– Taqdimot –
МУҲИМ ДАЛИЛЛАР
Куни кеча халқаро болалар фонди — ЮНИСЕФ ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида «Ҳаёт учун далиллар» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Бренда Виго хоним очиб, 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами билан ҳаммани табриклади. БМТнинг доимий координатори вазифасини бажарувчи Эрик Де Мул ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисаси Светлана Имомова кириш сўзларидан сўнг дастурнинг иккинчи қисми бошланди ҳамда «Ҳаёт учун далиллар» китоби борасида фикрлар алмашилди.
Жаҳон бўйлаб, 15 миллиондан ортиқ нусхада тарқатилган бу китоб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ўзбек тилига таржима қилинди ва нашр этилди. Шунингдек, ушбу китоб жаҳоннинг 200 та давлатида 213 тилда чоп этилган.
«Ҳаёт учун далиллар» рисоласи ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, Жаҳон озиқ-овқат дастури, ЮНФПА, БМТнинг ОИТСга қарши кураш дастури қўшма лойиҳаси кўмагида чоп этилди.
Ҳар бир одам айниқса ота-оналар, мураббийлар, ёшлар, шифокорлар ва ўқитувчилар учун ушбу маълумотлар ўта қимматлидир. Болалар ҳаёт ва саломатлигини муҳофаза қилишнинг амалий, самарали ва арзон усулларига оид муҳим маълумотлар ушбу китобда тушунарли ва қулай тарзда ўз ифодасини топган.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,
«Ma’rifat» мухбири
«Ma’rifat» газетаси, 02.06.2004
[singlepic id=35 w=500 h=500 float=center]