўшнилар томонидан қопланади. Бу одат сақланиб қолган. - Иффат ва олижаноблик
Бунисига шахсан гувоҳи бўлмаганман. Лекин гувоҳ бўлган қариялар билан кўп суҳбат қилганман. Биз кўрмаган замонларда уйларда водопровод бўлмаган, ҳамма ҳовуздан сув ичадиган пайт экан. Шунда аёллар сувга чиқишдан ҳаё қилишаркан-да, дарвозаларининг тагига пақирларини қўйиб қўйишаркан. Йўлда кетаётган эркаклар эса пақирни кўришлари билан ҳовузга бориб сув олиб келиб, яна дарвоза тагига қўйиб кетишаркан.
Хонадон дарвозаси тақиллатилса, агар уйда эркак киши бўлмаса, аёллар овозларини чиқармасдан икки махсус тахтасни бир-бирига уриб қўйишаркан. Буни эшитган киши уйда эркаклар йўқ экан, дея индамай кетавераркан. - Аллоҳнинг меҳмони
Бир синфдошимнинг фамилияси Ҳожихонов. Бобоси пиёда ҳажга бориб келган эканлар. 6 ой боришга, яна 6 ой келишга вақт кетган экан. Шунинг учун ҳам у кишини Ҳожихон дейишаркан. Шу муборак зот уйда кечқурун ҳеч қачон меҳмонсиз овқатланмас эканлар. Иброҳим алайҳиссаломнинг одатларидан бу кишида ҳам бор экан. Шомдан кейин йўлга чиқарканлар-да, бозор, масжид атрофидаги мусофирларни олиб, уйга келарканлар-да, меҳмон билан биргаликда овқатланарканлар. Эртаси куни эса манзилга кузатиб қўярканлар. Бир келган таниш дея, доим хонадонларидан меҳмон аримас экан…
Ҳозирча эсимга тушганлари шулар.
Сиз ҳам эслаб кўринг. Қандай эзгу одатларни соғиндингиз?
12. Allohning mehmoni
Bir sinfdoshimning familiyasi Hojixonov. Bonosi piyoda hajga borib kelgan ekanlar. 6 oy borishga, yana 6 oy kelishga vaqt ketgan ekan. Shuning uchun ismlarini Hojixon deyisharkan. Shu muborak zot uyda kechqurun hech qachon mehmonsiz ovqatlanmas ekanlar. Ibrohim alayhissalomning odatlaridan bu kishida ham bor ekan. Shomdan keyin yo’lga chiqarkanlar-da, bozor, masjid atrofidagi musofirlarni olib, to’g’ri uyga kelarkanlar-da, mehmon bilan birgalikda ovqatlanarkanlar, ertasi kuni esa manzilga kuzatib qo’yarkanlar. Bir kelgan tanish deya, doim xonadonlaridan mehmon arimas ekan… Allohim, shundayin insonlarni jannatingda mehmon ayla!
Facebookda Masud Mahsudov yozadi:
Mehmon siylash
Yoshligimda, esimda bor, uyimizga uzoq shaharlardan 2-3 kunga qoladigan bo’lib mehmon kelsa, dadamning yaqin do’stlari o’sha mehmonlarni o’z uylariga mehmonga chaqirishar edi.